Осиё чемпионати (U-20)-2023: Иштирокчиларга назар, факт ва рақамлар...

Осиё чемпионати (U-20)-2023: Иштирокчиларга назар, факт ва рақамлар...

Бугун Фарғона ва Тошкентда узоқ кутилган ёшлар (U-20) ўртасидаги Осиё кубоги-2023 турнири йўлга тушади, ниҳоят.

Аввало, маълумот учун айтиш керак, аввалига U-19 белгиси остида ташкил этилган чемпионат ҳисоб бўйича 41-марта ўтказилмоқда. Бу сафарги турнирда 20 май - 11 июнь кунларига белгиланган U-20 тоифасидаги ЖЧ-2023 (мезбон - Индонезия) йўлланмалари ўйналишини ҳисобга олсак, ҳаммаси анча жиддий. Демак, қуйида турнир шукуҳини теранроқ сезиш учун ОФК расмий сайти маълумотлари асосида иштирокчи жамоаларга бирров назар солиб, қизиқарли факт ва рақамларга эътибор бурамиз.

«А» ГУРУҲИ 

 

ЎЗБЕКИСТОН 

Олдинги иштироки: 7 марта 

Энг юқори натижаси: 2-ўрин (2008 йил) 

Қизиқарли факт: Ўзбекистон термаси аввалги 5та турнирда «плей-офф» босқичига чиққан. 

ИНДОНЕЗИЯ 

Олдинги иштироки: 18 марта 

Энг юқори натижаси: 2-ўрин (1967, 1970 йиллар) 

Қизиқарли факт: Индонезия термаси 2018 йили турнир чорак финалига чиқди. Жамоа 1978 йилдан буён бу раунд юзини кўрган эмасди. 

ИРОҚ 

Олдинги иштироки: 17 марта 

Энг юқори натижаси: чемпион (1975, 1977, 1978, 1988, 2000 йиллар) 

Қизиқарли факт: Ироқ термаси бу турнирда қаторасига 9-марта иштирок этмоқда. 

СУРИЯ 

Олдинги иштироки: 10 марта 

Энг юқори натижаси: чемпион (1994 йил) 

Қизиқарли факт: Сурия термаси аввалги 3та турнир финал раундини ўтказиб юборганди. 

 

«В» ГУРУҲИ 

 

ҚАТАР 

Олдинги иштироки: 14 марта 

Энг юқори натижаси: чемпион (2014 йил) 

Қизиқарли факт: Қатар термасининг 2014 йилги ғалабасида миллий жамоанинг ҳозирги юлдузлари - Али ал Моаз ва Акрам Афиф катта роль бажаришганди. 

АВСТРАЛИЯ 

Олдинги иштироки: 7 марта 

Энг юқори натижаси: 2-ўрин (2010 йил) 

Қизиқарли факт: Австралия футболи 2006 йили ОФКга қўшилганидан буён мамлакат ёшлар термаси бу тоифадаги чемпионат финал раундида мунтазам қатнашмоқда.  

ВЬЕТНАМ 

Олдинги иштироки: 19 марта 

Энг юқори натижаси: 4-ўрин (1961, 2016 йиллар) 

Қизиқарли факт: Вьетнам термаси ўзи иштирок этган охирги 8та чемпионатнинг 7тасида гуруҳ босқичидан ўтолмади. 

ЭРОН 

Олдинги иштироки: 20 марта 

Энг юқори натижаси: чемпион (1973, 1974, 1975, 1976 йиллар) 

Қизиқарли факт: Эрон термаси 1976 йилги охирги чемпионликдан сўнг энг юқори натижасини ОК-2016да қайд этди - ярим финал. 

 

«C» ГУРУҲИ 

 

ЖАНУБИЙ КОРЕЯ 

Олдинги иштироки: 38 марта 

Энг юқори натижаси: чемпион (1959, 1960, 1963, 1978, 1980, 1982, 1990, 1996, 1998, 2002, 2004, 2012 йиллар) 

Қизиқарли факт: Ж.Корея термаси аввалги 40та турнирнинг атиги 2тасида қатнашмаган, холос. 

