Легионерларимиздан дараклар ёхуд  Азиз Ғаниев – БАА чемпиони!

Легионерларимиздан дараклар ёхуд  Азиз Ғаниев – БАА чемпиони!

Саудия Арабистони. «Ал-Наср» Саудия Арабистони чемпионати 26-турида турнир жадвали аутсайдерларидан бири «Ал-Ҳалиж»ни енголмади - 1:1.

«Ал-Наср» сафида Криштиану Роналду тўлиқ вақт ўйнаган бўлса, Ўзбекистон миллий жамоаси ярим ҳимоячиси Жалолиддин Машарипов атиги 89-дақиқада майдонга туширилди. Ар-Риёд клуби ушбу йўқотишдан сўнг чемпион бўлиш имкониятини кескин пасайтирди. 

БАА. Азиз Ғаниев гол урган ўйинда «Шабаб Ал-Аҳли» клуби ажойиб «камбэк» эвазига 3 очко олди финишга 1та тур қолган паллада чемпионлик масаласига нуқта қўйди. Аниқроғи, ҳамюртимиз Про Лига 25-туридан ўрин олган «Бани Яс»га қарши сафар учрашувининг 70-дақиқасида кучли зарбаси билан ҳисобни тенглаштирди, шундан кўп ўтмай, меҳмонлар ғалаба голини ҳам нишонлашди. Шу тариқа «Шабаб Ал-Аҳли» энг яқин таъқибчилари - «Ал-Айн» ва «Ал-Ваҳда»дан 3 очко даражасида олдинлаб кетди. Чемпионат регламентига кўра, агар якунда очколар тенг бўлса, аввало, ўзаро ўйинлар натижасига қаралади. «Шабаб» эса икки таъқибчи билан ўзаро баҳсларда устунликка эга. Хуллас, охирги тур натижаларидан қатъий назар, «Шабаб Ал-Аҳли» 1-ўриндан тушмайди. Демак, Азиз Ғаниев - БАА чемпиони! Ўз ўрнида маълумот, Ўзбекистон миллий жамоаси ярим ҳимоячиси 2020 йилдан буён БААда ўйнамоқда. У бунга қадар «Шабаб» билан «Президент кубоги», Лига кубоги ва БАА суперкубогида зафар қучганди. 2014-2019 йиллар оралиғида «Насаф»да тўп сурган Ғаниев ҳисобида Ўзбекистон кубоги ва суперкубоги ҳам бор.

БАА Про Лигаси турнир жадвали 

(кучли бешлик)

1 ШАБАБ АЛ-АҲЛИ     25        16        6          3          52-25    54

2 АЛ-АЙН         25        15        6          4          62-29    51

3 АЛ-ВАҲДА    25        15        6          4          47-25    51

4 АЖМАН        25        13        5          7          41-37    44

5 АЛ-ВАСЛ      25        12        8          5          47-31    44

Россия. РПЛда ишлари юришмаётган «Пари НН» 26-тур ўйинида «Урал»ни қабул қилиб, 0:0 ҳисоби билан чекланди. Бошланғич таркибга кирган жамоа ҳимоячиси Иброҳимхалил Йўлдошев майдонда тўлиқ вақт ҳаракатланди. Нижний Новгород клуби айни пайт 23 очко билан турнир жадвали 14-поғонасида бормоқда. Чемпионатда умидсиздек қатнашаётган «Торпедо» эса ўз майдонида «Ахмат»га мутлақо қаршилик кўрсатолмади - 1:5. «Автозаводчилар» вингери Ҳожимат Эркинов ҳамон майдон четида. 

Россия футболининг иккинчи рақамли дивизиони - МФЛдаги вакилларимизга келсак, Рустам Ашурматов ва Умарали Раҳмоналиев «Рубин»нинг охирги ўйинида майдонга тушишмади. Қозонликлар эса сафарда «Краснодар-2»ни ягона гол эвазига енгиб, финишга 4та тур қолган паллада 2-ўринга мустаҳкам ўрнашиб олишди. РПЛ йўлланмасига яна бир даъвогар - Учрашувда ҳисоб «Алания» сафарда «СКА Хабаровск» билан баҳсни ҳужумчи Ҳусайн Норчаевсиз ўтказиб, якунда 0:0 ҳисобини ўзгартиролмади ва қимматли очколарни бой берди. Вагиз Галиулиннинг клуби - «Нефтехимик» сафарда  «Динамо» (Махачқалъа) билан ўйнади ва 0:2 ҳисобида ютқазди. Ушбу баҳсда тўлиқ 90 дақиқа тўп сурган ҳамюртимиз МФЛнинг апрель ойи­даги энг яхши футболчиси бўлишга даъвогарлар қаторига киритилганини ҳам айтиш жоиз. Йилнинг 4-ойи «Нефтехимик» сафида 439 дақиқа тўп суриб, 2та гол ва 1та ассист қайд этган Галиулиннинг сўровдаги рақиблари - Иван Тимошенко, Андрей Голубев, Илья Самошников, Батраз Гурциев ва Тамерлан Мусаев.

