Орзуси томон интилаётган электрик-ҳужумчи

Орзуси томон интилаётган электрик-ҳужумчи

Никола 3 мавсумда 61та гол урди. Шу билан бирга, у электрик сифатида тўлиқ ставкада ишлади.

Уни доимо олий дивизион беллашувлари қизиқтирарди. Энди Васич фақат тўп суриш билан чекланиб қолмоқчи эмас, мақсади - жорий мавсумни Швеция чемпионатининг энг яхши тўпурари мақомида якунлаш. «Футбол билан мунтазам равишда шуғулланиб, қандай савияда ўйнай олишимни билишни истайман», - деганди Никола 2018 йилда берган интервьюсида.

Ўспиринлик даврида «Хаммарбю» ёшлар жамоасида ўйнаган. 20 ёшга етган чоғида Васич Швеция 5-дивизионининг «Багармоссен Керрторп» клубида футболчилик фаолиятини бошлади. Аввалига у ярим ҳимоячи позициясида тўп сурди, кейинчалик ҳужум чизиғида ўйнаб, 17та гол урди.

Бир йилдан сўнг Николани 4-дивизион вакили - «Энскеде» ўз сафига жалб этди. Унинг маҳсулдорлиги бир оз пасайган бўлсада, жамоа айнан Никола кўмаги билан икки йил ичида юқори лигага кўтарилди.

Кейин Васич бу жамоани ҳам тарк этиб, «Худдинге»га ўтди ва қаторасига 2та беллашувда тўпни ўз устидан ошириш усулида гол урди: «Ҳа, мен икки марта фантастик «бисиклета»ни амалга оширишга муваффақ бўлдим. Дастлабки голда бошим билан кучли узатмани қабул қилдим. Ҳавода айланиб олганим сабабли, зарба мукаммал бўлди. Ўйиндан кейин менга лавҳани тасвирга олинганини айтишди. Мен эса қуйидагича жавоб қайтардим: «Бутун мавсум давомида биз бирорта учрашувни суратга олмагандик, буни олишдими?»

2016 йилда Никола «Худдинге»га 23та гол ҳадя этиши эвазига янада юқорироқ савиядаги жамоа - пойтахтнинг «Акрополис» клубидан таклиф олди. Унинг 26 ёшга чиққанида 3-дивизионга кўтарилишига аввалги жароҳатлари сабабчи бўлди: «Энскеде»га келишим билан оёғимни синдириб олганим узоқ муолажани талаб этди. Барвақт майдонга қайтишим туфайли, хасталик яна қўзғалиб қолди. Шу тариқа 1 йилни йўқотдим. Кейин реабилитация даври бошланди. Жароҳатлар туфайли бир неча йилни ўтказиб юбордим».

«Акрополис» Суперэттан»га кўтарилиш остонасида турган паллада Никола 17та голи билан ҳисса қўшди, 2018 йилда эса 21та гол уриб, 3-дивизионнинг энг яхши тўпурари унвонига сазовор бўлди. Бу электрик мақомидаги иш кунларини тўлиқ адо этган ҳужумчи фаолиятидаги энг яхши мавсум эди. «Ҳа, ҳар куни 5:30да уйқудан туриб, ишга отланаман, кейин машғулотга йўл оламан. Кечки соат 21:00да уйга қайтаман. Бу улкан юклама, жисмоний меҳнат. Лекин бунга кўникиб қолганман. Чунки узоқ йиллар шу режимда ишлаяпман, ўзимни бардам ҳис этаман. 8 соатли уйқу мен учун етарли», - деганди Никола 2018 йилда. «Энди мен бор вақтимни фақат футболга сарфлаб, қандай савияга эриша олишимни билиб олиш ниятидаман. Электриклик ишини бир неча йилга кечиктириб, кейин яна қайтишим мумкин. 8 соатлик меҳнатдан кейин, машғулотга 100 фоиз куч сарфлаш имконияти бўлмайди. Ҳозирги ҳолатим шундай».

Бир йилдан кейин «Акрополис» ниҳоят Суперэттан»га чиқишга муваффақ бўлди. Бироқ орадан ярим йил ўтгач, Васич Италия клубидан таклиф олди. 2020 йилнинг октябрида ҳужумчи «В» серияси вакили бўлмиш «Реджина» билан 3 йиллик шартномага имзо чекди.

Афсуски, Италияда Николага ўз салоҳиятини намо­йиш этиш имкониятини беришмади. 8та учрашувда атиги 143 дақиқа тўп сурган ҳужумчи ягона самарали узатма билан кифояланишга мажбур бўлди. Март ойида швециялик ҳужумчини ўз ватанига ижара асосида қайтаришди. «Васалунд» сафида 26 марта майдонга тушган Никола 8 марта рақиблари дарвозасини ишғол этди. Италия клуби шундан кейин ҳам Васичга ишонч билдирмай, 2022 йил қишида текинга «Броммапойкарна» клубига бериб юборди. Натижада бу жамоа ҳужумчининг 11та голи ва 5та ассисти ёрдамида Аллсвенсканга кўтарилиб олди. Олий дивизионда Васич жамоага атиги 5та гол берган бўлсада, клуб элитадаги ўрнини сақлаб қолди.

Жорий мавсумда электрик-ҳужумчи ўзининг ички энергияси қувватини ошириб, 26та ўйинда 17та гол билан чемпионатнинг энг яхши тўпурари мақомида бормоқда. «Мальмё» ҳужумчиси Кисе Телиннинг голлари 2та камроқ.

Албатта, ҳозир «Броммакарна» чемпионлик ва еврокубок турнирларига интилмаяпти. Лекин Васичнинг олис йўлни босиб ўтгани ва муваффақиятга эриша олгани таҳсинга лойиқ.

Яқинда Никола 33 ёшга тўлди. Эҳтимол, бу ёғига уни Швециянинг қайсидир номдор клубида кўриб қолармиз. Қолаверса, қишда унинг «Броммапойкарна» билан келишуви муддати ниҳоясига етади.

Шу ўринда Васичнинг фаолиятини унинг тенгдоши бўлган «АИК» қаҳрамони Робин Янссон билан таққослаш зарар қилмайди. Элитага кўтарилишидан аввал Янссон 4-дивизионда тўп сурарди. Жароҳатлар туфайли ҳимоя чизиғида муаммога дуч келган «АИК» уни пойтахтга олиб келди, Робин эса янги жамоа билан Швеция чемпиони унвонини қўлга киритди.

Содиқ СОБИР тайёрлади