Нигоҳ: 33 ёшда қайтиш, яна бўрилар билан...

Нигоҳ: 33 ёшда қайтиш, яна бўрилар билан...

Диққат, 33 ёшли Диего Коста АПЛга қайтди - кучли «камбэк».

«Вулверхэмптон» ёвқур табиати билан танилган фахрий ҳужумчини элит лигага қайтарди ва у билан мавсум охиригача мўлжалланган шартномани расмийлаштирди. Айтиш керак, БразилияҒиспаниялик ҳужумчи «бўрилар» галасига эркин агент мақомида қўшилди. У аввалги клуби - «Атлетико Минейро» билан январь ойида хайрлашганди. Умуман, Диего охирги 20 ойда атиги 19та ўйинда иштирок этди.

The Athletic нашрида ёзилишича, аслида «Вулвз» вакиллари ҳужумчининг АПЛ шиддатига жавоб бера олишига шубҳа билан қарашган, лекин футболчи иштиёқи ўлароқ, фикрларини ўзгартиришган. Таъкидланишича, Коста АПЛга қайтиш учун «Райо Вальекано» таклифидан воз кечган.

«Вулверхэмптон» Диего Кос­танинг АПЛга қайтиши шарафига ажойиб видеоролик тайёрлади. Унда футболчи занжирбанд 4та бўри билан намоён  бўлади. Футболчи характерига мос таништирув ролиги. Бошқача айтганда, мутлақо креатив ёндашув. 

Тўғри, Диего Коста кейинчалик роликни суратга олиш жараёнида қаттиқ қўрқганини яширмади. «Очиқ айтаман, роса қўрқдим. Занжирни ушлар эканман, беихтиёр ўйлаб қолдим: «Тўхта, бўрилар сенга ташланса, нима қила оласан...?» Улар оёғим олдига келганида эса, мени титроқ босди ва ҳаммаси тугади, деб ҳисобладим. Қўрқув анчагача мени тарк этмади. Ахир улар ит эмас, ҳақиқий бўри эди. Тан оламан, бу қойилмақом тажриба, аммо ўзимни қулай сезганим йўқ. Уйда 5та итим бор, лекин бўри бошқа-да, барибир», - деди Диего видеоролик тақдимотидан кейин. Эслатма, бразилиялик «испан» Англияда «Челси» шарафини ҳимоя қилган ва 2014-2017 йиллар оралиғида 2 марта АПЛ чемпиони бўлган. 

МУҲАММАДСОДИҚ тайёрлади