Каземирони зинҳор айбламанг...

Каземирони зинҳор айбламанг...

Бразилиялик Каземиронинг чўққидаги «Реал»дан воз кечиб, роса қийналаётган «МЮ» билан шартнома тузгани кўпчиликни ажаблантирди, албатта.

Лекин бу трансферга муносабат билдиришда танганинг иккинчи томони борлигини ҳам унутмаслик керак. Асосий факт: Каземиро «Мадрид» сафида қаторасига 3 марта ЧЛ кубогини боши узра баланд кўтарди, аммо 2020 йилгача ҳаттоки, учинчи рақамли дарвозабондан ҳам камроқ маош билан чекланди. Мана, «МЮ» бу ҳолатни тўғрилади. Қисқаси, бразилияликни пул ортидан қувишда айблаш ўринсиз...

Август ойининг энг шовқинли трансфери тафсилотларига қайтамиз. The Athletic нашри хабарига қараганда, Каземиро «Юнайтед»да дарвозабон Давид де Хеа билан деярли тенг миқдорда маош олади (испаниялик футболчининг ҳафталик иш ҳақи - 375 минг фунт). Шунинг баробарида Каземиро даромадининг даражаси кўп жиҳатдан бонусларга боғлиқ. Масалан, «МЮ» мавсум якунида ЧЛ йўлланмасини қўлга киритса, бразилияликнинг маоши нисбатан ошади. Бордию, жамоа бош евротурнирдан яна четда қолса, унда ярим ҳимоячининг камроқ маош билан кифояланишига тўғри келади. Айни ҳолатда тахмин қилинишича, Каземиро иш ҳақи миқдори бўйича «Юнайтед»да 3-ўрин эгасидир. Маош рейтинги манбаи - инсайдерлар ва клублар ичидаги одамлар, молиявий ҳисоботлардан маълумот тўплайдиган норасмий, аммо анча обрўли агрегатор саналган Capology портали (ҳа, бу гуруҳда ўз манбалари бор). Тўғри, ҳамиша клубнинг ҳар қандай янги футболчиси маошига доир ноаниқликлар бўлади. Дейлик, Каземирога тегишли сайтда унинг ҳафтасига 300 минг фунт стерлинг олиши қайд этилган - бу Жейдон Санчо ва Рафаэль Варанникидан камроқ. 

The Athletic маълумотларига асослансак, АПЛда Кевин де Брюйне ҳам бразилияликникидан каттароқ маошга эга. Табиийки, трансфердан кейин экспертлар ёппасига Каземирога «ҳужум» қилишди: «Хаста» клуб пулдан ташқари, яна нимаси билан жалб этиши мумкин?» Каземиро эса бундай фикрларга оддийгина жавоб берди: «Ҳа, ЧЛ финали ва ғалабалардан кейин кетишга қарор қилганим ғалати туюлиши мумкин. Лекин фаолиятимдаги бир давр якунланаётганини ҳис қилдим. Энди менга янги чорлов керак». Яқин ўтмишга қарасак, Каземиронинг пулга унча аҳамият қаратмаслиги ойдинлашади. Дейлик, у 2019 йилгача ҳафтасига 40 минг фунт эвазига ўйнаган, ваҳоланки, ЧЛда қаторасига 3 марта ғалаба нашидасини сурган жамоа марказий зонасида шаклланган даҳшатли учбурчакнинг ажралмас қисмига айланган эди. Шу ўринда ажиб фактларга эътибор қаратинг: 

* Мавсум-2018|2019да «Реал»да учинчи дарвозабон саналган Кико Касилья (бирор марта майдонга тушмаган) ва захирада ўтирган Мариано Диас ҳам Каземиродан кўпроқ маош олишган.

* Бразилиялик футболчи мавсум-2019|2020 арафасида (аниқ сана йўқ, чунки клуб ошкор қилмади) янги шартнома остига имзо чекди. Унда Каземиронинг маоши бирданига 4 баравар оширилди. Аммо у йиллик 9 «лимон» иш ҳақини умуман кўрмади. Гап шундаки, «Реал» раҳбарияти коронавирус туфайли футболчилар маошини 10-20 фоиз қисқартирди. Каземиро эса бунга умуман парво қилгани йўқ. Боз устига, у 2021 йилнинг ёзида маош миқдори қисқартирилган янги шартномага рози бўлди. Кечиктирилган эмас, айнан қисқартирилган маошга. Шубҳасиз, Каземиро Манчестерга кўчиб ўтиб, моддий томондан ютди, лекин унинг пул туфайли «Реал»дан воз кечганини айтиш қийин, барибир.

Муносабат

Каземиро «Реал»дан нега кетди? Ягона сабаб - пул. Унга шундай дейишган: «Мана, ҳафтасига 300 минг фунт, ёшинг 30да, 3-4 йилик шартнома ҳам сенга...». Бен Фостер (Каземиронинг «МЮ»га ўтганига изоҳ). 

- «Реал»дан пул туфайли кетдим? Мени яхши билмайдиганлар шундай ўйлашлари мумкин. Агар пулни 1-ўринга қўйганимда 4-5 йил олдин жамодонимни йиғиштирардим. Каземиро (танқидий фикр­ларга жавоб).

А.АБДУВАЛИХЎЖАЕВ тайёрлади