Минимал кўринишдаги натижа терманинг собиқ ҳужумчиси, ҳозирда Камерун футбол ассоциацияси президенти сифатида фаолият юритаётган Самюэль Это‘Ога ёқмади. У ўйиндан кейин кийиниш хонасига кириб, қаҳрини сочди.
«Жуда норозиман, қайси жамоага қарши ўйнаётганингиз аҳамиятсиз, сизлар Камерун шарафини ҳимоя қиляпсиз! Хафаман. Бир вақтлари термамиздаги муаммолар сабаб жаҳон чемпионатини ўтказиб юборганман. Менинг президентлик давримда бундай муаммо қайтарилмайди. Бу жамоада фақат муносиблар тўп суради, таркибдан ҳеч кимга жой кафолатланмайди. Сиз ўз ишингизни қилишингиз керак, вазифасини бажара олмаганлар кетади. Мен ҳам бир неча йиллар аввал сизнинг ўрнингизда бўлганман. Кўпчилигингиз «У аҳмоқ» деб ўйлаётган бўлиши мумкин. Аммо мен энг зўри бўлганман дея оламан. Сизлар яхши ҳолатда бўлишингиз учун боримни, керак бўлса, ҳаётимни беришга ҳам тайёрман. Бу ерда ўтириб, сизлар учун астойдил курашаётганимдан бехабарсизлар. Жамоа ихтиёрига келишимиз Камерун учун, йигитлар. Мен учун Камерундан яхшироқ нарса йўқ. Ўз мамлакатим учун жонимни бераман».
Сўнгра Это~О футболчиларга жаҳон чемпионати пайти миллий жамоа таркибида жой кафолатланмаганини эслатиб ўтди: «Ушбу саёҳатда қатнашишни истасангиз, ишлашингиз керак. Бундан кўпроғини хоҳлайман, чунки жаҳон чемпионатида ғолиб чиқишни орзу қиламан. Футболчи сифатида мен йўлиққан муаммолар энди такрорланмайди. Мен омадсизликка учрадим, чунки кийиниш хонамиздаги муҳит яхши эмасди. Ваҳоланки, сафимизда ажойиб футболчилар бўлишган. Барчамиз бахтиёрлик ҳиссини сезсак, муваффақиятга эришамиз».
Эслатиб ўтамиз, ЖЧ-2022 «G» гуруҳида Камерунга Бразилия, Швейцария ва Сербия рақиб бўлади.
Айтганча… Самюэль Это~Онинг шахсий ҳаётидаги муаммолари ҳам етарлича. 2008-2009 йилларда унга нисбатан солиқ тўлашдан бўйин товлаш бўйича айблов қўйилган, бу борада тергов олиб борилганди. Якунда Это~О ва унинг солиқ ишлари бўйича шуғулланган Хосе Мария Месальеснинг 4 йилдан 6 йилгача озодликдан маҳрум этилиши айтилаётганди. Лекин собиқ футболчи 22 ойлик шартли қамоқ жазоси билан қутулиб қолди. Шунингдек, айбдор 1,8 миллион евро жарима ҳам тўлайди.
А.АБДУВАЛИХЎЖАЕВ тайёрлади