НИГОҲ: Алоҳида эртак олами

НИГОҲ: Алоҳида эртак олами

Кубалик таниқли меъмор Лионель Месси учун Майамида қуриладиган кошона концептини ҳавола этди.

Шунчаки, эртакнамо лойиҳа ёхуд алоҳида мультиолам. Ҳар ҳолда, Хорхе Луис Велиз Куинта аргентиналик юлдузнинг Флоридадаги бўлажак уйи (ёхуд келажак уйи)ни мутлақо бошқача тасаввур қиляпти. Кубалик архитектор футуристик дизайнлари билан машҳур, аммо у энди ўзидан ҳам ўзиб кетгандек...

*** 

Ҳа, архитекторлар жамоаси Лионель Мессининг «Интер Майами» сафидаги ўйинларидан шу қадар илҳомланишганиданми, унинг учун суперзамонавий сарой лойиҳасини тайёрлашди. Uli Аrchitects ва Veliz Аrquitecto компаниялари томонидан тайёрланган лойиҳага мувофиқ, алоҳида эртак олами Леонинг шахсий оролида қад кўтаради. 3 қаватли қаср­нинг асосий белгиси - «М» ҳарфи. Бунинг маъноси тушунарли. Хуллас, «М» шаклидаги саройда ҳаммаси мужассамлаштирилади: қимматбаҳо автомобиллар учун катта гараж, вертолётлар қўниш майдони, оилавий ўйин-кулгу бурчаги (бассейнлар, сув слайдлари, кинотеатр, футбол майдони, ўйин хоналари, меҳмонхона ва ҳоказо...). Уй ичи шунчаки, афсона: катта панорамали деразалардан денгиз манзараси борича кўриниб туради.

*** 

Лео MLS майдонларини «ёндираётган» бўлса, унинг ҳамхонаси Антонелла Рокуццо хоним ижтимоий тармоқларни «портлатяпти». Энг қизиғи, у «Интер Майами» ўйинидан сўнг фарзандлари билан майдонга тушиб, турмуш ўртоғини қучоқламоқчи бўлди, аммо уни адаштириб юборди. Ажабо. Хуллас, Антонелла ишонч билан Жорди Альбага яқинлашди, уни ҳаттоки, ўпиб қўйишга чоғланди, шу лаҳзада юзига қараб, адашганини тушунди ва ноқулай аҳволга тушиб, футболчидан узоқлашди. Яхшики, Альба ҳам бошқа томонга ўгириб кетди. Мессининг ақлли фарзандлари эса отасининг дўсти ёнига югуриш асносида вазиятни анча юмшатишди.

*** 

Дарвоқе, Месси «Майами»нинг MLS доирасида «Нэшвилл»га қарши кечган ўйини (0:0)да илк марта майдонни голсиз тарк этди. Аммо бу ўйин оммага аргентиналик юлдузнинг шахсий тансоқчиси Яссин Чеуко иштирокидаги янги вирусли видеолаҳва тақдим этди. У Леони ҳар нуқтада кузатиб боради, ҳаттоки, ўйинлар вақти майдон четида футболчига ҳамоҳанг ҳолда югуради. Хуллас, бу сафар кўпчилик кутган иш амалга ошди - тансоқчи Мессига тўп узатди! Ҳа, четдан (Лео бурчак нуқтасига яқинлашганида). Асосийси, Чеуко яхшигина техникаси борлигини кўрсатиб қўйди. Месси учун идеал шерик. Яссин Чеуко - «Интер Майами» томонидан Лионель Месси хавфсизлигини таъминлаш учун ёлланган тансоқчи. У вақтида АҚШ армияси денгиз қўшинида хизмат қилган, Ироқ ва Афғонистон урушларида қатнашган. Жанг санъати устаси, бокс ва таэквондо билан шуғуллаган, ҳатто ММА жангларида қатнашган. Айтганча, ижтимоий тармоқларда Яссиннинг обуначилари сони аллақачон 116 мингдан ошди.

*** 

Лионель Мессининг «Интер Майами» сафига қўшилгани бутун АҚШ учун катта воқелик бўлганига шубҳа йўқ. Эндиликда MLS ўйинларида жаҳон миқёсидаги мегаюлдузларнинг катта гуруҳи кўриниш бермоқда, чемпионатга бутун дунёда қизиқиш анча ортди. Аргентиналик юлдуз трансферида катта роль бажарган Apple компанияси ҳам ютуқда. Эътиборли томони, лиганинг бош ташвиқотчиси йиллик абонементлар даромадидан Леога фоиз тўлашни ўз зиммасига олган. Мана, қисқа вақтда маълум бўлдики, ушбу келишувдан ҳамма ютмоқда. Мессининг Америкадаги дебют куни (Лигалар кубогида «Крус Асул»га қарши ўйин) Apple TV обуначилари сони 100 минг кишига кўпайди, иккинчи учрашув куни эса яна 70 минг фойдаланувчи ушбу компания пакетини расмийлаштирди. Хуллас, июль Apple TV учун жорий йилдаги энг самарали ой бўлди обуначилар сони нуқтаи назаридан. «Обуначилар масаласида натижа кутганимиздан ҳам зиёда. Факт шуки, Мессининг «Интер Майами»га ўтгани бу борада бизга жиддий туртки берди», — деди Apple бош директори Тим Кук август ойида компаниянинг даромад ва зарари юзасидан берган баёнотида.

 А.АҲМЕДОВ тайёрлади