НИГОҲ: Ногаҳоний мерганлар

НИГОҲ: Ногаҳоний мерганлар

«Штутгарт» ҳужумчиси Серу Гирасси - жорий мавсумдаги чинакам сенсация!

Гвинеялик снайпер 8та учрашувда 14та гол уриб, Бундеслига тўпурарлари ўртасида яққол етакчи бўлиб турибди. Ҳатто «Бавария»дек гранд сафига ўтган Гарри Кейн ҳам унга ета олмаяпти, топ-лигалар вакилларининг натижалари янада пастроқ. 27 ёшли Гирасси парвозининг ажабланарли жиҳати шундаки, шу пайтгача ҳеч қачон сермаҳсул тўпурарлар сафида бўлмаган, бутун чемпионат давомида ҳам 14та гол ура олмаганди. Гирасси каби «ғойибдан пайдо бўлган» тўпурарлар бошқа лигаларда ҳам учраб туради. Масалан, топ-лигалар бешлигида ҳам шунақа мерганлар бор. Келинг, уларни биргаликда ёдга оламиз.

Кевин Филлипс - АПЛнинг 1999/2000 йиллар мавсумидаги энг яхши тўпурари

26 ёшга қадар Кевин АПЛдан йироқ бўлган, катта футболдаги фаолиятини ярим профессионал жамоада, қанот ҳимоячиси позициясида бошлаганди. Лекин сермаҳсуллиги билан бошқалардан ажралиб турарди. Шу сабабли, уни олдинги чизиққа ўтказишга қарор қилишди. Шундан кейин Кевин бир неча мавсумни 2-дивизионда ўтказди ва 1999 йил баҳорида «Сандерленд» билан элитага кўтарилди. Ўша йили Филлипс илк марта Англия терма жамоасидан чорлов олган бўлсада, дебют мавсумида АПЛнинг энг яхши тўпурари бўлишини ҳеч ким кутмаганди. Ўша мавсум ҳужумчи 30та гол уриб, афсонавий Алан Ширердан 7 баллга ўзиб кетган ва «Олтин бутса» совринини қўлга киритганди! Шундан бери Кевин нуфузли совринга сазовор бўлган дастлабки ва ҳозирча, ягона англиялик футболчи бўлиб қолмоқда.

Ўшанда Кевин марказий ҳужумчи Нилл Куин билан сермаҳсул жуфтликни ташкил этганди. Баланд бўйли ирландиялик тўпларни илиб олар ва шеригига узатар, тезкор Филлипс эса рақибларидан ўзиб кетарди. «Майдондаги ҳамкорлик ўз-ўзидан пайдо бўлган, машғулотларда биз алоҳида шуғулланган эмасдик. Мураббийимиз Питер Риднинг кўрсатмаси ўта қисқа эди: «Куинни билан ишла, унинг ҳаракатларига мослашиб, узатмаларига тайёр тур...» Кейинчалик рақибларимиз манёврларимизни ўрганиб олишгач, гол уриш қийинлашиб қолди. Лекин ўша мавсумда улар тўсиқ бўла олмагандилар», - деганди рекордчи тўпурар.

Филлипснинг кейинги фаолиятида сермаҳсуллик кузатилмади. Бироқ Кевин узоқ вақт АПЛда тўп сурди, 4 мавсумнинг ҳар бирида 10тадан кўпроқ гол урди. Англия терма жамоаси билан Евро-2000 турнирига йўл олган бўлсада, майдонга туширилмади. Шундан кейин терма жамоа билан 8та ўйинда бирорта гол урмаган ҳолда хайрлашди.

Даниэль Гуиса - Ла Лиганинг 2007/08 йиллар мавсумидаги энг яхши тўпурари

Месси ва Роналдулар давридан аввал кимлар Испания чемпионатининг тўпурарлари бўлишган - Руд ван Нистелрой, Самуэль Это~О, Диего Форлан, Роналдо. Кутилмаганда, улар орасида кўпчиликка нотаниш бўлган Гуиса пайдо бўлди. Ўша мавсум 27 ёшли ҳужумчи учун Примерадаги 6-си эди. Дастлабки 3 мавсумда деярли майдонга тушмаган, Сегундадаги 1 йиллик танаффусдан кейин 2 мавсумда 10га яқин гол урганди. Лекин 2007 йилда «Мальорка»га қайтгач, сермаҳсул ўйин кўрсата бошлади. У ҳатто «Барселона», «Реал» ва «Атлетико»дек грандларни ҳам ўз дарвозаларидан тўп олиб чиқишга мажбур этди ва мавсумни 27 гол билан энг яхши тўпурар мақомида якунлади. Эътиборлиси, Даниэль барча голларини ўйиндан урганди. Ўша мавсумда ҳужумчи Испания терма жамоасида дебютини нишонлаб, 21та ўйинда 6та гол урди. Жумладан, Евро-2008 ярим финалида Россия дарвозасини ишғол этди, якунда қитъа чемпиони бўлди.

