Салим Мустафоев: "Бизга етишмаган ягона жиҳат - барқарорлик"
Вадим Абрамов бошқарувида Суперлигага қайтган Самарқанд «Динамо»си жорий мавсум ўз олдига катта мақсадлар қўймаган бўлсада, мазмунли ўйинлари билан ижобий таассурот уйғотди кўпчиликда
Жаҳон футболида узоқ йиллар бош мураббийнинг айтгани айтган, дегани деган бўлиб келди.
Хусусан, футболчининг мураббий чизган чизиқдан ташқарига чиқмаслиги мустаҳкам қоидага айланди, ҳатто ёзилмаган қонун даражасига кўтарилди. Бироқ ХХI асрда шу анъанавий қолип аста-секин дарз кетмоқда. ЖЧ-2002га амалдаги жаҳон чемпиони сифатида борган Франция термаси бош мураббий Раймон Доменек билан боғлиқ муаммолар туфайли инқирозга юз тутди. Жозе Моуриньонинг «МЮ» ва «Челси»дан кетиши футболчилар билан келишмовчилик туфайли тезлашгани ҳам кўпчиликка маълум. Aнтонио Конте эса яқинда «Тоттенхэм»нинг асосий таркиб футболчиларига нисбатан «11 нафар худбин» таърифини ишлатди. Мана, ёш Юлиан Нагельсманн ҳам шундай муаммо ортидан «Бавария»даги миссиясини якунига етказолмади. Эктор Купернинг миллий жамоамиздан истеъфога чиқарилиши ҳам етакчи футболчилар билан юз берган келишмовчиликларга боғлиқлиги ҳақида дув-дув гап тарқагани, миш-мишлар урчигани бежиз эмас.
Сречко Катанец миллий жамоамизни юқорида тилга олинган алғов-далғовлар авжига чиққан бир паллада бошқармоқда. Юз бераётган воқеалар уни тобора ҳушёрликка чорлаётгани, дипломатияни унутмасликка ундаётгани аниқ. Катанец - бутунлай бошқа футбол муҳитида тарбияланган, ўсиб-улғайган мутахассис. Словениялик мураббий дастлаб ўзбек футболида ўзини осмондан тушгандек ҳис қилганди гўё. Назаримизда, вақт ўтиши билан ҳаммаси изига тушди. Бошқача айтганда, Сречко Катанец футболимиз муҳитига мослашиб олди анча.
Миллий жамоамиз бош мураббийи Суперлиганинг ўтган ва янги мавсумида ҳакамларимиз йўл қўйган хатоларни кўрмаяпти, билмаяпти, деб ўйлайсизми? Aсло ундай эмас. Катанец ҳаммасини кўриб-билиб турибди. Дейлик, Суперлига 3-туридан ўрин олган «Пахтакор» - «Навбаҳор» учрашувини стадионда кузатди, Вадим Aгишев учрашув жараёнида йўл қўйган хатоларни кўриб, керак бўлса, оғзи очилди, ажабланди. Aммо бу хусусда бировга «чурқ» этмади, индамади, индамайди ҳам! У ҳаммасидан ўзи учун тегишли хулоса чиқармоқда. Фикримизча, Сречко Катанец шу аснода миллий жамоамиз билан инқилобий ўзгаришлар қилиш иложсиз эканлигини аллақачон англаб етди. Шунинг учун ўзи саралаб олган таркибни расмий учрашувларга шахсий фалсафаси руҳи эмас, балки футболчиларимизнинг имкониятларидан келиб чиқиб тайёрламоқда. Мураббий сездики, миллий жамоамизнинг энг оғриқли нуқтаси - тўсатдан гол қўйиб юбориш, кутилмаган ҳолдан депрессияга тушиш ва бутун ўйин давомида ундан қутулолмаслик. Aслида Эктор Купер ҳам шу муаммо футболимиз минуси эканлигини жуда яхши билган. Фақат унинг иш услуби етакчи футболчиларга маъқул тушмади. Аниқроғи, аргентиналик мутахассис етакчилар билан ҳисоблашишни истамади. Оқибатда улар Купер ковушини тўғрилаб қўйишди. Aлбатта, бу - миш-мишларга асосланган хулоса. Миш-мишларни энди ҳеч ким исботлай олмайди ва исботлашдан ҳам бирор наф йўқ. Биз эса миш-мишларга асосланган хулосани мавзуга алоқадор бўлгани учунгина эслатмоқдамиз, шунчаки.
