АНА, ХОЛОС! Тайрон, бу қандай аҳмоқлик?
ЧЛ-2024|2025да жуда зўр старт олган «Астон Вилла» лига босқичи 4-турига келиб, биринчи мағлубиятни тан олди.
Футбол - йирик сармоядорлар учун улкан молиявий индустрия, беқиёс ва жозибадор бизнес! ФИФA - молиявий жиҳатдан ўта бақувват ташкилот!
Мазкур мулоҳазаларни ёзишдан аввал мундиал иштирокчиларининг ҳар бири, «плей-офф» йўлланмасини қўлга киритган жамоалар, чемпион ва совриндорларга белгиланган бонуслар рўйхати билан қайта танишдик. Фантастик суммалар. Тўп ўйнаб, унинг ортидан югуриб, шунча пул топиш ақлга сиғмас жараён аслида...
ЖЧ-2022 гуруҳ босқичи сўнгги тур ўйинларини бир эсланг. Бразилия, Франция, Испания, Португалия каби донгдор терма жамоалар ҳеч бир хижолатсиз рақибларига ютқазди. Саудия Aрабистони, Тунис, Камерун каби жамоалар эса фаворит саналган рақибларни лоақал бир марта енгганидан фахрланиб, уй-уйига тарқалди! Мухлислар оламининг бир қисми учун шунинг ўзи етарли. Биттагина ғалаба юпанч, овунчоқ улар учун. Юзаки қараганда, «Алдагани бола яхши» қабилидаги ишга ўхшайди бу ҳолат. Барчасини ҳамма кўриб-билиб турибди. Қарангки, футбол мухлисларни қувонтириш учун шу йўлдан бормоқда. Бу ўринда «Ҳар бир ўйинда ҳалол рақобат ва охирги дақиқагача кураш бориши шарт!» тамойилига ўрин йўқ. Акс ҳолда, футболнинг ўйин эканлиги унутиб қўйиларди. Футбол ўйин эканлиги унутилган тақдирда эса, ундаги завқ, жозиба, фусункорлик, самимият йўқолади. Балки шунинг учундир Қатар мундиали гуруҳ босқичи сўнгги турида донгдор жамоалар рақибларини сийлагандир. Aлбатта, «плей-офф»да мақбул рақибни танлаш учун амалга оширилган тактик ўйин сифатида ҳам қаралмоқда бу жараёнга. Фаворит терма жамоалар позицияси нуқтаи назаридан бундай ёндашув ўзини оқлайди. ФИФA учун эса мундиал жозибадорлиги ва уни мухлислар томонидан севиб томоша қилиниши муҳим.
AҚШ ва Aвстралияни том маънода футбол мамлакатлари сифатида тилга олиш қийин. Шунинг учунми, Нидерландия ва Aргентина терма жамоаларининг чорак финалга чиқишини деярли барча тўғри башорат қилди, тахминлар ўзини оқлади. Гуруҳ босқичи ўйинларида табиий ва атайин уюштириладиган сенсацияларни кўрдик. Aммо «плей-офф» раундларида ҳар доим ҳам бунақаси юз беравермайди. Ана, Франция ва Польша терма жамоалари ўртасидаги нимчорак финал учрашуви бу хулосани яна бир марта тасдиқлади. Аслида польшаликларнинг гуруҳ босқичидан чиқишлариёқ кўпчилик энсасини қотирганди. Кўрдикку, Роберт Левандовскидек голеадорга эга жамоа илк «плей-офф» ўйинида ҳам аввалгидек нисбатан хира футбол намойиш қилди, амалдаги жаҳон чемпионига жиддий қаршилик таклиф этолмади. Поляк мухлисларга тасалли шуки, ўйин якунида Левагол бир амаллаб пенальтидан Уго Льорис дарвозасига тўп йўллади. Финал ҳуштаги янграганидан кейин кузатилган манзара ва польшалик футболчиларнинг умумий кайфияти ҳам кўрсатдики, улар мағлубиятни олдиндан тан олганлар, бунга руҳан тайёр бўлганлар. Қисқаси, нимчорак финал - бугунги Польша термаси учун катта натижа! Кучлилар ва кучсизлар ўртасидаги рақобатнинг якуни азалдан шундай воқелик билан тугайди. Aйрим истисноларни ҳисобга олмаганда, «плей-офф»да кучлилар кучсизларга ютқазишмайди, бундан шунчаки, ор қилишади. Демоқчимизки, гуруҳ босқичидаги «алдов» ва «совға»лар оддий футбол шоуси, холос. «Плей-офф»да эса шоу кетмайди. Бошқача айтганда, чорак финалгача мундиалда чинакам футбол спектаклларини кузатиш амри-маҳол.
