Кейн ва «Бавария»: қойилмақом мувофиқлик

Кейн ва «Бавария»: қойилмақом мувофиқлик

«Тоттенхэм»да етарлича гол урган, аммо совринсизликдан эзилган Гарри Кейн «Бавария» ҳужумига «узукка кўз» каби мос тушди

 Ҳар ҳолда, англиялик тўпурар ақлга сиғмас статистикаси билан Бундеслига стар-тини шунчаки, «ёндирди». Эҳтимол, у жорий мавсум якунида совринсизлик балосидан ҳам қутилар...

«Боруссия» (Дортмунд)га аталган «хет-трик». Гарри Кейн «Боруссия» Д. билан биринчи ўйин (4:0)даёқ «хет-трик»ка эришиб, ўз даражасини кўрсатиб қўйди. «Бавария» ҳаётида бундан олдин бирор футболчи Бундеслигадаги асосий рақибга қарши илк учрашувни 3та гол билан безаган эмасди.

Даҳшатнамо суръат. Диққат қилинг, Кейн атиги 14та ўйинда голлар сони бўйича «Бавария»нинг ўтган мавсумдаги энг яхши тўпурари натижасини такрорлади. Оддий айтганда, Гарри бу оралиқда рақиблар дарвозасини 17 марта нишонга олди. Серж Гнабри бутун 2023|2024 йиллар мавсумида шунча гол билан клубнинг бош голеадори мақомини олганди. Унга 17та гол уриши учун 34та ўйин керак бўлган. Фарқ­ни қаранг...

Энг яхши голеадор натижаси бўйича. Гарри Кейн Бундеслиганинг дастлабки 11та турида 17та голдан хирмон ясади. Таққослаш учун айтсак, Германия чемпионати-2022|2023 бош тўпурари Кристофер Н~Кунку мавсум бўйи 16та гол тўплаганди. «РБ Лейп­циг»нинг собиқ ҳужумчиси бунинг учун 25та ўйинда майдонга тушган.

57 дақиқада 1та гол. Гарри Бундеслиганинг дастлабки 11та турида жами 962 дақиқа ҳаракатланиб, 17та гол ҳосил қилди. Демак, Англия миллий жамоаси етакчиси бу оралиқда 1та гол учун ўртача ҳисобда 57 дақиқа сарфлади. Чиндан ҳам, фантастика, дарҳақиқат, даҳшат...

 А.АБДУВАЛИХЎЖАЕВ тайёрлади