Легионерларимиздан дараклар...

Легионерларимиздан дараклар...

Қозоғистоннинг «Ордабаси» клуби БАТЭ- (Қозоғистон)дан ярим ҳимоячи Шаҳбоз Умаров трансфер ҳуқуқини тўлиқ сотиб олди.

 Терма жамоамизга номзод футболчи аввалги мавсумнинг иккинчи ярмини Шимкент клубида ижара келишуви бўйича ўтказиб, Қозоғистон кубоги соҳибига айланганди. 23 ёшли ярим ҳимоячи шунингдек, маҳаллий Премьер-лиганинг 9та ўйинида 3та голга ассистентлик қилди. Transfermarkt порталида кўрсатилишича, «Ордабаси» Умаров учун Беларусь клубига 50 минг евро тўлади. Маълумот учун, фаолиятини «Пахтакор»да бошлаган ярим ҳимоячи кейинчалик АГМК ва «Энергетик-БГУ» клубларида ҳам ўйнаган.  
***

«Рубин» Туркия йиғинидан ўрин олган дастлабки назорат ўйинида «Акрон» (Тольятти)ни 4:2 ҳисобида мағлубиятга учратди. Яқинда Қозон клуби сафига қўшилган ҳимоя­чи Рустам Ашурматов бошланғич таркибдан жой олиб, танаффусгача ўйнаган бўлса, ярим ҳимоячи Умарали Раҳмоналиев иккинчи бўлимда майдонга тушди. Қозонликлар кейинги баҳсда «Берое» (Болгария)ни 2:0 ҳисобида доғда қолдиришди. Қизиғи, бу учрашувда ҳам илк 45 дақиқадан сўнг захира олинган Ашурматов 74-дақиқада қайта майдонга туширилди. Раҳмоналиев эса иккинчи «ўртоқлик»ни ўтказиб юборди.
***

«Фотиҳ Қорагюмрюк» Туркия кубоги 1|8 финалида «Истанбул Башакшеҳир»га йўл бўшатди. Ўйиннинг асосий вақти 2:2 ҳисобида якунланди, пенальтилар сериясида эса омад «Башакшеҳир»га кулиб боқди - 5:3. «Қорагюмрюк» ярим ҳимоячиси Отабек Шукуров мазкур учрашувнинг иккинчи бўлими бошида майдонга тушди ва пенальтилар сериясида 4-зарбани самарали ижро этди. Андреа Пирло жамоаси якшанба куни эса Туркия Суперлигаси 20-туридан ўрин олган «Аланияспор»га қарши сафар ўйинида 2:2 ҳисобини қайд этди. Ҳамюртимиз бунисида тўлиқ вақт давомида ҳаракатланди. 
***

Индонезиянинг «Борнео» клуби ҳимоячиси Жавлон Гусейнов эркин агентга айланди. 31 ёшли ҳамюртимиз 2019 йилдан буён бу жамоанинг 94та расмий ўйинида майдонга тушиб, 4та гол ва 1та самарали узатмага муаллифлик қилди. Ҳозирча Индонезияга АГМК клубидан кетган Гусейновнинг кейинги манзили аниқ эмас.