Мураббийлар: 75 ёшли Хожсон қайтди яна

Мураббийлар: 75 ёшли Хожсон қайтди яна

Ҳа, қариликни тан олмаётган Рой Хожсон иккинчи марта нафақани тўхтатиб, ишга қайтди.

75 ёшни уриб қўйган мураббий энди «Крис­тал Пэлас»ни АПЛда олиб қолишга уринади. Ўтган йили 59 ёшли Дэвид Мойес АПЛда энг «отахон» мураббий эканлигини билгач, бундан енгил ҳайратга тушганди: «Тўғриси, энг қарияси бўлиб қолганимдан бехабар қолибман. Қайсидир клуб Рой Хожсон, Тони Пулис ёки Харри Реднаппни ишга қайтариши учун дарҳол нимадир қилиш керак... Очиғи, ишонгим йўқ, ахир унча қари эмасман-ку!» Мана, Мойес талаби амалга ошди - 75 ёшли Рой Хожсон «Кристал Пэлас» бошқарувини қўлга олди ва «Вест Хэм» устози АПЛдаги энг қария мураббий мақомидан қутулди...

*** 

«Кристал Пэлас» жорий йил бошидан март ойидаги ФИФА кунларига қадар ғалаба нималигини билмади. Натижада Лондон клуби раҳбарияти АПЛдаги позициядан ташвишлана бошлади. Омадсизликлар ортидан Рой Хожсонни ортга қайтариш фикри ҳам туғилди. Март ойи ўрталарида эса раҳбариятнинг сабр косаси тўлди ва бош мураббий Патрик Виейра истеъфога чиқарилди. Бинобарин, Франция футболи афсоналаридан бири тузган қизиқарли жамоа 12та ўйинга чўзилган ғалабасиз серия оқибатида турнир жадвалида «қора рўйхат»га анча яқинлашиб қолди (18-ўриндаги клуб билан ўртадаги фарқ 3 очкога тушди). Шундан сўнг «Пэлас»ни «Арсенал»га қарши ўйинга ёшлар жамоаси мураббийи Пэдди Маккарти тайёрлади. Бироқ бош мураббий ваколатини вақтинча қўлга олган мутахассис ҳам натижа таъминлай олмади - 1:4. Шу тариқа охирги марта 2022 йилнинг декабрь ойида ғалаба қозонган «Пэлас» яна Хожсон бобо бош­қарувига ўтди, Маккарти эса унинг штабидан жой олди. 

*** 

«Кристал Пэлас» эгаси Стив Пэриш франциялик мутахассис истеъфоси ҳақида қисқача гапирди: «Афсус, Виейра билан ҳамкорликни тўхтатиш юзасидан кескин қарор чиқаришимизга тўғри келди. Бу борада қанчалик қийналганимиз ўзимизга аён. Охирги ойлардаги натижалар оқибатида таранг ҳолатга тушдик ва АПЛ­да қолиш имкониятини яхшилаш учун қандайдир ўзгаришлар зарурлигини ҳис қилдик». Аслида Лондон клуби ўтган мавсум ўзини анча тиклаб олганди. Зеро, айнан Хожсон давридан кейин жамоани янгилашга киришган Виейра анча тетик ва томошабоп ўйинни йўлга қўйиб олгани билан эътибор қозонганди. Энг муҳими, натижалар ҳам анча яхшиланди: Виейра тузган «Пэлас» АПЛ турнир жадвалида 12-ўринга кўтарилди, қолаверса, Англия кубоги ярим финалига чиқди. Лондонликларда ҳаттоки, еврокубокларга чиқиш имконияти юзага келди, фақат бунинг учун омадли сценарий талаб этиларди.

Ҳа, «Пэлас» халқаро танаффусга ҳам айнан 12-ўринда чиқди, бироқ айни пайт турнир жадвали анча зич (28-турдан сўнг 12 ва 20-ўринларни атиги 4 очко ажратиб турарди) ва Лондон клуби раҳбарияти аҳвол янада жиддийлашишидан чўчиди, албатта. Боз устига, Виейра учун иккинчи мавсумда жамоа ўйи­ни сифати ҳам сезиларли даражада пасайди. Шунингдек, Патрик ижара муддатидан кейин «Челси»га қайтган Конор Галлахер ўрнига муносиб ижрочи тополмади, одатий етакчи Вильфрид Заа эса ўзининг энг ёмон мавсумларидан бирини ўтказмоқда.

