Лука Тони: «Юве» Аллегри туфайли 2-ўринда кетмоқда»

Лука Тони: «Юве» Аллегри туфайли 2-ўринда кетмоқда»

Италия футболида ўзига яраша обрў орттирган собиқ ҳужумчи Лука Тони «Ювентус» ва «Интер» ўртасидаги бўлажак суперўйин («А» серия 13-туридан ўрин олган ушбу баҳс 26 ноябрь кунига белгиланган) олдидан Gazzetta dello Sport нашрига ихчам интервью берди.

Яқин ўтмишнинг забардаст ҳужумчиси суҳбат жараёнида бир қатор қизиқарли саволлар юзасидан мулоҳаза юритди.

- Лука, ФИФА кунларидан кейин «А» сериянинг икки пешқадами - «Интер» ва «Ювентус» ўзаро ўйнайди. Жамоаларнинг ҳозирги ҳужум чизиғи салоҳиятини қандай баҳолайсиз?

- Лаутаро Мартинес тобора ўз жамоаси етакчиси ва голеадорига айланиб бормоқда. «Интер» бу борада устунроқ ва омадли ҳам. Чунончи, Европада ҳали-ҳамон аргентиналик ҳужумчига паст баҳо берилмоқда. Лаутарога катта таклифлар тушмаётганини бошқача изоҳлаш мумкин эмас. «Юве» ҳужумчиларига келсак, улар негадир гол уришдан тўхтаб қолишди. Ваҳоланки, жамоа таркибида 4 нафар потенциали юқори ҳужумчи бор. Тўғри, Аллегри бу масалада ортиқча ташвишланмаса ҳам бўлади - голлар ўз-ўзидан келади ҳали, менимча.

- Влахович ўйинига алоҳида тўхталсангиз...

- У «Фиорентина» ва «Калья­ри»га қарши кечган баҳсларда анча бамайлихотир ва хотиржам кўринди. Мойзе Кин ҳам ёмон эмас, фақат унинг доимо гол уриши учун қандайдир ўзгача туртки керакдек. Шахсан мен ҳамон Душан Влахович мавсум давомида 20та гол маррасини забт этишига ишоняпман, чунки у каби ҳужумчилар бошланғич таркибда майдонга тушиб туришса, ҳафтасига 4-5та гол уришлари мумкин. Ҳа, ҳозир Душанга ҳам учқун керак, эҳтимол, буни «Итальяно дербиси»да топар...

- Хўш, жорий мавсум скудетто учун курашда айнан қайси клуб яққол фаворит, сизнингча?

- «Интер», ҳарқалай, лоақал қоғозда шундай. Аллегри жамоаси гоҳо яхши ёки суст ўйнаши мумкин, лекин ҳозирча ажойиб натижаларга эришмоқда. «Юве» 2-ўринда бор­яптими, демак, мураббий мавжуд таркиб хусусиятларидан максимал даражада фойдаланмоқда. Шу жойда Погба ва Фажоли дисквалификациясини эсланг...

- Аллегри январдаги трансферлар бозорида фаол иштирок этмоқчи...

- Ҳа, у айниқса, майдон марказини кучайтирадиган футболчиларга муҳтож. Бу борада «Манчестер Сити» вакили Филлипс ёки «Тоттенхэм»да ўйнаётган Хойбьерг - муносиб номзод. Берарди? Доменико жамоа ўйинига қўшимча фазилатлар - дриблинг ва тасаввур қўшишга қодир. Лекин бундай тақдирда «Ювентус» 3-5-2 тактик чизмасидан 3-4-3 услубига ўтиши керак.

МУҲАММАДХОН тайёрлади