Марко Асенсио: «Ҳозир «Барса» ҳақида ҳеч нарса дея олмайман»

Марко Асенсио: «Ҳозир «Барса» ҳақида ҳеч нарса дея олмайман»

Марко Асенсио El Partidazo de la Cope нашрига берган эксклюзив интервьюсида ўзининг Мадриддаги позицияси ҳақида фикр билдирди.

Футболчининг клуб билан шартномаси 30 июнда тугайди - Марко шу ёзда кетиши мумкинлигини тасдиқлади, «Барса»нинг қизиқиши ҳақида эса ҳеч нарса билмаслигини тан олди, гарчи имкониятларни инкор этмасада.

- Сўнгги кунларда «Барселона»нинг сизга қизиқаётгани ҳақида миш-мишлар кўпайди. Бунга нима дейсиз?

- Ростини айтсам, «Барса» мени таркибида кўришни хоҳлайдими ёки йўқ, буни билмайман. Аммо «Барса»дан бошқа кўплаб клублар бор. Мен «Барселона»да ўйнаш вариантини ўйламаганим ҳам, баҳолаганим ҳам йўқ. Миш-мишлар жуда кўп - бу нормал ҳолат. 7 ой ичида исталган клуб билан шартнома имзолашим мумкин бўлади, ҳозир кўпчилик қизиқиш билдирмоқда - бундан ҳам кўпроқ даъвогарлар бўлади.

- Ҳеч қачон «Барса»га ўтмайман деб айта оласизми?

- Ҳозир «Барселона» ҳақида ҳеч нарса дея олмайман, ҳеч нарса билмайман.

- Жорий мавсум арафасида Мадридда қолишга қарор қилишингизга нима туртки бўлди?

- Август осон кечмади, аммо қарор қабул қилинди: Мадридда эканлигимдан хурсандман. Карло Анчелоттининг ишончи қарор қабул қилишимда асосий омил бўлди. «Реал»га ёрдам бера олишимга ишонаман, бу клуб билан ғалаба қозонишда давом этмоқчиман. Таклифлар бўлди, лекин кетишни жиддий ўйламагандим. Анчелоттининг ишончи жуда муҳим, кейин ўтган мавсум охири мен учун муваффақиятли бўлди - мен кўп ўйнадим ва голлар урдим, шунингдек, жамоамиз билан совринларни қўлга кирита олдик. Бу мавсумда ҳам худди шундай мақсадларимиз бор.

- Кетиш ҳақида ҳеч ўйладингизми?

- Таклифлар бўлди, аммо якуний қарор фақат менга боғлиқ эмасди - баъзи нарсаларни клуб раҳбарияти, мураббий билан муҳокама қилиш керак: барча ҳолатларни кўриб чиқиб, қарор қабул қилинди. Аммо қайтараман, кетишни жиддий ўйламагандим: лойиҳа ва мураббийнинг ишончи мен учун жуда муҳим.

- «Мальорка»га қарши ўйиндаги ҳаракатингизни қандай тушуниш керак?

- Вазият тақозо қилди: мен рақиб учун нима яхшию нима ёмонлигини дарҳол кўра оладиганларданман. Бу мен учун ўзгача ўйин бўлди - собиқ жамоамга қарши ўйинда дуранг бўлаётганди ва мен жамоадошларимга ёрдам беришни хоҳладим... лекин Лукас жароҳат олгани учун бундай бўлмади. Охир-оқибат, биз ғалаба қозондик ва бу ҳолат яна бир кулгили воқеа бўлиб қолади. Мураббий билан ҳеч қандай муаммо йўқ.

- «Реал» шартномани узайтириш таклифи билан чиқса нима қиласиз?

- Кўрамиз нима бўлишини... футболда ҳамма нарса бўлиши мумкин - сиз ҳеч қачон билмайсиз. Ҳозир ҳеч нарса дея олмайман.

- Винисиуснинг рақсига қандай муносабат билдирасиз?

- У жуда камтарин йигит, футбол унга қувонч бахш этади: гол нишонлаганда рақсга тушади, аммо бу унинг рақибга нисбатан ҳурматсизлигини англатмайди. Ҳамма қувонч, яхши ўйин кўришни хоҳлайди - Вини мухлисларга шундай совға беради. Футболда ирқчиликка ўрин йўқ - буни кўрсатадиганлар бор, лекин бундай одамлар озчилик - бу ҳамма мухлислар ва бутун халқ эмас.

М.ПЎЛАТОВ тайёрлади