Ламин Ямал туғилишига қадар...

Ламин Ямал туғилишига қадар...

Мегаиқтидор Ламин Ямал «Барселона» сафида деб­ют қилганида, атиги 15 ёшда эди.

«Бетис»га қарши кечган ўша баҳсда атиги 5 дақиқа ҳаракатланган йигитча катта иқтидорини намойиш этишга улгурганди. Мана, Хави ёқимтойига айланган Ямал аста-секин асосий жамоа таркибидан ўзига жой ҳозирламоқда. Дейлик, Ла Лига 2-туридан ўрин олган «Кадис»га қарши баҳсда бошланғич таркибда майдонга тушди. Факт шуки, Ямал 21-асрда Ла Лига ўйинини бошланғич таркибда бошлаган энг ёш футболчи бўлди (16 ёшу 38 кунлик). «Болакай» ўзини шу қадар тетик тутмоқдаки, унинг 2007 йили туғилганига ишониш ҳам қийин.

Мана, Ламин Ямал туғилишига қадар «Барселона»да нималар бўлганига қараб ҳам, унинг қанчалик ёш эканлигини тушуниш мумкин. Атиги 5та фактга эътибор қаратинг:

1). Ямал туғилишига қадар Лионель Месси «Барселона»нинг 26та расмий ўйи­нида гол уришга улгурганди.

2). Ямал туғилишига қадар Хави Каталония клуби сафида 366та ўйин ўтказишга улгурганди.

3). Ямал туғилишига қадар Хосеп Гвардиола «Барсу Б» жамоаси бошқарувини қўлга олишга улгурганди.

4). Ямал туғилишига қадар Роналдиньо «Олтин тўп» ютишга улгурганди.

5). Ямал туғилишига қадар «Барселона» ЧЛда «Арсенал»ни ютганди.

«Барселона» бағридаги яна бир истеъдод Педри яна жароҳатга йўлиқиб, камида 1 ойга сафдан чиқди. Диққат қилинг, ярим ҳимоячи 2021-2023 йиллар оралиғида 7 марта турли даражада жароҳатланди ва жами 307 кун-ни «лазарет»да ўтказди. Мавсум-2020|2021 эсингиздами? 18 ёшли йигитча даҳшатли старт олиб, барча турнирлар (жумладан, Олимпиадада) ҳисобидан 75та ўйинда қатнашганди. Катталар футболидаги илк мавсумда 75та расмий учрашув! Бу рақамни тўлиқ англаш учун бироз вақт керак... Кўринишидан, бу Педри учун ўта кўплик қилган ва организмига тушган оғирлик унга ҳамон муаммолар келтирмоқда...