Жаҳон чемпионати чорак финали - бутунлай бошқа бир воқелик! Гуруҳ босқичида ўткинчи ўйинлар бўлишини кўрдик. Нимчорак финалда асосан бир-бирига муносиб саналмаган рақиблар олишуви гувоҳига айландик. Ўз-ўзидан аёнки, ярим финал ва финал учрашувлари ўта эҳтиёткор руҳда кечади ва бунда ҳам футбол гўзаллигидан борича баҳра олиш мушкул. Фақат чорак финал бошқача. Бу раунд мундиалда шундай оралиқ босқички, унда кўпинча бир-бирига муносиб рақиб жамоалар ҳаддан зиёд кучли ва аёвсиз рақобатга киришади. Бу жараёнда бир-бирини аяш йўқ асло. Таъбир жоиз бўлса, чорак финал иштирокчиларининг ҳар бири чемпионликка муносиб жамоалардир. Чорак финал учрашувлари моҳиятан омад ва омадсизлик ўртасидаги рақобатдир. Чунончи, маҳоратдан кўра, омад ва омадсизлик ўз бўйини кўрсатади кўпроқ. Aна, Бразилия терма жамоаси 20 йилдан буён мундиал финалига чиқолмай ҳалак. Ҳолбуки, «пентакампеонлар» ҳамиша даҳшатли таркиб ва ажойиб ижрочилар ансамби билан ҳар қандай рақиб кўнглига ғулғула солишган. Айтиш мумкинки, шу 20 йилликда ўтказилган 4та мундиалда бразилияликларга фақат омад етишмаган асосан.
Бошқа мисол, Лионель Месси шу пайтга қадар Aнхель ди Мария, Серхио Aгуэро, Гонсало Игуаин, Пауло Дибала каби моҳир футболчилар даврасида тўп суриб ҳам мундиалнинг олтин маррасига етолмади. Ваҳоланки, бу йигитларнинг ҳар бири жаҳон футболининг суперюлдузи ҳисобланади. Ҳа, омад чопмаса, суперюлдузларнинг имкониятлари ҳам йўққа чиқади. На мислсиз меҳнат, на тенгсиз истеъдод наф беради. Пешонасига мундиал чемпионлиги битилган бўлса, бундай бахтни бандаси тортиб ололмайди, албатта. Дейлик, Килиан Мбаппе 18 ёшидаёқ жаҳон чемпионатида ғолиблик нашидасини сурганди. Энди унда бу бахтиёр дамларни такрорлаш имконияти мавжуд. «Олтин тўп» соҳиби Карим Бензема эса ёш ва навқирон жамоадошига ҳавас билан боқиши тайин. Тақдир битигини қарангки, у шундай имконият-бахтдан бенасиб...
Муҳтарам мухлис! Сезиб турибмиз, чорак финал учрашувларини интизорлик билан кутмоқдасиз. Зеро, ЖЧ-2022даги асл рақобат, ҳақиқий кураш моҳиятан 9 декабрдан бошланади. Олдинда бизни кутиб турган 8та бир-биридан қолишмайдиган қарама-қаршиликнинг ҳар бири камида саксон ўйин шукуҳига татигуликдир. Aйнан мана шу 8та жангда юлдузлар саҳнага чиқишади, бор имкониятларини ишга солишади. Биз шундай улкан рақобатга гувоҳ бўлиб, унинг томошабинига айланар эканмиз, миллий жамоамизнинг навбатдаги мундиал иштирокчисига айланиши ҳақида хаёл сурамиз, хаёлотимиз ҳақиқатга айланишини истаймиз. Бу шундай истакки, ундан на воз кечилади ва на уни жиловлаб бўлади! Биламиз, миллий жамоамиз 2026 йилга қадар ўсиб-улғаяди, тобланади, футболимиз ҳам ҳозиргидан анча юксалиши муқаррар. Буни жуда яхши тушунамиз. Фақат бир мулоҳаза, бир андиша ширин орзу-хаёлотни парча-парча қилиб юбораверади: бошқа жамоалар ўзбек футболи тараққий топишини кутиб, қўл қовуштириб ўтирмайди. Шу мулоҳаза ва андишани очиқ айтмасак, футболимиздаги аччиқ ҳақиқатлардан кўз юмган бўламиз. Бугунги реал воқелик шундайки, кейинги жаҳон футбол форумида 48та жамоа қатнашган тақдирда ҳам, унга бориш йўли жуда машаққатли. Яна нима дердик, машаққатлар миллий жамоамизни чўчитмаслигига ишониб қоламиз!
Муҳаммад ВАЛИ
ЧЛ-2024|2025да жуда зўр старт олган «Астон Вилла» лига босқичи 4-турига келиб, биринчи мағлубиятни тан олди.
Яқинда «Манчестер Сити» ҳужумчиси Эрлинг Холанд жамоаси учун 100-голини ҳадя этиб, жаҳон миқесидаги тенгсиз натижани қайд этди - бунинг учун тўпурарга 105та ўйин етарли бўлди.
Англия ёшлар терма жамоасининг собиқ мураббийи бу футболчининг салоҳияти Фил Фоден ва Коул Палмерникидан кам эмаслигини таъкидлади.
Introduction about the author of this blog
Манзил
214 West Arnold St. New York, NY 10002
Phone
+(123) 345-6789