НИГОҲ : «Лион»га нима бўлди?

НИГОҲ : «Лион»га нима бўлди?

Сўнгги йилларда жиддий муаммоларга дуч келган Франциянинг энг совриндор жамоаларидан бири ҳозир ички чемпионатда 9-ўринда бормоқда, еврокубоклар ҳудудидан 8, ЕЧЛдан 15 очкога ортда.

Бу ягона омадсизлик эмас. «Лион» янги асрдаги энг оғир даврни бошдан кечирмоқда.

2019|2020 йиллар мавсумига қадар ортда қолган 19 йил давомида жамоа атиги 3 марта совриндорлар сафидан жой олмаган, мавсумни икки марта 4, бир марта 5-ўринда якунлаганди. Таажжубки, 2000, йилларда қаторасига 7 мавсумда чемпионликни ҳеч кимга бермаган «Лион» 2010-йилларда бирор марта шоҳсупага кўтарила олмади, совринли ўринлардан четда қолиш ҳам айнан шу даврда юз берди. Бироқ АҚШ ва Яқин Шарқ вакилларининг сармояларисиз фаолият юритаётган ва майдондаги муваффақиятлари эвазига янги стадионни бунёд этган жамоа учун «барқарорлик» атамаси ўринлироқ бўлади. 2019|2020 йиллар мавсумидан кейин «Лион» бирор марта совринли учликка чиқа олмади, охирги 4 йил ичида 3-марта еврокубоклар мусобақаларидан четда қолишга яқин турибди. Қисқаси, таназзул. Хўш, нима бўлди?

«Лион» - коронавирус қурбонларидан бири. Клуб молиявий зарбага дуч келди

2008-2016 йилларда клуб 60000 ўринли «Групама Стэдиум»ни барпо этди. Бу Жан-Мишель Оласнинг навбатдаги тарихий муваффақияти. Муаммо шундаки, «Групама» мухлислари тўсатдан ғойиб бўлишди. 2020 йил мартида пандемия туфайли Лига1 мусобақалари тўхтатилди. 28 турдан кейин 7-ўринни банд этган «Лион»нинг еврокубоклардаги 23 йиллик серияси ниҳоясига етди. Ўшанда жамоани ЕЛ гуруҳ босқичига йўлланма берувчи «Ницца»дан атиги 1 очко ажратиб турарди. Ўзини қўярга жой топа олмай қолган Олас бошқа топ-чемпионатлар каби ички мусобақани ёзда давом эттиришни талаб қилди. Кейин турнир жадвалини аввалги мавсумлар натижаларига кўра қайта шакллантириш ва еврокубокларга кучлироқ жамоаларни жўнатиш лозимлигини таъкидлади. Шунингдек, уқувсизлик билан тузилган ТВ-шартнома туфайли Лига1 раҳбарлари клубларни иқтисодий ўлимга маҳкум этаётганларига ишонтирди. Бироқ югур-югурлар наф бермади. «Лион» еврокубоклардан четда қолди, бунинг учун тегишли маблағни олмади, пандемия туфайли «Групама»даги тушумлардан жудо бўлди. Шу тариқа 2020|2021 йиллар мавсуми молиявий ҳалокатга айланди: зарар 36 млн. евродан 109 млн.га кўтарилди, тушум 181 млн.дан 118 млн.га тушиб қолди, трансфер бозоридаги тушум ҳам 83дан 45га пасайди. Стадионга кириш чипталари сотуви 36дан 2га, ТВ-трансляциясидан олинадиган даромад 98дан 69га тушиб қолди. Пандемияга қадар «Групама»га ўртача 47000 мухлис келар, бу «Марсель» ва «ПСЖ»дан кейинги 3-кўрсаткич эди. «Лион» 1,5 йилга ана шу мўмай даромаддан маҳрум бўлди. ТВ-трансляциядаги омадсизлик қўшимча муаммо бўлди: аввалги шартнома бўйича 760 млн. тўлайдиган Mediapro 11,2 млрд. евро тўлаши керак эди. Аммо дастлабки йилдаёқ мажбуриятини бажара олмади ва келишув бекор қилинди. Якунда ТВ ҳуқуқлари йилига 662 млн. берадиган «CanalҚ»га ўтди. Таққослайдиган бўлсак, 2019|2020 йиллар мавсумида АПЛ 3,6 млрд, Ла Лига 2, Бундеслига 1,4, «А»серияси 1,3 млрд. даромад олган.

«Лион» Жуниньони спорт директори лавозимига таклиф этди

Бу клуб учун ҳалокат бўлмасада, иш янада самаралироқ бўлиши мумкин эди. 2019 йил майида Олас спорт директори лавозимига тажрибасиз Жуниньо Пернамбуканони та­йинлади. Унинг фикрича, клуб афсонаси меҳнатсеварлиги эвазига бошқа камчиликларни ювиб юборарди. Жуниньо ўз фаолиятини ҳеч қачон бош мураббий ролида ишламаган Сильвинони таклиф этиш билан бошлади. Октябрда янги бош мураббий истеъфога чиқарилиб, унинг ўрнини Руди Гарсия эгаллади. Лекин улар ўртасида доимо келишмовчиликлар бўлиб турарди. Гарсия Жуниньони асосий таркибга бразилиялик футболчиларни тиқиштиришда айбласа, Жуниньо ўзи танлаган бош мураббийга қуйидагича баҳо берганди: «Фаолиятим давомида дуч келган энг ёмон характерли, ҳаётимдаги энг ёвуз кимса».