Игор Протти - «А» сериясининг 1995/96 йиллар мавсумидаги энг яхши тўпурари

90-йилларда Италия футболида ҳам Испаниядагига ўхшаш воқеа кузатилганди. Ўша даврда тўпурарлар етакчилиги Марко ван Бастен, Жанлука Виалли, Жузеппе Синьори, Габриэль Батистута ва Филиппо Инзагилар измида эди. Бироқ кейинчалик ўртамиёна «Бари» ҳужумчиси саҳнага кўтарилди.

Ўшанда Игор элитадаги 2-мавсумини ўтказаётган, дебют мавсумида 7та гол билан кифояланганди. Лекин кейинги мавсумда у чемпионликни нишонлаган «Милан»дан ташқари, барча рақиблари дарвозабонларини ранжитди, 24та гол урди ва лиганинг энг яхши унвонини «Лацио» вакили Синьори билан бўлишиб олди. Қизиғи шундаки, мерганнинг голлари «Бари»га элитадаги ўрнини сақлаб қолиш имкониятини бермади. «Ўшанда мен икки ўт орасида қолгандим. Жамоанинг «В» сериясига тушиб кетгани тўпурарлик шаънига путур етказгандек бўлди. Бироқ биласизми, ... охирги турда «Ювентус» дарвозасига 2та гол урдим, туринлик мухлислар мени гулдурос қарсаклар билан кузатиб қўйишганди», - деганди Игор кейинчалик. 

Протти терма жамоадан чорлов олмади. Лекин «Лацио», «Наполи», «Реджина» клубларида тўп сурди, кейин қуйи лигаларда ўйнаб, яна элитага қайтди ва 1 йил «Ливорно» шарафини ҳимоя қилди.

Марек Минтал - Бундеслиганинг 2004/05 йиллар мавсумидаги энг яхши тўпурари

Ихтисоси ҳужумкор ярим ҳимоячи бўлган 27 ёшли словакиялик футболчи Бундеслигадаги дебют мавсумида барча ҳужумчиларга намуна бўлганди. Бунгача Марек ўз юртида «Жилина» сафида тўп сурган, 2003/04 йиллар мавсумида «Нюрнберг»га ўтиб, у билан 2-Бундеслигадан элитага кўтарилганди. Словакия терма жамоасининг аъзосининг зўр снайпер эканлигини Германияда ҳеч ким билмасди.

Қизиғи, стартдаги 6 тур давомида Минтал фақат «Гамбург» дарвозасига гол урди. Урганда ҳам, голлар ҳисобини хет-трик билан очди. Кейин деярли ҳар бир ўйинда майдонни голсиз тарк этмади. Фақат якуний босқичда сермаҳсуллик пасайиб қолди. унинг аниқ зарбаларига ҳатто «Бавария» ҳам тўсиқ бўла олмади. якунда Минтал 24та гол билан Мюнхен тўпурари Рой Макайни ортда фолдирди, Димитар Бербатов ва Мирослав Клозелар ҳам унга ета олмадилар.

Мусса Соу - Лига1нинг 2010/11 йиллар мавсумидаги энг яхши тўпурари

Франция чемпионатидаги тўпурарлик унвони Оливье Жиру, Златан Ибрагимович, Александр Ляказетт ва Эдинсон Кавани каби юлдузлар ихтиёрига ўтиши арафасида «Лилль»нинг сенегаллик ҳужумчиси ёрқин ўйин намойиш этди. Соу ўшанда «Лилль»даги дебютини нишонлаган ва 25та гол билан Кевин Гамейродан 3 баллга ўзиб кетганди.

Ўша мавсумда ҳужумчи 25 ёшда бўлиб, Лига 1даги 7-мавсумини ўтказаётганди. Аввалги 6 йилни у «Ренн» таркибида ўтказган талаб даражасида тўп сура олмаганди. Таажжубки, «Лилль»даги иштирокини у айнан «Ренн» дарвозасини забт этиш билан бошлаган, сўнгги турда эса хет-трикка эришиб, унга ишонч билдирмаган собиқ жамоасини жазолаганди. Кейинги мавсумда Соу 6та гол урди ва Туркияга йўл олди. Шундан кейин фаолиятини Туркия ва БАА клубларида ўтказди. «Фенербахче» трансфери менинг хоҳишим эмасди, клуб шуни истади. Ниятим Францияда тўп суриш эди, бошқа вариантлар хаёлимга ҳам келган эмас. Футболнинг табиати шунақа эканлигини тушунаман, лекин бунчалик бўлишини кутмагандим», - деганди сенегаллик ҳужумчи.

МУҲАММАДСОДИҚ тайёрлади