Кумиков кимларни мўлжалламоқда?

Кумиков кимларни мўлжалламоқда?

Олдин хабар берилганидек, жорий йил «Андижон»ни Суперлигага қайтарган Виктор Кумиков яқинда Қозоғистоннинг «Қайсар» клуби билан расман шартнома тузди.

Ваҳоланки, россиялик мутахассис водий жамоасини элитада янги даражага олиб чиқишга уриниши кутилганди. Маълум бўлишича, Виктор Балютович «Қайсар» билан 1 йиллик битимни расмийлаштирган. Маълумот учун, Қизил-орда жамоаси якунланган мавсум Қозоғистон чемпионати Биринчи лигасида 2-ўринни эгаллаб, Премьер-лигага қайтди. Қозоғистоннинг sports.kz сайти яқинда Кумиков билан боғланиб, мураббийнинг бундай танловига нима туртки бергани, клуб раҳбарияти янги мавсумда олдига қандай вазифа қўяётгани хусусида сўради. Айтиш ўринли, Виктор Балютович суҳбат давомида ўзбекистонлик айрим футболчиларни «Қайсар» сафига жалб этишни хоҳлаётгани, бу масалада музокара жараёни бошланганини ҳам яширмади. Тўғри, у айнан кимларга қизиқаётганига ойдинлик киритишни истамади.

- Виктор Балютович, «Қайсар» билан қанча муддатга шартнома туздингиз?

- Ҳозирча 1 йиллик ҳамкорлик бўйича келишувга эришдик.

- Музокара жараёни анча чўзилганини ҳисобга олсак, ҳаммаси нисбатан мураккаб кечди, шундайми?

- Шунчаки, аким (ҳоким) розилигини кутдик. Бошқа гап йўқ.

- Клуб сиз учун бегона эмас, шундай экан, таклиф дарҳол қизиқтиргандир...

- Ҳа. Айниқса, вилоят раҳбария­тининг футболга қизиқиши ҳам-да клуб ло­йи-ҳаси ёқди.

- Қозоғистонликларга яхши таниш Олег Корниенко ва Роман Узденов яна штабингизга қўшиладиларми?

- Корниенко ва Канат Алиев мен билан бирга бўлишади, албатта. Қолган ассистентлар масаласи ҳали очиқ.

- Якунланган мавсум «Қайсар» футболчиларининг Биринчи лигада ўйнашгани хавотир уйғотмаяптими?

- Йўқ. Аксинча, бу элита учун жамоа тузиш имкониятидир.

- Янги клубингизда ўзбекистонлик футболчиларни ҳам кўришимиз мумкинми?

- Албатта, кўз остимга олиб қўйган йигитлар бор. Ҳозир музокара кетяпти.

- Янги мавсум учун аниқ вазифа белгиландими?

- Ҳа - кучли бешликка киришимиз керак. Юқорироққа кўтарилишимиз ҳам мумкин.

- Ўзбекистонда ишлаганингизда, ҚПЛни ҳам кузатдингизми? Лиганинг ҳозирги даражасини тасаввур қила оласизми? 

- Кузатдим, ҚПЛдан унча узоқлашганим йўқ. Тўғри, бу вақтда жиддий ўзгаришлар кузатилмади.

59 ёшли Виктор Кумиков қозоқ футболи билан яхши таниш. У олдин жумладан, янги клуби - «Қай­сар»да ҳам ишлаган. «Шахтёр»ни эса тарихда илк марта еврокубок турнири гуруҳ босқичига олиб чиққан, қолаверса, жамоа билан Қозоғистон чемпионатида икки марта зафар қучган. Шунга мувофиқ, Виктор Балютович қаторасига 3 марта (2011-2013 йиллар) мамлакат футбол федерацияси томонидан Қозоғистоннинг энг яхши мураббийи сифатида эътироф этилган. У шунингдек, Қозоғистон миллий жамоа­си мураббийлар штабида ишлаган. Қолаверса, «Есил», «Елимай», «Ордабаси» ва «Атирау» клубларига устозлик қилган. Тўғри, Кумиков айнан «Қайсар» бошқарувида кўнгилсиз ҳолатга ҳам тушганди. Яъни 2004 йили миллий чемпионатдан ўрин олган ўйинлардан бирида ҳакамликка нисбатан кескин эътироз ўлароқ, реферига ташланган ва бунинг оқибатида дисквалификацияга учраган.

Равшан ИБРОҲИМ тайёрлади