ТОЖИКИСТОН 

Олдинги иштироки: 4 марта 

Энг юқори натижаси: чорак финал (2016, 2018 йиллар) 

Қизиқарли факт: Тожикистон термаси турнирга қаторасига 3-марта йўл олди. 

ИОРДАНИЯ 

Олдинги иштироки: 7 марта 

Энг юқори натижаси: 4-ўрин (2006 йил) 

Қизиқарли факт: Иордания термаси финал турнирига саралаш босқичининг «D» гуруҳи ғолиби сифатида йўл олди. 

УММОН 

Олдинги иштироки: 2 марта 

Энг юқори натижаси: гуруҳ босқичи 

Қизиқарли факт: Уммон термаси охирги 2та турнир финал раундига чиқолмаганди. 

 

«D» ГУРУҲИ 

 

САУДИЯ АРАБИСТОНИ 

Олдинги иштироки: 14 марта 

Энг юқори натижаси: чемпион (1986, 1992, 2018 йиллар) 

Қизиқарли факт: Саудия Арабистони термаси Ж.Корея жамоаси (2002-2004 йиллар)дан сўнг турнирда қаторасига чемпион бўлишган биринчи иштирокчи бўлишга даъвогардир.  

ЯПОНИЯ 

Олдинги иштироки: 37 марта 

Энг юқори натижаси: чемпион (2016 йил) 

Қизиқарли факт: Япония термаси 2016 йили чемпион бўлишдан ташқари, 6 мартадан кумуш ва бронза медалларини қўлга киритган. 

ХИТОЙ 

Олдинги иштироки: 18 марта 

Энг юқори натижаси: чемпион (1985 йил) 

Қизиқарли факт: Хитой термаси охирги 2та турнирда курашни гуруҳ босқичидаёқ тўхтатганди. 

ҚИРҒИЗИСТОН 

Олдинги иштироки: 1 марта 

Энг юқори натижаси: гуруҳ босқичи 

Қизиқарли факт: Қирғизистон термаси 2006 йилги дебютидан кейин илк марта турнир финал босқичига қайт­ди.

ФАКТЛАР ВА РАҚАМЛАР  
Индонезия-2023га йўл 
Чемпионатнинг энг яхши 4та жамоаси U-20 тоифасида жаҳон чемпионати (Индонезия-2023)га йўлланма олади. 

Манзил 
Турнир ўйинларига 2та шаҳардаги 4та стадион танланган - «Бунёдкор», «Жар», «Локомотив» (Тошкент) ва «Истиқлол» (Фарғона). 

Ҳимоя қўрғони 
Эрон, Япония ва Саудия Арабистони термалари саралаш босқичида бирорта гол қўйиб юбормади. 

Энг тажовузкор ҳужум 
Япония термаси саралаш ўйинларида 22та гол урди - энг юқори самарадорлик. 

Энг «шафқатсиз» куч 
Иордания термаси саралаш доирасидаги ўйинда Шимолий Мариана ороллари жамоаси   дарвозасига жавобсиз 16та гол урди - энг йирик ҳисоб. 

Энг кучли снайперлар 
Эронлик Амир Иброҳимзода ва Жанубий кореялик Ли Йонг Жун саралаш босқичида 6тадан гол уришди. Тўғри, япониялик Канта Тиба кўпроқ (9та) голга эга, аммо у финал раунди иштирокчилари орасида йўқ. 

«Гол машинаси» 
Саралаш доирасидаги 1та ўйинда энг кўп гол урган футболчи - бу Эрон термаси ҳужумчиси Амир Иброҳимзода. У Бруней термасига қарши баҳс (8:0)да рақиб дарвозасига 5 марта йўл топганди. 

Барқарорлик намунаси 
Ли Йонг Жун (Жанубий Корея), Абу Таҳа (Иордания) ва Раббони Тасним (Индонезия) саралаш босқичидаги ҳар бир ўйинда гол уришди. 

Чемпионлар тўдаси 
Саудия Арабистони термаси - амалдаги чемпион. Турнирда яна 7та собиқ чемпион бор - Хитой, Ироқ, Эрон, Япония, Жанубий Корея, Сурия ва Қатар.  

Мутлақ гегемон 
Жанубий Корея термаси бу тоифада нақ 12 марта чемпион бўлган - мутлақ рекорд.