«Металлург» жиддийлашмоқда, чоғи

«Металлург» жиддийлашмоқда, чоғи

«Металлург» қишки трансферлар бозоридаги фаоллик борасида бирор жамоадан қолишаётгани йўқ.

 Бекобод клуби яқин орада бирданига 6 нафар янги футболчи - Владислав Касминин, Иван Йосович, Марко Обрадович, Филип Стаменкович, Риан Исломов ва Абдужалил Маназаров билан шартнома тузиб, уларни расман оммага таништирди. Бу йигитлар ўзбекистонлик мухлисларга нотаниш эмаслар. Хусусан, сербиялик Иван Йосович Қўқондаги 3 йиллик фаолияти давомида кўпчилик эътиборига тушди. Абдужалил Маназаровга келсак, 2021 йили «Нефтгазмонтаж»да тўп сурган ярим ҳимоячи аввалги мавсум «Сўғдиёна» шарафини ҳимоя қилди. Янги футболчилар ишончни нечоғли оқлашларини вақт кўрсатади, албатта. Биз эса ҳозирча Луисма Эрнандес жамоаси сафига қўшилган Иван Йосович ва Абдужалил Маназаров фикрларига қулоқ соламиз.

Иван Йосович: - Агентим «Металлург»дан таклиф борлигини айтгач, жамоа сафига қўшилишни лозим топдим. Кўриниб турибди, Бекободда ҳаммаси тўғри йўлга қўйилган, ташкилотчилик зўр. Умуман, 3 йилдан буён Ўзбекистондаман ва «Металлург»ни ҳам яхши билардим.

- Нега айнан «Металлург»? Танловингизда нима муҳим роль ўйнади?

- Бекободда аҳил жамоа борлиги, ташкилотчилик ҳам яхши ҳолатда эканлигини эшитгандим. Яъни бемалол фақат футбол ҳақида ўйлаш учун зарур шароитлар бор. Шунингдек, жамоада тартиб-интизомга эътибор кучли экан. Яна қарор қабул қилишда мураббийлар штаби даражасини ҳам ҳисобга олдим.

- «Қўқон-1912»даги фаолиятингизни қандай баҳолайсиз?

- Аввало, жамоа раҳбарларига миннатдорчилик билдираман. Ўзаро муносабатларимиз зўр. Менимча, Қўқонда чакки ўйнамадим, мухлислар ҳурматини қозондим. Ўз ўрнида собиқ жамоамга янги мавсумда омад тилайман. 

- Билишимизча, «Турон»дан ҳам таклиф олган эдингиз...

- Ҳа, бошқа клублардан ҳам чорловлар бўлди. Хусусан, «Турон» бош мураббийи Бахтиёр Ашурматов билан бирга яхши ишлаганмиз. Уни ҳам инсон, ҳам мураббий сифатида ҳурмат қиламан. Лекин «Металлург» вариантида тўхтадим - юрак амри...

Абдужалил Маназаров: - «Металлург»да ёш футболчиларга эътибор катта, аниқ тизим йўлга қўйилган. Шунинг учун жамоа чорловини қабул қилдим.

- Фаолиятингиздаги ўзгартириш «Сўғдиёна»да мураббийлар штаби алмашганига боғлиқми?

- Йўқ, бу ўзгаришларнинг «Сўғдиёна»дан кетишимга дахли йўқ. Шунчаки, салоҳия­тимни бошқа клубда синаб кўришни хоҳладим. 

- Бекободда сизни қандай қарши олишди?

- Ҳаммаси яхши. Асосийси, муҳит ёқди. Худо хоҳласа, «Металлург» янги мавсумда муносиб натижа кўрсатади. Бу йўлда жамоага имкон қадар ёрдам беришга тайёрман.

А.ИСКАНДАРОВ тайёрлади