Нуқтаи назар: Жозеда аламим бор мани...

Нуқтаи назар: Жозеда аламим бор мани...

Элдор Шомуродов фаолиятида пасайиш айнан «Рома»даги беқарорликдан сўнг юзага келди.

Ҳамюртимизнинг Италиядаги энг ёрқин ва сермаҳсул даври «Женоа»да ўтди. Унинг Генуя клуби либосида урган голлари сони Италиянинг бошқа жамоаларида нишонлаган барча голлари миқдоридан кўпроқ эканлиги - бунга яққол мисол.

Шомуродовнинг «Ростов»га тўлиқ мослашиб, ўз позициясини топиб, мунтазам голлар уриб кетиши учун 1,5 мавсум керак бўлди. У «Женоа»да ҳам дастлабки 20тача ўйинда асосий ҳужумчи ва голеадорга айланолмади. Аммо РПЛда Карпин, «А» серияда эса Маран ва Баллардини ўзбекистонлик форвард устида турли эксперимент­лар ўтказиб, параллель равишда унга имконият ҳам беришди ва ахийри Элдордан муносиб жавоб олишди.

Ҳужумчилар билан ишлашда кўп нўноқликларга йўл қўйган Жозе Моуриньонинг навбатдаги қурбонларидан бири - айнан бизнинг юртдошимиз. Бу ачинарли, албатта. Шомуродов ҳужумда тартиб ва ўзаро ҳамжиҳатликка эмас, фақат классга ишонувчи португалиялик мураббий қўл остида ўзининг энг яхши сифатларини йўқотиб қўйди. «Рома»да Элдорнинг тўғри позиция танлаш, очилиш, қанот вингерлари билан комбинацияларда иштирок этиш хислатлари деярли ишлатилмади. Рим клуби ҳамюртимиз тўп тепган вақт «талатўп» вазиятлар, «стандарт»дан узатмалар ва жамоавий штурм эвазига голлар урганига кўп гувоҳ бўлдик. Моуриньода футболчиларга индивидуал ёндашув ва ҳужумга ўтишдаги тактик ишланмаларнинг етарли даражада эмаслиги яққол кўриниб қолди. «Рома»нинг жорий мавсумдаги ўйин ва натижалари ҳам буни исботлаб турибди.

Мақолага илова қилинган графикдаги рақамларга эътибор қаратсак, Элдорнинг трансфери ҳамон «Ростов»да «пик» ҳолатида бўлган суммада баҳоланмоқда. Легионерлари сони ва географияси кенгаяётган Ўзбекистоннинг энг қимматбаҳо футболчиси. Умид қиламизки, «Кальяри»да Раньери ҳамюртимизга тақдим этаётган имконият ва мураббийнинг эскпериментлари кўп ўтмай ўз самарасини бера бошлайди.

Айтганча, «Кальяри» таркибнинг умумий баҳоси бўйича «А» сериянинг энг арзон икки жамоасидан биридир. Transfermarkt портали маълумотларига кўра, сардинияликлар трансфер суммаси жами 70 миллион еврога тенг футболчиларни ўйнатяптилар. «А» серия­да энг арзон таркиб эса «Фрозиноне»да - 63 миллион евро. Эътиборли жиҳати, Элдор Шомуродов ўз жамоасининг энг қимматбаҳо икки футболчисидан бири ҳисобланади. Transfermarkt портали легионеримиз трансферини 6 миллион еврога баҳоламоқда. «Каль­яри» вакиллари орасида энг қимматбаҳо футболчи - бу ҳужумчи Андреа Петанья (7,5 миллион евро). Сардиния клубининг уругвайлик ярим ҳимоячиси Найтан Нандеснинг баҳоси 5 миллион еврога тенг - 3-юқори кўрсаткич.

Ҳусан СОБИТОВ (@sabitov_co)
***
Хабарингиз бор, 13 ноябрдан Ўзбекистон миллий жамоаси Тошкентда йиғин бошлади. Сречко Катанец шогирдлари ФИФА кунларида ЖЧ-2026 ва Осиё кубоги-2027 саралаш босқичи доирасидаги расмий ўйинларга киришади. Туркманистон ва Эронга қарши ўйин олдидан Элдор Шомуродов ҳам миллий жамоа сафига қўшилди ва дастлабки машғулотдан олдин фикрлари билан ўртоқлашди.

- Элдор, муҳим ўйинлар олдидан жамоанинг кайфияти, тайёргарлик ҳақида тўхталсангиз…
 - Кайфият яхши. Буёғига расмий ўйинлар бошланмоқда, бу ҳақиқий кучимизни синаб кўришга ёрдам беради. Ўйинларга барчамиз тайёр.

- Олдинда Туркманистон ва Эронга қарши ўйинлар кутиб турибди. Бу рақиблар ҳақида нима дея оласиз?
- Иккала рақибга қарши ҳам жиддий тайёргарлик кўрамиз. Туркманистондаги ўйин ҳақида «Пахтакор» ўйинчилари билан гаплашдик, у ердаги сунъий майдон бўйича саволлар бор. Аммо икки жамоа ҳам ўша стадионда тўп суради. Бу баҳс гуруҳдаги биринчи ўйин ва унда ғалаба қозониш биз учун жуда муҳим.

- «Кальяри»даги фаолиятингиз ҳақида ҳам тўхталсангиз. Клаудио Раньери қўл остида тўп суряпсиз, бу қандай кечмоқда?
- Яхши. Ҳаммаси жойида. Секин формага кириб боряпман, мураббийлар ва жамоадагилар билан муносабатим яхши.
- Мексикага қарши ўртоқлик ўйини сунъий қопламали майдонда ўтгани учун шифокорлар сизга майдонга тушмасликни тавсия қилганди. Туркманистондаги ўйин ҳам сунъий қопламада ўтишини инобатга олсак, баҳс ЖЧ-2026 саралашидаги расмий ўйин бўлгани учун майдонга тушасизми?
- Албатта, бу расмий ўйин. Мексика билан учрашув эса ўртоқлик мақомида эди. Шу боис ўшанда таваккал қилмасликни сўрашганди. Олдимиздаги баҳс эса расмий учрашув эканлиги сабабли жароҳат олиш хавфи ҳақида ўйлаб ҳам ўтирганим йўқ, - дея Элдор Шомуродовнинг сўзларини келтирган Tribuna.uz мухбири.

Маълумот учун, Ўзбекистон 16 ноябр куни Ашхободда Туркманистонга қарши майдонга тушса, 21 ноябр куни Тошкентда Эронни қабул қилади.