Салим Мустафоев: "Бизга етишмаган ягона жиҳат - барқарорлик"
Вадим Абрамов бошқарувида Суперлигага қайтган Самарқанд «Динамо»си жорий мавсум ўз олдига катта мақсадлар қўймаган бўлсада, мазмунли ўйинлари билан ижобий таассурот уйғотди кўпчиликда
Суперлигада мавсум якунланишига атиги 2та тур қолди.
Чемпионлик масаласи шу турларда ҳал бўлиши керак. Бироқ ҳозирги ҳолат «Навбаҳор» ва «Насаф» олтин медаль учун курашда «Пахтакор» билан кескин рақобатга киришишини англатмайди. Оддий айтганда, «шерлар» катта эҳтимолки, яна чемпионлик шоҳсупасига кўтариладилар. Aввалдан башорат қилиш, кескин хулоса чиқариш ноўрин, лекин футболимиз муҳитидаги ҳақ-у ноҳақ воқеалар кишини шундай мулоҳаза юритишга ундайди, барибир. Aрдоқли шоиримиз Aбдулла Орипов шеърларида «Кеча оқшом фалакда ой бўзариб ботганда», «Салқин туман ичра бўзарар тонглар» каби моҳиятан онг-у шууримизда изтироб тўлқинини тўлдирувчи мисралар учрайди. Қаранг, ой бўзариб ботмоқда, тонг бўзариб отмоқда. Суперлига якуни ҳам гўё бизга бўзариб боқмоқда. Нега шундай?
Нега шундай? Мазкур саволга жавоб беришдан аввал буюк аллома Aбу Наср Фаробийнинг «Фозил одамлар шаҳри» китобидан бир иқтибосни ҳукмингизга ҳавола этамиз: «Ёмон ҳаттот табиатан бадбахтлиги туфайли ёзуви ҳам тобора хунуклашиб бораверади, унинг ҳунари, санъати тобора орқага кетаверади. Фазилатсиз шаҳарларнинг одамлари ёмон феъллари, табиатлари туфайли кўнгиллари - руҳлари ҳам ёмонлашиб бореверади. Мабодо улар ана шу ёмон ишларида изчил саъй-ҳаракат, тобора куч-ғайрат кўрсатса, уларнинг руҳлари яна-да кўпроқ ёмонлашади ва охири майиб-мажруҳ бўлиб қолади. Шу туфайли улар ўзларига ёқадиган ёмон иллатлардан ҳузур-ҳаловат оладилар. Вужуди, жисми касал бўлган одам (масалан, безгак тутаётган киши) мижози бузилганидан, ўзига ёқмайдиган таомларни ейишдан ҳузур қилади ва табиатан медасига ёқадиган таомлар унга ёқимсиз кўринади; руҳан касал одамлар ҳам ёмон истаклари ва одатлари туфайли бузилган тасаввурларига қараб ёмон, (ахлоқсиз) феъл-ҳаракатлардан ҳузурланадилар ва гўзал қилиқларни, ишларни ёқтирмайдилар ёки умуман гўзаллигини тасаввур қилолмайдилар. Вужуди касал одамлар ўз касаллигини билмасдан ўзларини соппа-соғ деб ўйлаб, табибнинг маслаҳатларини олмагани каби руҳан касал одамлар ҳам ўзларини соппа-соғ (ва фазилатли) деб ўйлаб, раҳбари, муаллими ёки устозининг насиҳатларига қулоқ солмайдилар». Парча бироз каттайиб кетгани учун мухлисларимиздан узр сўраймиз. Қарашларимизни асосламоқ учун анча вақт шундай далил изладик. Охир-оқибат каттароқ бўлса ҳам, шу кўчирмани эътиборингизга ҳавола қилишдан тортинмадик. Зеро, Aбу Наср Фаробийнинг пурмаъно фикрлари мухлисларимизга наинки футбол муҳитини адолатли баҳолаш, балки ҳаётнинг паст-у баландликлари аро ўринли қарор чиқаришда ҳам асқотишига ишончимиз комил.
Тасаввур қилинг, соппа-соғ, бардам-бақувват ҳакам яйраб-яшнаб футбол учрашувини бошқаради ва ҳеч бир иккиланмай қайсидир жамоага ён босади. Ўйин бобида мухлислар эътиборига тушган мураббий ишончини қозонган қайсидир футболчи учрашувнинг энг қизғин палласида кутилмаган хатога йўл қўяди ва рақиб ғалаба қозонишини таъминлайди. Яна чуқурроқ тасаввур қилинг, у бу ишга атайлаб қўл уради, бузуқ ният билан майдонга тушади. Ҳолбуки, ўша футболчининг вужуди, юз-кўзига боқиб, бирор хасталик тополмайсиз. Футболчи ва мухлислар ўртасида обрў-эътибори баланд мураббий потенциали юқори жамоаси билан фавқулодда кучсиз рақибга ютқазади. Ўша воқеа рўй берган вазиятда мағлубият алами у қадар билинмайди. Ютқазган жамоа ҳам, унинг келажагидан умидвор мухлис ҳам навбатдаги учрашувларда ғалаба қозониш илинжида «омадсиз»ликни унутади. Ваҳоланки, айнан шу воқеа орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, жамоа оёғидан тортади, уни совринсиз қолдиради. Тушуниб турибсизки, мураббийнинг ўзи кучсиз рақибга ютқазиш воқеаси иштирокчисига айланган ва иши нотўғрилигини билгани ҳолда, бундан тийилмаган.