Пернамбукано Олас билан ҳамкорликда барибир Гарсияни жамоадан четлатди. Руди Сильвинодан мерос қолган ва поёнига етмаган 2019|2020 йиллар мавсумида вазиятни яхшилай олмади. Лекин ЕЧЛда Хосеп Гвардиоланинг «Сити»сини тўхтатган ҳолда ярим финалга қадар етиб борди. Шунга қарамасдан, 2020|2021 йиллар мавсумидан кейин Гарсияни лавозимидан озод этишди, «Лион» 4-ўринни банд этиб, ЕЛга чиқди. Гарсия ҳужумкор футболни йўлга қўйиб, «Лион»ни тиклаганди. Жамоа фақат «Лилль», «ПСЖ» ва «Монако»дан ортда қолганди. Бу 10 ичидаги энг самарали мавсум эди. Навбатдаги бемаъни қарор - «Лион» Гарсиядан кейин Жуниньодан ҳам жудо бўлди. Балки Олас Гарсияни четлатгани учун пушаймон бўлгандир: унинг ўрнига келган Петер Бос 2021|2022 йиллар мавсумини 8-ўринда якунлади. Жорий мавсумнинг 10-туридан кейин ундан ҳам воз кечишди. Чунки жамоа 9-ўринга тушиб қолганди. Раҳбарият Бос ўрнини 2016 йилда «ПСЖ»ни тарк этган Лоран Блан тўлдиришди. Қизиғи, Блан шу пайтгача фақат қатарнинг «Ар-Риёд» клубини 2 йил (2020-2022) бошқарган холос. Унинг раҳбарлигида «Лион» ҳозирча олдинга силжий олмаяпти - Бос давридагидек, ҳамон 9-поғонада.

«Лион»нинг асосий муаммоси - руҳият. Блан ҳам, футболчилар ҳам шундай фикрдалар

Мураббий жамоанинг энг оғриқли жиҳатини топишга интилмоқда. Унинг фикрича, узлуксиз омадсизликлар туфайли футболчилар ўзларига ишонмай қолишган, руҳиятлари синган. Блан жамоани қабул қилган пайтдаёқ менталитет пасайиб кетганлиги, шу боис, ички муҳит кескин тус олганини айтган. Мисол тариқасида у бир йил аввал «Брест»дан 15 млн. еврога харид қилинган ярим ҳимоячи Ромен Фавр Лионда ўзини бахтсиз ҳис этаётгани ва кетмоқчи эканлигини билдирди. Бунақа кайфиятдаги ўйинчилар анчагина. Ярим ҳимоячи Уссам Ауар, ҳужумчилар Мусса Дембеле ва Карл Токо-Экамби, ҳимоячилар Жером Боатенг ва Дамьен Да Силва... Ё улар «Лион»дан норозилар, ё «Лион» улардан умидини узган ёки шартнома муддати тугашига ярим йил қолган ва томонлар шуни кутишмоқда. Қишки дарчада Фавр, Токо-Экамби ва Да Силва масалалари ҳал бўлди: биринчиси «Лорьян»га, иккинчиси «Ренн»га, учинчиси Австралиянинг «Мельбурн» клубига ижарага берилди.

Лоран Блан муваффақиятсизлик ечимини таркибга тажрибали ва тажовузкор ўйинчилар билан янгилашда кўрмоқда. 33 ёшли Деян Ловренни «Зенит»дан 2 млн. еврога харид қилингани мантиқан тўғри қарордек туюлади. Бу янги соҳибнинг илк хариди. Ҳа, энди Олас «Лион»даги биринчи шахс эмас.

«Лион»нинг янги эгаси «кўп клубли» атамасидан нафратланадиган кўп клубли америкалик бизнесмен

2022 йилнинг декабрида клуб соҳиби ўзгарди. 1987 йилдан бери «Лион»ни бошқарган афсонавий Жан-Мишель Олас ўз ўрнини америкалик бизнесмен Жон Тексторга бўшатди. Текстор эса «Лион»ни Бразилиянинг «Ботафого», Бельгиянинг «Моленбек», Англиянинг «Кристал Пэлас» клублари ва АҚШдаги «Флорида» ёшлар тайёргарлик марказидан иборат коллекциясига қўшиб олди. Келишувнинг қизиқарли жиҳати шундаки, Олас мўмай даромадга эга бўлиш билан биргаликда 2025 йилгача президентлик лавозимида қолади. Жамоа мухлислари икки гуруҳга бўлиндилар: бир томондагилар Олас клубни банкротдан муҳофаза қилади, дейишса, қолганлари уни амалпарастликда айблашмоқда. Текстор хусусида бирон-бир фикр билдириш қийин, аммо Оласнинг таъсири аста-секин пасайиши - катта йўқотиш. Гарчи бу қачондир юз бериши аниқ бўлса ҳам. Чунки у 73га чиқди, 35 йиллик умрини «Лион»га сарфлади ва жуда кўп муваффақиятларга эришди.

МУҲАММАДСОДИҚ тайёрлади