"Навбаҳор"да қарз бор, лекин янги футболчиларни рўйхатдан ўтказа олади

"Навбаҳор"да қарз бор, лекин янги футболчиларни рўйхатдан ўтказа олади

Маълум бўлишича, "Лочинлар" жорий йилнинг 10-январь санасига қадар ўтган мавсумдан қолиб келаётган қарздорликни бартараф қила олишмаган.

Бироқ клуб Футболчилар мақоми ва ўтиши қўмитаси томонидан чиқарилган қарорлар ижросини тўлиқ бажарди. Ассоциация ҳамда Лига клуб билан боғлиқ қарздорлик масаласи тўлиқ ўрганилгунига қадар трансфер тақиқини олмасликка қарор қилди. Бугун — 21-февралда клуб фарм, U19, U21 ва аёллар жамоаларидан қолиб келаётган мавжуд қарздорлик масаласига тўла ойдинлик киритди. Шунингдек, қўмитага мурожаат қилишга тайёргарлик кўраётган асосий таркиб а’золари билан келишув имзоланди. 

Эндиликда "Навбаҳор" олдига биринчи галда ёшлар ва аёллар жамоаси билан ҳисоб-китоб қилиш вазифаси қўйилди. Мазкур қарздорлик дастлабки икки уй учрашувидан кўриладиган фойда ҳисобидан қопланиши кафолатланди. Шунингдек, клуб Чемпионлар лигасидаги муваффақиятли юриши натижасида эга чиқадиган даромадни ҳам илк навбатда қарзларни бартараф этиш учун сарфлайди. Келажакда Наманган вилоятининг футзал, аёллар ва ёшлар жамоалари билан ишлаш механизмини тўғри йўлга қўйиши шарт. Мавжуд ҳолат мавсум давомида кузатилса ва йил якунида ўхшаш масалалар амалда бўлса, клубга нисбатан янада қат’ийроқ санксиялар қўлланилади. 

Лига "Навбаҳор" клубининг сўнгги йиллардаги муваффақияти, айниқса, жамоанинг халқаро майдонда қайд этаётган натижаларини юқори баҳолайди. Мухлислар билан ишлаш, асосий таркибга бўлган талаб ва ёндашув масаласида  жамоа ҳақида илиқ фикрлар билдириш мумкин. Мазкур ҳолатларни инобатга олиб, клуб структурасини тўлиқ профессионал кўринишга келтириш масаласи қайта кўриб чиқилиши шартида Ассоциация клубга янги футболчиларни рўйхатдан ўтказиш учун рухсат беради. 

Шунингдек, Ассоциация томонидан қўйилган талаблар ижроси бажарилганлиги бўйича ҳисоботни тақдим этган “Сўғдиёна” ва “Нефтяи” клубларидан ҳам трансфер тақиқи ечилди.