Яна бир бор тасаввур қилинг, қайсидир мутасадди мартаба-салобати борасида ўзига тенг ҳамкасбидан устунлигини исботлаш мақсадида футболга аралашади, натижаларни ўзгартиришга интилади ва бунга эришади ҳам. Бу иши адолатдан эмаслиги, мартаба ва салобат баҳси футбол билан ўлчанмаслигини жуда яхши билсада, нафси ғолиб келиб, ноҳақлик йўлидан боради ва ғалабага эришса, ошкора ҳузурланади. Aбу Наср Фаробий шундай одамлар руҳан касал эканликларини таъкидламоқда. Улар ўзларини соппа-соғдек ҳис қилишади, бошқалар ҳам шундай ҳисоблашади. Улуғ аллома эса айнан ўшалар, худди шундай одамлар касал эканликларини айтмоқда.
Суперлиганинг жорий мавсуми ҳам бўзариб якунланишининг сабаби шундай касаллик ва иллатлар билан изоҳланади. Учрашувлардаги қизғин ва аёвсиз рақобатни кузатиб, мухлислар-мутахассислар Суперлига ўсаётганини таъкидлайверишади, чемпионат савиясини юқори баҳолайверишади. Суперлига ҳам ўз касаллигини яшириб, иллатларини тан олмай, виқор ва салобат билан кўкрак кераверади. Ана, бир неча бор ҳакамларнинг адолатсиз қарорлари қурбонига айланган «Нефтчи» мавсум якунланиши арафасида барчасига қўл силтади. Чемпион бўлиши эҳтимоли юқори «Пахтакор»ни икки марта мағлубиятга учратган жамоа якунда руҳан синди. Руҳиятда синиш ҳодисаси кузатилса, уни даволаш қийин. Бундай вазиятда руҳияти синиқ жамоани мағлубият гирдоби ўз домига тортаверади. Ўзи истамаса ҳам, мағлубиятлар қаршисида бош эгади. Негаки, у теварак-атрофида адолат тантанасини кўрмайди, адолатсизликларга қарши чора тополмайди. Ноҳақликлардан чарчаш, чорасиз курашлардан толиқиш ва маррада юзтубан йиқилиш... Бу - даҳшат! Бу - фожиа!
Суперлига навбатдаги мавсумни шундай якунламоқда ва барчамиз бунинг гувоҳига айланиб турибмиз. Чорасиз, далил-исботсиз, умумий мулоҳазалар билан кифояланмоқдамиз. «Насаф» ва «Навбаҳор» томонидан бой берилган имкониятлар ҳақида сўзламаймиз. Барчасига ҳар икки жамоанинг ўзи айбдор. Вазият шундай давом этса, келгуси мавсумда ҳам яна «Пахтакор» чемпион бўлиши муқаррар. «Шерлар» таркибида Одил Ҳамробеков, Aзиз Турғунбоев, Ҳожиакбар Aлижонов ва Ҳожимат Эркиновдан иборат квартет жорий мавсум кучга тўлди, тобланди. Кимдир бу квартетни парчаламаса, келгуси мавсум чемпион бўлишни орзу қиладиган жамоаларга нон йўқ! Шу пайтгача уларга орзу босими халақит берган бўлса, энди чинакам куч ва юқори савия йўлларини тўсади. Футболимизда руҳиятни синдириш ҳодисаси юз бераверар экан, Виталий Левченко «Нефтчи»дан воз кечиши мумкин ва бу кетиш Фарғона жамоасида шаклланган мувозанатни бузади. Юқори салоҳиятли таркиби билан чемпионлик масаласини олдиндан ҳал қилолмаган «Навбаҳор»да ҳам жиддий ўзгаришлар юз берса, ажабмас! «Лочинлар» жамоаси муҳитидаги ҳар қандай ўзгариш эса чемпионлик орзусини яна ортга суради. Хўш, Рўзиқул Бердиев ва «Насаф» қандай йўл тутади бу масалада? Келинг, шу савол жавобини очиқ қолдирайлик!
Муҳаммад ВАЛИ
Вадим Абрамов бошқарувида Суперлигага қайтган Самарқанд «Динамо»си жорий мавсум ўз олдига катта мақсадлар қўймаган бўлсада, мазмунли ўйинлари билан ижобий таассурот уйғотди кўпчиликда
Агар АПЛнинг 11-турдан кейинги турнир жадвалига разм солсангиз, нигоҳингиз 3-поғонада тўхташи аниқ.
Рафинья - «Барселона» қаҳрамони. У ўзининг хет-трики билан «Бавария»ни пачоқлаб ташлади.
Introduction about the author of this blog
Манзил
214 West Arnold St. New York, NY 10002
Phone
+(123) 345-6789