Мавсумлар оралиғида: Клубларимиз "спарринг" рақиблар танлашмоқда...

Мавсумлар оралиғида: Клубларимиз "спарринг" рақиблар танлашмоқда...

Амалдаги чемпион 13-27 январь кунлари Туркияда йиғин олиб боради. Табиийки, у ерда назорат ўйинлари ташкил этиш режалаштирилган.

 Ҳозирда спарринг-рақиблар ва ўйинлар санаси маълум. Яъни Максим Шацких Туркиядаги биринчи йиғинда 3та ўйин ўтказади: 

16 январь: «Днепр-1» (Украина)га қарши

20 январь: «Вадуц» (Лихтенштейн)га қарши

26 январь: «Младость ГАТ» (Сербия)га қарши

Айтиш жоиз, «Пахтакор»нинг иккинчи йиғини ҳам Туркияда ташкил этилади (31 январь - 14 февраль кунлари).

 

«НАВБАҲОР»

Наманганликлар Туркиянинг Анталия шаҳрида бошланган йиғинни режа асосида давом эттиришмоқда. Бош мураббий Самвел Бабаян футболчилар билан кунига икки маҳал машғулот ўтамоқда. Яъни эрталаб фитнес-зал, кечқурун бевосита майдонда. Туркияда жамоа машғулотларига легионерлар қўшилишди. Шунингдек, яқинда шартномасини янгилаган Жасур Яхшибоев ҳам жамоага қайтди. «Лочинлар» мазкур йиғин давомида бир қатор назорат учрашувлари ўтказишни режалаштиришган, албатта. 

 

«НАСАФ» 

Дарвозабон Азамат Соибов катта эҳтимолки, фаолиятини бошқа жамоада давом эттиради. Хабарлардан маълум бўлишича, шартномаси муддати якунланган кипер «аждарлар» билан хайрлашган. Хуллас, эркин агентга айланган футболчи ўзига янги клуб қидирмоқда. Маълумот учун, 24 ёшли дарвозабон Суперлиганинг якунланган мавсуми бирор ўйинда майдонга тушгани йўқ.

 

«ҚИЗИЛҚУМ»

Навоий жамоаси янги мавсум учун тайёргарликнинг иккинчи босқичини кўтаринки кайфиятда давом эттирмоқда. Яқинда жамоа билан шартнома тузган янги футболчилар - Жасур Холтўраев, Авазхон Маматхўжаев ҳамда Самандар Шукруллаев машғулотларда ўзларини кўрсата бошлашди. Қолаверса, яна бир нечта футболчи жамоа кўригида бўлиб турибди.

 

«ОЛИМПИК»

Темур Кападзе бошқарувидаги жамоа Анталия (Туркия)да ўқув-маш­ғулотлар йиғини ўтказади. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар берди. «Олимпиячилар» мавсумолди тайёргарлик жараёнининг учинчи қисмини Туркияда олиб боришади. Жамоа 27 январь - 15 февраль оралиғида Анталия шаҳрида шуғулланади. Ушбу йиғин доирасида бир нечта синов-назорат ўйини ташкиллаштириш режалаштирилган», - дейилади «Олимпик» хабарида. 

 

«СЎҒДИЁНА»

Жиззах клуби шу ҳафта бошида 3 нафар футболчи билан янги шартнома тузди. Жумладан, тажрибали ярим ҳимоячи Жавоҳир Қаҳрамонов 2023 йилнинг 1 декабригача мўлжалланган битим остига имзо чекди. Жавоҳир мавсум-2022да жами 37та ўйинда иштирок этиб, майдонда 2923 дақиқа ҳаракатланди. Статистикага назар солсак, у Суперлига-2022нинг 25та ўйини (2004 дақиқа)да 5та гол урди, шунингдек, 3та самарали узатма муаллифига айланди. Қаҳрамонов шунингдек, ОФК кубогининг 6та ўйинида майдонга тушиб, 527 дақиқа тўп сурди, ўз ҳисобига 2та гол ва 1та ассист ёздириб қўйди. Ўзбекистон кубогидаги натижаси: 5та ўйин, 392 дақиқа, 1та самарали узатма. Ёш ва тезкор ярим ҳимоячиси Хислат Халилов эса шартномаси муддатини 2024 йилнинг 1 декабригача узайтирди. Халиловнинг мавсум-2022даги статистикаси:

Жами: 21та ўйин (1126 дақиқа)

Суперлига-2022: 14та ўйин (695 дақиқа), 2та гол

ОФК кубоги: 4та ўйин (177 дақиқа), 1та самарали узатма

Ўзбекистон кубоги: 3та ўйин (254 дақиқа), 2та гол

Шартномаси муддатини узайтирган яна бир футболчи - бу ярим ҳимоячи Аюбхон Нўъмонов. Янги келишувга кўра, у 2023 йилнинг 1 декабрига қадар «Сўғдиёна» ихтиёрида қолади. Нўъмоновнинг мавсум-2022даги статистикаси:

Жами: 28та ўйин (1439 дақиқа)

Суперлига-2022: 20та ўйин (998 дақиқа)

ОФК кубоги: 4та (37 дақиқа)

Ўзбекистон кубоги: 4та ўйин (404 дақиқа)

«БУНЁДКОР»

Тошкент клуби яна икки футболчи билан шартнома муддатини узайтирди. Гап тожикистонлик ҳимоячи Даврон Эргашев ва дарвозабон Суҳроб Султонов ҳақида кетмоқда. Янги келишувга биноан, ҳар иккиси янги мавсум охиригача «Бунёдкор» шарафини ҳимоя қилади. Эргашев 2 йилдан «қалдирғочлар» сафида тўп сураётган бўлса, Султонов жамоа сафига 2017 йили қўшилганди. Тўғри, у бу орада маълум муддат АГМКда ўйнаб қайт­ди. Жамоа машғулотларига келсак, «қалдирғочлар» клуб академияси майдонида «Бухоро»га қарши назорат ўйинида майдонга тушишди. Бу учрашувда ҳисоб очилгани йўқ.

«Бунёдкор» - «Бухоро» - 0:0

«Бунёдкор»: Муҳаммадюсуф Собиров, Диёр Жалолиддинов, Александр Зевадинов, Авазбек Ўлмасалиев, Шоҳжахон Султонмуродов, Абдуллоҳ Омоналиев, Муҳаммадсафо Фозилов, Абдуазим Ортиқов, Маҳмуд Маҳаммаджонов, Судайси Жўрабоев, Музаффар Олимжонов.

Захирадан майдонга тушганлар: Владимир Назаров, Даврон Эргашев, Суҳроб Иззатов, Акбар Исматуллаев, Шерзод Мирзажонов, Оллоберган Каримов, Наримон Аҳмаджонов, Билол Туплиев, Фарҳод Ўткиров, Усмонали Исмоналиев, Жасур Ёқубов.

Айтганча, «Бунёдкор» БАА йиғинида ҳамюртимиз Андрей Фёдоров бошқарувидаги «Локомотив» (Москва) билан ҳам ўртоқлик учрашуви ўтказади. Москва клуби матбуот хизмати тарқатган хабарга кўра, 18 январга белгиланган бу ўйин «Локо» учун дастлабки назорат баҳси бўлади. Фёдоров жамоаси кейинчалик «Родина», «Сочи» ва «Шанхай Шенхуа» билан ҳам куч синашади. 