*** 

Хуллас, жиддий ўзгаришга қўл уриш футсати етганди ва бунинг учун энг мақбул вақт танланди - терма жамоалар ўйинлари туфайли юзага келган кичик танаффус. Ҳар ҳолда, янги мураббий маълум вақтга эга бўлди - бу ниманидир тузатиш имконияти. Тўғри, Хожсоннинг қайтиши мажбурий қадам ва вақтинча ҳолатга ўхшайди. Виейра иш бошлашидан олдин айнан Рой бобо «Пэлас»ни қуйи лигага тушиб кетиш хавфидан муваффақиятли ҳимоя қилганди, аммо лигада қолиш учун курашиш жамоа учун одатий ҳолга айланди. Мана, фахрий мураббийнинг охирги 4 йилдаги натижасига қаранг: 11-ўрин, 12-ўрин ва 2 марта 14-ўрин. Хуллас, «Кристал» Хожсон даврида бир жойда қотиб қолгандек таассурот уйғотди: қаторасига икки мавсум энг қария бош мураббий, энг ёши катта жамоа (бошланғич таркибга кирган футболчилар ўртача 30 ёшда эдилар), жуда прагматик ўйин услуби. Шунинг баробарида ёши катта таркиб биноийдек маош олди. Дейлик, Хожсон қўл остидаги охирги мавсумда «Пэлас» иш ҳақи харажати бўйича АПЛда 7-ўринни эгаллади, яъни фақат одатий «катта олтилик»дан ортда қолди. Виейра даврида эса «Пэлаc» ҳам маош (10-ўрин), ҳам таркибнинг ўртача ёши (26,5) бў­йича ижобий ўзгаришга юз тутди. Шуларни ҳисобга олсак, Лондон жамоаси раҳбарияти Рой Хожсонни узоқ муддатли ривожланиш стратегияси эмас, балки АПЛда «жон» сақлаш учун чақирди. Ҳар ҳолда, Рой бобо синовдан ўтган қутқарувчилардан биридир. Тақвимга қарасак, «Кристал Пэлас» қолган турларда асосан тўғридан-тўғри рақобатчиларига қарши ўйнайди: «Лидс», «Саутгемптон», «Эвертон», «Вулверхэмтон», «Вест Хэм», Борнмут, «Ноттингем Форест». Хожсон жамоасини жадвалнинг юқори қисмида жойлашган рақиблардан эса фақат «Тоттенхэм» ва «Фулхэм» билан сафар ўйинлари кутмоқда. 

murab-1.jpg

*** 

Нафақадаги Хожсонни иккинчи марта безовта қилишмоқда. Қутқарувчи мураббий бунга қадар «Уотфорд»га ёрдам беролмаганди. Хожсон 2021 йили «Кристал Пэлас» билан хайрлашгач, 45 йилга чўзилган мураббийлик фаолия­тига нуқта қўйганини эълон қилди (Рой бу йўналишдаги ишини 1976 йили Швециянинг «Хальмстад» клубида бошлаб, чемпионат аутсайдерини икки марта олтин медаль сари етаклаганди). Бироқ англиялик футбол билимдонини ҳақли нафақада ҳам тинч қўйишмади: «Уотфорд» 2022 йилнинг қишида 70 ёшли Клаудио Рань­е­ри билан алоқани узиб, ўрнига 74 ёшли Рой бобони чақирди. Шу тариқа Хожсон ўша мавсум жамоа бошқарувини қўлга олган учинчи мураббийга айланди. Унинг олдидаги вазифа осон эмасди - «Уотфорд»ни қуйи лигага тушиб кетиш ҳудудидан чиқариш. Клуб ўша пайт турнир жадвалининг сўнгги қаторида турганди (тўғри, захирасида 2та ўйин ҳам бор эди). Якунда Хожсоннинг бой тажрибаси «Уотфорд»га ёрдам бермади, қолаверса, мураббий ҳам фаолиятида илк марта клуби билан АПЛдан тушиб кетди. Кўрамиз, Рой бобо бу сафар катта миссияни қандай бажараркин?

Рой Хожсон АПЛ тарихидаги энг ёши катта мураббий ҳисобланади. У қариялар рейтингида Бобби Робсон, Алекс Фергюсон, Клаудио Раньери, Гус Хиддинк ва Арсен Венгер каби афсоналардан олдинда. Рой бобо бу сафарги қайтиши билан шахсий рекордини янгилади. Бинобарин, у 2022 йилнинг май ойида «Уотфорд»ни «Челси»га қарши баҳсда майдонга бошлаб тушиш асносида охирги рекордни ўрнатганди - 74 ёшу 286 кунлик. Мана, энди маррани 75 ёшга чиқариб қўйди. Олдинда яна битта амбиция - «Кристал Пэлас»ни АПЛда олиб қолиб, фаолиятини чин қутқарувчи мақомида якунлаш.