Кечаги энг муҳим трансферлар:

Кечаги энг муҳим трансферлар:

Кеча – 5 июль куни жаҳон ёзги трансфер бозорида бир қатор муҳим харидлар амалга ошди...

- «Манчестер Юнайтед» «Челси» футболчиси Мэйсон Маунтни расман ўз сафига қўшиб олди. Бу ҳақда клуб расмий сайти хабар берди. «Қизил иблислар» футболчи учун бонуслар билан қўшиб ҳисоблаганда 60 миллион фунт стерлинг тўлайди. Шартнома 2028 йилнинг июнь ойига қадар амал қилади. Шунингдек, томонлар келишувни яна бир йилга узайтириш ҳуқуқига ҳам эга. Айни вақтга келиб, унинг янги жамоасидаги рақами ҳам маълум бўлди. Мэйсон келаси мавсум «қизил иблислар» сафида 7-рақам остида тўп тепади. Ундан олдин бу рақамга тирик афсона Криштиану Роналду эгалик қилганди.

- Аргентиналик футболчи Анхель ди Мария эркин агент сифатида «Бенфика» жамоасига ўтди. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар берди. Келишувга кўра, Ди Мария 2024 йилнинг ёзигача мўлжалланган шартнома имзолади. 35 ёшли футболчи 2007 йилдан 2010 йилгача «бургутлар» сафида тўп сурган, кейин эса «Реал»га ўтган. Португал гранди сафида Ди Мария Португалия чемпиони бўлди ва икки марта Португалия лига кубогини қўлга киритди. У ўтган мавсумни Туриннинг «Ювентус» жамоасида ўтказди, шунингдек, ўз терма жамоаси таркибида Қатарда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида ғолиб чиқди.

- «Наполи» ҳимоячиси Ким Мин Чже «Бавария»га ўтишга яқин турибди, деб ёзди журналист Флориан Плaттенберг. Унинг хабарига кўра, футболчи бугун Мюнхен клуби сафида тиббий кўрикдан ўтади. «Бавария» ҳимоячи шартномасини «Наполи»дан сотиб олиш ва унинг учун 50 миллион евро тўлаш вариантини фаоллаштиради. Ким Мин Чже мюнхенликлар билан 2028 йилгача ҳисобланган шартнома имзолайди. «Бавария»даги футболчининг маоши йилига 12 миллион еврони ташкил қилади.

- «Арсенал» ҳимоячи Юррьен Тимбер билан шартнома имзолаш бўйича тўлиқ келишувга эришди. 22 ёшли нидерландиялик футболчининг трансфери учун «канонирлар» «Аякс»га 40 миллион евро тўлайди. Яна 5 миллион евро бонус сифатида шартномага киритилган ва уларга осонлик билан эришиш мумкинлиги айтилмоқда. Таъкидлаш жоизки, Тимбер ҳали тиббий кўрикдан ўтмаган. Аввалроқ, миш-мишлар Юррьен Тимберни Англия Премьер-лигасининг яна бир гиганти билан - «Манчестер Юнайтед» билан фаол равишда боғлаган эди. Футболчи ҳатто «қизил иблислар» «Манчестер Сити»га қарши ўйнаган мамлакат кубогининг сўнгги финалида ҳам кўзга ташланганди.

- Расман Чағлар Суюнжу «Атлетико» сафига қўшилди. У «матрасчилар» билан 2027 йилгача амал қиладиган шартномага қўл қўйди. Маълумот учун, 27 ёшли ҳимоячининг «Лестер» билан тузган битими ўз ниҳоясига етди. У шартномани янгиламади ва эркин агентга айланди. Союнчу 2018 йили «Фрайбург»дан 21 миллион еврога сотиб олинганди.

- «Барселона» раҳбарияти «Фенербахче»нинг 18 ёшли ярим ҳимоячиси Арда Гюлерни трансфер қилишга яқин турганди. Бироқ, Арда сўнгги паллада каталонияликларнинг ашаддий рақиби «Реал»га ўтишни маъқул топди. Манбаларнинг таъкидлашича, мадридликлар истеъдодли футболчи учун «Фенарбахче»га 20 миллион евро тўлайди. Гюлернинг кейин трансферидан турклар яна 20 фоиз миқдорида улуш олади. Футболчи бугун шартнома имзолаш учун Мадридга учиб боради. Арда Гюлер «Генчларбирлиги» клуби академияси тарбияланувчиси ҳисобланади. 2019 йили «Фенарбахче» ёшлар жамоасига қабул қилинган. Асосий таркибга ўтганидан кейин 51та учрашувда тўққизта гол ва 12та ассист муаллифи бўлди.

- «Ливерпуль» собиқ футболчиси Роберто Фирмино фаолиятини Саудия Арабистони чемпионатида давом эттиради. «Ал-Аҳли» клуби 31 ёшли ҳужумчи трансферини расман эълон қилди. У янги жамоаси билан 2026 йилга қадар мўлжалланган шартномага имзо чекди. Маълумот учун, бразилиялик «Ал-Аҳли» таркибига эркин агент сифатида келиб қўшилди. У ўтган мавсум АПЛ доирасида 25та беллашувда майдонга тушиб, 11та гол ҳамда 4та ассист муаллифига айланди.

- Расман «Барселона» эркин агент сифатида Иниго Мартинесни ўз таркибига қўшиб олди. Бу ҳақда клубнинг расмий саҳифаси маълум қилди. «Барса» Иниго билан 2 йиллик шартнома имзолади. Унинг товон пули 400 миллион евро қилиб белгилаб қўйилди. Маълумот учун, Мартинес 5 йиллик фаолиятидан кейин «Атлетик» билан хайрлашди. Шунингдек, 32 ёшли футболчи «Реал Сосьедад» ҳам ўйнаган. Унга бошқа клублардан ҳам таклифлар бор эди, лекин ҳимоячи Хави қўл остида тўп тепишга қарор қилди.

Пўлатов Мухаммадхон

Involved in this affair, He trusts to you how the Dodo solemnly, rising to its feet, 'I move that.