Қатар. «Ал-Гарафа» Қатар «Юлдузлар лигаси» 21-турида «Ал Араби» майдонида жавобсиз 3та гол қабул қилиб олди. Бошлан­ғич таркибга кирган меҳмон жамоа ҳимоячиси Ислом Тўхтахўжаев 80-дақиқада захирага олинди. «Ал-Гарафа» айни пайт 32 очко билан турнир жадвали 6-қаторида бормоқда. 

Беларусь. Шаҳзод Убайдуллаевнинг жамоаси - «Шахтёр» Сл. Олий лига 7-турида Минскда «Динамо» меҳмони бўлди ва 0:1 ҳисобида ютқазди. Ҳамюртимиз бу сафар ҳам майдонга тушгани йўқ. Абдуқодир Ҳусанов ва Амирбек Бақоевни ўз сафига олган «Энергетик-БГУ» эса бу турда дам олди.

Италия. «Специя» «А» серия 34-туридан кейин турнир жадвали «қора чизиғи»га тушиб қолди. Бинобарин, жамоа Элдор Шомуродов тўлиқ вақт ҳаракатланган баҳсда «Кремонезе»га 0:2 ҳисобида имкониятни бой берди. Терма жамоамиз сардори мазкур учрашувда имкон қадар фаоллик кўрсатди, дейлик, унинг зарбасидан сўнг тўп мезбон жамоа дарвозаси тўсинини ларзага солди. Айтиш керак, «Специя» бундан олдин «Аталанта»га жиддий қаршилик қилган, аммо 2:3 ҳисобида мағлубиятни тан олганди. Бергамодаги баҳсда ҳам тўлиқ 90 дақиқа ўйнаган Элдор эса жамоасининг биринчи жавоб голи ҳаммуаллифига айланган эди. Специяликларни олдинда 13 май кунига белгиланган «Милан»га қарши оғир ўйин кутиб турибди. Финишга 4та тур қолган паллада жамоа лигада қолиш имкониятини берувчи 17-ўриндаги «Верона»дан 3 очко орқада қолмоқда. Дарвоқе, охирги хабарларга қараганда, Шомуродов олдида янги мавсум олдидан Туркияда чемпионатига йўл олиш варианти бор. Турк матбуотида ёзилишича, «Трабзонспор» клуби «Рома»га Шомуродов трансфери масаласида таклиф юборишни ўйламоқда. Таъкидланишича, жорий мавсум Туркия Суперлигасида совринли ўринлар учун курашолмаган «Трабзонспор» ҳамюртимизни кейинчалик сотиб олиш шарти билан ижара келишуви асосида ўйнатиш ниятида. Эслатма, Элдорнинг «Рома» билан шартномаси 2027 йилгача мўлжалланган.

Қозоғистон. Бобур Абдухолиқов гол урган баҳсда «Ордабаси» ўз майдонида «Қайсар»ни 4:0 ҳисобида енгди (ҚПЛ 8-тури). 52-дақиқада жамоасининг 2-голига муаллифлик қилган ҳамюртимиз кейинчалик (70-дақиқада) ўз ўрнини захира вакилига бўшатиб берди. «Ордабаси»даги яна бир вакилимиз Шаҳбоз Умаров ҳам айнан 70-дақиқагача фаол тўп сурди. Шимкент клуби шу билан ўз очколари сонини 17тага етказиб, турнир жадвалида 3-ўринга кўтарилди. 6-поғона эгаси «Тобол» эса ўз уйинида «Қайрат»га тенг келолмади - 2:3. Костанай жамоаси ҳужумчиси Игорь Сергеев ушбу омадсиз баҳснинг 55-дақиқасида захирадан майдонга тушди.