Легионерларимиздан дараклар ёхуд Голли серия бардавом

Легионерларимиздан дараклар ёхуд Голли серия бардавом

Россия. «Спартак» раҳбарияти Остон Ўрунов масаласида бир тўхтамга келган кўринади.

«РБ Спорт» хабарига кўра, клуб ёзги трансферлар бозори якунига қадар ҳамюртимиз билан шартномани бекор қилади. Мос­к­ва клуби агар 21 ёшли ярим ҳимоячи келишувини бир томонлама тўхтатса, унда 2025 йилгача мўлжалланган шартнома бўйича маош тўлайди, барибир. Ўрунов бошқа клуб сафига қўшилган тақдирда эса, «Спартак» маошдаги камомадни ўз зиммасига олиши керак. Россия нашрлари маълумотига кўра, Ўруновнинг йиллик иш ҳақи 600 минг еврога тенг. «Уфа» клуби собиқ бош мураббийи Алексей Стукалов эса «Матч ТВ»га берган интервьюсида Ўрунов билан ишлашда анчагача қийналгани ҳақида гапирди: «Янги йилга қадар ҳеч нарса ўхшамади. Чунки маоши кескин пасайганди. Лекин Остон жамоага керак эди, шунинг учун унинг ривожланиши учун йўл топишга ҳаракат қилдик. Ҳаттоки, орада Шамиль Газизовга «Бўлди, етар, чарчадим. Уни нимадир қилиш керак», дейишимга тўғри келди. Ўруновга аввалги ўйинларини кўрсатиб, ҳозирда қандай аҳволда эканини тушунтирдик. Уни жароҳатлар ҳам қийнаб қўйди. муҳими, якунда уринишларимиз натижа берди. Остоннинг мушаклари жуда бақувват ва РПЛда битта ўйинга тўғри келадиган спринтерлик ҳаракати бўйича унга етадигани кам».

Беларусь. «Энергетик-БГУ» мамлакат чемпионати 11-турида «Белшина» меҳмони бўлиб, ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқаларда Бобур Абдухолиқов томонидан урилган ягона гол эвазига ортга 3 очко билан қайтди. Эътиборлиси, унинг чемпионатдаги 12-голига яна бир вакилимиз Шоҳруҳ Абдураҳмонов ассистентлик қилди. Факт: Бобур гол урган 8та ўйин ҳам «талабалар» фойдасига ҳал бўлган. Умуман, «Энергетик»­нинг 24та голидан тенг ярми ҳужумчимиз ҳисобида. Абдураҳмонов эса чемпионатда 3-марта гол ҳаммуллифига айланди. Охирги учрашувда Абдухолиқов ва Абдураҳмонов қатори Абдуқодир Ҳусанов ҳам фаоллиги билан ажралиб турди. «Энергетик-БГУ» бош мураббийи Павел Родненок ўйиндан сўнг Абдухолиқовни алоҳида мақтади: «Бобур чемпионатнинг энг яхши тўпурари - ҳақиқий қутқарувчи ва «омадли таёқча»га эгалигимизни яна бир карра исботлади». Айтганча, transfermarkt.dе портали 17 июнь куни Беларусь чемпионатида ўйнаётган футболчиларнинг янгиланган трансфер баҳосини чиқарди. Унга кўра, Абдухолиқовнинг трансфер суммаси 800 минг еврога етди (600 минг эди). Айтганча, яқинда «Белшина» билан шартнома тузган Владислав Нуриев айнан «БГУ»га қарши ўйинда Беларусь чемпионатидаги дебютини нишонлади. Маълумот учун, 26 ёшли ҳужумчи фаолияти давомида «Обод», «Навбаҳор» ва «Бунёдкор» жамоаларида ўйнаган. У шунингдек, Қирғизистон ва Ҳиндистонда легионер сифатида тўп суришга улгурган. 

Италия. La Gazzetta dello Sport нашрида ёзилишича, «Рома» охир-оқибат, ҳамюртимиз Элдор Шомуродовни ўз таркибида олиб қолади. Хабарда таъкидланишича, бош мураббий Жозе Моуриньо янги мавсумда ҳам ҳамюртимизга имконият беради. Аввалроқ, португалияликнинг ўзи ҳам Шомуродов жамоадан кетмаслигини айтганди. ЎФА медиа департаменти бошлиғи Даврон Файзиев эса ҳужумчининг «Сампдория»га ўтиши ҳақидаги хабарларда асос йўқлигини таъкидлади. Тўғри, матбуотда Шомуродовга якунланган мавсум «B» сериядан элитага кўтарилган «Лечче» томонидан қизиқиш борлигию, «Фио­рентина» ҳам ҳамюртимизга бефарқ эмаслиги борасида хабарлар бор. Шомуродов ва «Рома»га дахлдор яна бир маълумот: «Барселона» анъанавий «Жоан Гампер» кубоги учун рақиб сифатида айнан Рим клубини танлади. Бу учрашув 6 август кунига белгиланган.

Қозоғистон. Игорь Сергеевнинг ягона голи ҚПЛ 14-турида «Тобол»га ғалаба келтирди. Умуман, ҳамюртимиз «Каспий»га қарши учрашувда 67-дақиқа ҳаракатланди. «Тобол» ҳозирда 21 очко билан чемпионат турнир жадвалининг 4-ўрнида. Айтганча, аввалги ҳафта Европа Чемпионлар Лигаси саралаши иккинчи раундига қуръа ташланди. Натижага кўра, «Тобол» «Чемпионлар йўли»нинг ке­йинги босқичига ўтиш учун «Ференцварош» (Венгрия) - «Слован» (Словакия)|«Динамо» Бт. (Грузия) учлиги ғолиби билан ўйнайди.