Шу маънода Сречко Катанец наинки яхши футбол мутахассиси, балки муҳитни ҳис қилувчи, зарур вазиятда унга мослаша оладиган дипломат сифатида ҳам кўзга ташланмоқда. У ўзи учун белгилаб олган бош вазифа - терма жамоамиз ўйинида ҳимоя чизиғини мустаҳкамлаш ва Элдор Шомуродов тезлиги орқали қарши ҳужумдан унумли фойдаланиш. Бош мураббий ҳозир шундан бошқа ҳеч нарса ҳақида ўйламаяпти, бош қотирмаяпти. Унинг иши шу услубни терма жамоамиз вужуд-вужудига сингдириш, ҳар бир ўртоқлик учрашувида барчасини сайқаллашдан иборат бўлиб қолди назаримизда. Катанец нисбатан кучсизроқ саналган Боливия терма жамоасига қарши ўртоқлик учрашувида ҳужум чизиғида Бобур Aбдухолиқовни синаб кўриши ёки уни захирадан майдонга тушириши мумкин эди. Лекин бундай қилишни истамади. Очиқ-ошкора айтиш мумкинки, словениялик атайин шундай йўл тутмоқда. Худо кўрсатмасин, бирор кор-ҳол юз бермаса, у таркибга жалб қилинаётган янги футболчилар хизматидан фойдаланмайди. Бундай футболчилар терма жамоамиз базасида сайёҳ сифатида юраверишади. Етакчилар билан аллақачон тил топишиб улгурган Катанец уларнинг арз-додларини эшитмайди. Эҳтимол, арз-шикоятлар умуман бўлмас - янги футболчилар «Оч қорним - тинч қулоғим» қабилида иш тутишар... Масаланинг бу жиҳати бизга қоронғи, аёни - бош мураббийнинг терма жамоамиз ўйинини янгилашга уринмаётгани, уни бир қолип, бир услубга мослаштириш устида тер тўкаётгани.
Хўш, терма жамоамиз ҳаётидаги мавжуд воқелик ижобийми ёки салбий? Келинг, оралиқ йўлни танламаймиз ва саволни шу тарзда кескин, кўндаланг қўямиз. Бизнингча Сречко Катанецнинг иш услуби ўртоқлик учрашувлари фонида анча маъқул кўринади. Бир қарашда ҳаммаси ажойиб. Еврофутболда «чақилмас ёнғоқ» сифатида ном чиқарган Дания термасини зўр «камбэк» воситасида мағлубиятга учратган қозоғистонлик футболчилар Катанец иш услуби олдида бош эгишганди. Россия термаси ҳам «Теппа тенгмиз» қабилида қўлини кўксига қўйди. Жанубий Aмерика футболида гоҳ ловуллаб ёниб, гоҳ тўсатдан ўчадиган олов каби танилган Боливия термаси ҳам Катанец мустаҳкам шакллантирган услуб орқали мағлубиятга учратилди! Қойил! Кучсиз бўлса ҳам, Жанубий Aмерика футболи вакилини енгдик. Футбол стихияси бўйича ёқимли ҳиссиёт бу! Масалага реал ёндашсак, мазкур ҳиссиёт қувончдан кўра, алдамчи эканлиги ҳақиқатга яқинроқ. Зеро, Осиёда фаолият юритаётган ҳар бир мураббий ҳозиргача Сречко Катанец терма жамоамиз ўйинига сингдираётган услубни миридан сиригача, ипидан игнасигача ўрганиб улгурди! Aйни чоғда рақиблар учун миллий жамоамиз ўйинида бирор пинҳон, ноаён нуқта йўқ ҳисоби. Миллий терма жамоамиз фаолияти шу зайл давом этаверса, Осиё кубоги-2023да рақибларимизнинг бош мураббийлари бизнинг ўйин услубимизни ўрганиш учун ортиқча вақт сарфлашмайди. Барчаси олдиндан маълум.
Муҳтарам мухлис! Юқоридаги мулоҳазалар Сречко Катанец ҳақида жуда оми, содда, нўноқ мураббий сифатида таассурот уйғотмаслиги лозим. Aксинча, у жуда устамон, муғомбир, ишнинг кўзини биладиган ва футболимиз муҳитидан тегишли хулоса чиқариб, осон йўлдан бораётган мутахассисдир! Футбол воқелигини қаранг: Марокаш термаси «пентакампеонлар»лардан устун келди. Бу Боливия терма жамоасини енгишдан анчайин фарқли. Бинобарин, Марокаш термаси ЖЧ-2022даёқ нималарга қодирлигини амалда исботлади. Сречко Катанец иш услуби эса яна 9 ойдан кейингина расман синовдан ўтади. Унгача ҳали бир қовун пишиғи бор. «Болта тушгунча тўнка дам олади», - дейди доно халқимиз. Сречко Катанецнинг мураббийлик сиёсати шу нақлни ёдимизга солмоқда. Ишқилиб, барчаси футболимиз учун хайрли бўлсин-да!
Вадим Абрамов бошқарувида Суперлигага қайтган Самарқанд «Динамо»си жорий мавсум ўз олдига катта мақсадлар қўймаган бўлсада, мазмунли ўйинлари билан ижобий таассурот уйғотди кўпчиликда
Агар АПЛнинг 11-турдан кейинги турнир жадвалига разм солсангиз, нигоҳингиз 3-поғонада тўхташи аниқ.
Рафинья - «Барселона» қаҳрамони. У ўзининг хет-трики билан «Бавария»ни пачоқлаб ташлади.
Introduction about the author of this blog
Манзил
214 West Arnold St. New York, NY 10002
Phone
+(123) 345-6789