Одил Абдумажидов: «Қозоғистонда ўйнаш тажрибаси ёқди»

Одил Абдумажидов: «Қозоғистонда ўйнаш тажрибаси ёқди»

2022 йилги мавсумда ижара келишуви асосида Қозоғистоннинг «Ордабаси» клубида ўйнаган Ўзбекистон олимпия термаси ҳимоячиси Одил Абдумажидов яқинда sports.kz сайтига Шимкентдаги фаолия­ти юзасидан интервью берди.

Алоҳида айтиш керак, трансфер ҳуқуқи бўйича «Металлург»га тегишли ёш футболчи ҳимояда ишончли ўйнаш баробарида ҳужумда ҳам чакки кўринмади. Ҳар ҳолда, 4 марта Қозоғистон Премьер-лигаси тур рамзий жамоасига киритилди. Айтганча, Одил ҳозирда «Металлург»га қайтди ва янги мавсумга Бекобод жамоаси билан тайёргарлик кўрмоқда.

— Одилбек, якунланган мавсум айнан сиз учун қандай кечди?

— Биринчи навбатда, мураббийлар, клубдошларим ва «Ордабаси» мухлисларига миннатдорчилик билдиришим керак. Зеро, Қозоғистон чемпионатидаги тажрибадан кўнг­лим тўлди.

— Ҳимояда тартибли ўйнашдан ташқари, ҳужумга ҳам эффектли қўшилиш асносида «Ордабаси» етакчилари қаторига қўшилдингиз. Қизиқ, клубдан нега кетдингиз?

— Ҳаммаси оддий - ижара шартномаси муддати якунига етди ва «Металлург»га қайтдим.

— Нима, «Ордабаси» сизни олиб қолишга ҳаракат қилмадими?

— Албатта, жамоада қолишимни исташди, лекин бу бир томонга боғлиқ эмас. 

— Орада Шимкент жамоасида молиявий муаммолар борлиги ҳақида хабарлар чиқди. Шартнома бўйича мао­шингизни тўлиқ беришдими?

— Шахсан мен молиявий муаммоларни сезганим йўқ. Тўловлар вақтида амалга оширилди ҳар ҳолда.

— Қозоғистоннинг бошқа клубларидан ҳам таклифлар тушдими? Чунки кўплаб жамоалар эътиборини тортдингиз...

— Менда бу ҳақда аниқ маълумот йўқ. Агентимдан сўраш керак.

— Молиявий ҳолат бўйича қарасак, қайси клуб яхшироқ: «Металлург»ми ёки «Ордабаси»?

— Қозоғистонга ўз савиямни намойиш этиш учун боргандим. Икки клубдаги шароитлар эса деярли бир хил.

— «Металлург» сизни «Ордабаси»га яна ижара келишуви асосида юбориши мумкинми?

— Билмадим, клублар ўзаро келишиши керак, менимча, бунинг имкони йўқ эмас. Ҳозир йиғин учун БААга жўнаб кетяпмиз ва у ерда 23 январгача шуғулланамиз. Сафардан қайтганимиздан ке­йин қайси жамоада ўйнашим ойдинлашса, ажабмас.

- Шимкент нимаси билан ёдда қолди?

— Шаҳар ёқди, одамлар самимий ва меҳрибон. Шунга яраша Шимкентга мослашишда қийналмадим.

— Умуман, Қозоғистон чемпионати ҳақида нима дея оласиз? Ижобий ва салбий жиҳатлари...

— Ижобий томонлар кўп, бу ҳақда алоҳида тўхталишим шарт эмас - ҳамма билади. Салбий томон? Майдонлар ҳолати унча яхши эмас.

— Сизнингча, «Астана» ҳақли равишда чемпион бўлдими?

— Албатта. Ҳарқалай, «Астана» Қозоғистоннинг энг кучли клуби эканлигини амалда кўрсата олди.

— Мавсум-2022дан қайси футболчиларни эътироф этасиз?

— Муайян ўйинчини ажратиб кўрсатишим қийин. Ҳар бир клуб таркибида кучли ижрочилар ва етакчилар бор.

— Ҳимояда қайси ҳужумчиларга қарши ўйнашда қийналдингиз?

— «Астана», «Қайрат» ва «Каспий» клуби сафида техник салоҳияти юқори йигитларга қарши туриш осон бўлмади.

— Қозоғистон ва Ўзбекистон футболи доимий равишда ўзаро таққосланади. Сизнингча, қайси мамлакат чемпионати кучли ва нима учун?

— Ўзбекистон лигаси техник жиҳатдан кучлироқ, жисмоний томонлама эса Қозоғистон футболи устун.