«Ньюкасл» клуби Саудия термаси либосига ўхшаш экипировкани намойиш қилди

«Ньюкасл» клуби Саудия термаси либосига ўхшаш экипировкани намойиш қилди

Англиянинг «Ньюкасл» жамоаси 2022/23 йилги мавсум учун учинчи либосини тақдим этди

2021 йил октябрь ойида Саудия Арабистони консорсиуми томонидан сотиб олинган инглиз клубининг янги мавсум учун учинчи либоси Саудия Арабистони байроғи рангларида бўлади. Либосларнинг асосий ранглари — оқ ва яшил. «Ҳаккалар»нинг янги либоси Саудия Арабистони терма жамоасининг либосини эслатиб юборади. Мазкур дизайн ҳақида май ойида хабар чиққан ва у ижтимоий тармоқларда кўплаб норозиликларнинг янграшига сабаб бўлганди.  
Бундан ташқари Amnesty International инсон ҳуқуқлари ташкилоти либоснинг ушбу шаклини танлаш Саудия Арабистонининг спорт орқали ўз имижини яхшилашга уринишидан далолат беради, дея баёнот берди.  
«Танқидлардан хабардорман. Ушбу масалани назорат қила оламан, деб ўйламайман. Саудия Арабистонига сафар чоғида у ерда ‘Ньюкасл’га қизиқиш катта эканини англадик.  
Бу менинг тахминим, лекин бизнинг либосларимизни ишлаб чиқарувчилар буни пайқагандир. Шунинг учун бу содир бўлди», — дейди «Ньюкасл» бош мураббийи Эдди Ҳау.  
Эслатиб ўтамиз, Саудия Арабистонининг айни вақтдаги ҳукумати ва раҳбарлари турли халқаро ташкилотлар томонидан инсон ҳуқуқларини бузишда айбланиб келади.  
2021 йил октябрь ойида Саудия Арабистони ҳукумати давлат инвестиция фонди (PIF – Public Investment Fund) Англиянинг «Ньюкасл Юнайтед» клубини  сотиб олди . Бу футболга эгалик қиладиган компаниялар ичида энг бойи ҳисобланиб, шахсан Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодасига алоқадор.  
«Ньюкасл» 2021/22 йилги мавсум АПЛни 49 очко жамғариб, 11-ўринда якунлади.