ОЧЛ-2023|2024: Бу – ҳал қилувчи палла

ОЧЛ-2023|2024: Бу – ҳал қилувчи палла

Мана, ОЧЛ гуруҳ босқичининг иккинчи ярмига ҳам қадам ташланди.

Яъни кеча 3та жамоамиз 4-тур ўйинида майдонга тушди. Фақат «Пахтакор» бугун ўйнайди.

«А» ГУРУҲИ

Бугун соат 19:00да бошланадиган «Ахал»га қарши сафар ўйини «Пахтакор» учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Максим Шацких жамоаси туркман диёридан ғалаба билан қайтса, гуруҳдан чиқиш имкониятини сақлаб қолади, акс ҳолда...

7 ноябрь (сешанба)

19:00 «АХАЛ» (Туркманистон) - «ПАХТАКОР» 

 

«В» ГУРУҲИ

«Насаф» - «Шаржа» ўйинини саудиялик ҳакамлар (рефери - Муҳаммад Холид ал Ҳоиш) бошқариб боришди. Кечаги ўйин натижаси гуруҳдаги ҳолат нуқтаи назаридан жуда қимматли. Рўзиқул Бердиев учрашувдан олдин «аждарлар» фақат ғалаба учун майдонга тушишларини алоҳида урғулади. 

6 ноябрь (душанба)

19:00 «НАСАФ» - «ШАРЖА» (БАА)

 

«С» ГУРУҲИ

Сўнгги паллада «Сепаҳон» - ОКМК ўйини «Озоди» стадионида мухлислар билан ўтказилиши маълум қилинди. Олмалиқ клуби делегацияси Теҳронга якшанба куни етиб борди. Орада  «Сепаҳон» - ОКМК ўйини 7 ноябр­га кўчирилиши мумкинлиги ҳам айтилди. «С» гуруҳига дахлдор асосий хабар шуки, «Сепаҳон» - «Ал-Иттиҳод» ўйини учун форсларга техник мағлубият ёзилди. Қолаверса, Эрон клуби 200 минг доллар миқдорида жаримага тортилди. Эслатма, 2 октябрь кунига белгиланган учрашув стадионга генерал Қосим Сулаймонининг бюсти қўйилгани туфайли қолдирилганди. Яъни араб клуби Саудия Арабистонида кескин қораланган генерал ҳайкали сабаб, майдонга тушишдан бош тортганди. ОФК Тартиб-интизом қўмитаси шунинг баробарида «Нақши жаҳон» стадионига нисбатан 3та ўйинлик дисквалификация эълон қилди. 

6 ноябрь (душанба)

21:00 «СЕПАҲОН» (Эрон) - ОКМК

 

«D» ГУРУҲИ

«Навбаҳор» ҳам Эронга ўйиндан бир кун олдин етиб борди. Эътиборли томони, «лочинлар»нинг «Нассажи Мазандаран» билан ўйинлари ҳам муҳташам «Озоди»да бўлиб ўтди. «Нассажи» Мазандаран шаҳридаги «Ватани» стадиони талабларга жавоб бермаслиги учун рақибларини «Озоди»да қабул қилмоқда. «Навбаҳор» рақиби ОЧЛ баҳсига қадар Эрон Про лигаси 8-турида «Тракторсози» меҳмони бўлиб, 0:3 ҳисобида енгилди. Мазандаранликлар айни пайт 6 очко билан турнир жадвалида 16та жамоа орасида 13-ўринни банд этиб туришибди.

6 ноябрь (душанба)

19:00 «НАССАЖИ М.» (ЭРОН) - «НАВБАҲОР»