«СУРХОН»

Eriell Group, Enter Engineering ва бошқа кўплаб бизнеслар эгаси Бахтиёр Фозилов «Сурхон» клубининг давлатга тегишли улушини номинал қиймат (баланс)да тўғридан-тўғри сотиб олди. Термиз клубнинг мавжуд қарзи Сурхондарё вилояти ҳокимлиги томонидан тўланади. Бу ҳақда GoSport нашри хабар берди. Маълумот учун, Фозиловга тегишли компаниялар бунга қадар Тошкентнинг «Ҳумо» хоккей клубига ҳомийлик қилаётганди. Термиз клуби ҳомийлиги Eriell Group компаниясига 2021 йил охирида бириктирилган эди. Tribuna.uz сайтида ёзилишича, самарқандлик таниқли тадбиркор бош-қарувидаги компания 2022 йили «Сурхон» бюджетига 50 миллиард сўм ажратган. Orginfo.uz маълумотига кўра, FC Surhan МЧЖнинг 100 фоизлик улуши Бахтиёр Фозиловда бўлиб, клубнинг устав фонди 1 миллиард сўмни ташкил этади. Бахтиёр Фозилов 2004 йили ўзи асос солган Eriell Group нефть ва газ соҳасидаги йирик компания кенгаши раиси саналади. Шунингдек, Enter Engineering, Самарқанддаги «Буюк ипак йўли» халқаро туристик маркази, Air Samarkand авиакомпанияси, Тошкентдаги Humo Arena ва Самарқанддаги Family Park мажмуаси таъсисчиларидан бири саналади. 

«Сурхон»га боғлиқ яна бир хабар шуки, «Бунёдкор»дан истеъфога чиқарилган Виктор Карпенко Термизда иш бошлади. 45 ёшли мутахассис катта эҳтимолки, ҳужжатларда «Сурхон» бош мураббийига айланади. Чунки жамоа бошқарувини қўлга олган Сергей Токов Суперлигада бош мураббий лавозимини эгаллаш учун талаб этиладиган Про лицензиясига эга эмасди.

 

«АНДИЖОН»

Дукентда машғулотлар йиғинини давом эттираётган «Андижон» мураббийлар штаби селекция ишларини ҳам изчил олиб бормоқда. Ҳафта бошида жамоа сафига яна бир янги футболчи қўшилди - аввалги мавсум «Турон»да ўйнаган 24 ёшли Сардор Абдунабиев машғулотларда иштирок эта бошлади. Бу футболчининг трансфер ҳуқуқи АГМК клубига тегишли бўлиб, у «Турон»да ижара келишуви асосида тўп сурганди. Сардор 2022 йили Про лиганинг 17та ўйинида майдонга тушиб, 1та гол муаллифига айланди. Энг қизиғи, ягона голини чемпионатнинг охирги турида айнан «Андижон» дарвозасига урганди.

 

«БУХОРО»

Бухороликлар пойтахтдаги иккинчи назорат ўйинида «Бунёдкор» билан куч синашишди. Ҳаким Фузайлов бу учрашувда яна бир қатор янги футболчиларни майдонга туширди. Дейлик, аввалги мавсум «Локомотив»да тўп сурган ярим ҳимоячилар Ғуломҳайдар Ғуломов ва Жавоҳир Алижонов «Бухоро» таркибида кўриниш беришди. Алижонов ўтган мавсум Суперлиганинг 17та ўйинида қатнашиб, 1та гол урганди. 2020 йилнинг ёзида «Локомотив» сафига қўшилган ва ўтган йилнинг ноябрь ойида жамоа билан хайрлашган Ғуломов эса Суперлигада 22 марта майдонга тушиб, 1тадан гол ва самарали узатма қайд этди. Булардан ташқари, «Металлург»нинг икки собиқ футболчиси - Ихтиёр Тошпўлатов ва Фаррух Иброҳимов ҳам «Бухоро» сафида майдонга тушишди. Маълумот учун, Фаррух 2022 йили Суперлигада 24та ўйин ўтказиб, 1та гол урди, Ихтиёр эса 20та баҳсда иштирок этди. Олдинроқ «Металлург» ҳимоячиси Аббос Отахонов «Бухоро» билан шартнома тузганди. Натижага келсак, «Бунёдкор» академияси майдони ташкил этилган ўйинда кучлар тенг келди - 0:0. Эслатма, Ҳаким Фузайлов шогирдлари бундан олдин «Пахтакор-79» жамоасини йирик - 4:0 ҳисобида таслим этгандилар. 

«Бунёдкор» - «Бухоро» - 0:0

«Бухоро»: Сардор Қобулжонов, Аббос Отахонов, Обид Жўрабоев, Жамолиддин Убайдуллаев, Ихтиёр Тошпўлатов, Фаррух Иброҳимов, Ҳумоюнмирзо Иминов, Жасур Азимов, Файзулло Жуманқўзиев, Рустам Абдуҳамидов, Рўзимбой Аҳмедов.

Захирадан майдонга тушганлар: Акобир Қаюмов, Миржалол Жумаев, Сирож Мелиев, Абдухолиқ Қурбонов, Асилжон Бегим-қулов, Руслан Қораев, Саидакбар Шарипов, Жавоҳир Расулов, Ғуломҳайдар Ғуломов Усмон Икромов, Данила Ежов, Жавоҳир Алижонов.

 

«ЛОКОМОТИВ»

«Локомотив» раҳбарияти қарорига кўра, Рифат Акрамхўжаев клуб менежери лавозимига тайинланди. Маълумот учун, бу мутахассис шу пайтга қадар «Локомотив» болалар ва ўсмирлар футбол мактаби директори сифатида ишлаётганди. Эндиликда «Локомотив» тизимидаги барча жамоалар (асосий таркиб, U-19, шунингдек, футзал ва аёллар, футбол мактаби) натижаларига Рифат Сайди-Анварович масъул саналади. Акрамхўжаев «Локо»даги фаолиятини 2019 йили бошлаган бўлиб, дастлаб U-21 жамоасида ёрдамчи мураббий ролини бажарган. Ўша мавсум иккинчи даврасида жамоа бошқарувини қўлга олиб, «Локомотив» ўринбосарлари U-21 биринчилигида чемпион бўлишларини таъминлади. 2020 йили эса Акрамхўжаев «Локомотив» U-18 жамоаси бош мураббийи лавозимида фаолият олиб борди ва шогирдлари билан шу ёш тоифасидаги мусобақада 3-ўринни қўлга киритди. 2021 йил бошида «Сурхон» клубига йўл олган мураббий 1 июль куни «Локомотив»га қайтиб, дастлаб селекционер, кейин U-18 жамоаси устози сифатида ишлади. 2022 йили эса «Локомотив» футбол мактаби директори лавозимига тайинланган эди.

 

«ДИНАМО»

Самарқанд клуби 5 январдан Тошкентда шуғулланмоқда. Бош мураббий Вадим Абрамов футболчилар билан кунига икки маҳал машғулот ўтамоқда. «Динамо» пойтахт йиғини давомида бир қатор назорат ўйинларида иштирок этади. Жумладан, 11 январь (кеча) кунига Суперлига иштирокчиси - «Бухоро»га қарши баҳс режалаштирилгани ҳақида маълумот берилди. «Динамо» шунингдек, 12 январь куни «Бунёдкор» ва 14-санада «Сўғдиёна» билан ўйнайди.

 

«ШЎРТАН»

Алексей Евстафеев расман Ғузор клуби бош мураббийи этиб тайинланди. Айрим маълумотларга қараганда, ўтган мавсум «Турон»да ишлаган Анвар Бердиев ҳам «Шўртан» тизимига ўтади. Ҳозирча мураббийнинг жамоада айнан қайси лавозимда фаолият юритиши аниқ эмас.

 

«ЯНГИЕР»

Про лига клубига янги бош мураббий тайинланди. Эндиликда «Янгиер»-ни фаолияти давомида «Насаф», «Машъал», «Бунёдкор» ва «Нефтчи» каби жамоалар ўйнаб, мухлисларга танилган Жаҳонгир Жиямуродов бошқаради. У бунга қадар «Зомин» ва «Рубин» клублари бош мураббийи лавозимида ишланганди. Аввалги мавсумни «Янгиер» бош мураббийи сифатида якунлаган Диёр Мирзабоев эса жамоа билан хайрлашди.