ОСИЁ ФУТБОЛИ: 30 йиллик беқиёс тараққиёт

ОСИЁ ФУТБОЛИ: 30 йиллик беқиёс тараққиёт

ЯПОНЛАР 2050 ЙИЛ-ГАЧА ЖЧ КУБОГИНИ ЮТИШНИ РЕЖАЛАШТИРИШМОҚДА.

 «Ҳеч қандай мўъжиза эмас!» - Япониянинг марказий телерадиокомпанияси NHK ижтимоий тармоқларда «самурайлар»­нинг ЖЧ-2022да Германия термаси устидан қозонган ғалабаларига (2:1) нисбатан билдирилган фикрларга худди шундай жавоб қайтарганди. Кейин Испания миллий жамоаси маҳв этилгач, захирадан майдонга тушган ҳолда «камбэк»ка асос солган ярим ҳимоячи Рицу Доан ҳам шу маънода гапирди: «Менимча, дастлабки турдаги ғалабамиз мўъжиза эмас, амалга ошиши кутилган воқелик эканлигини Японияда жуда яхши тушунишди. Ҳа, ҳали тарихни ўзгартирмадик, лекин улкан тўсиқлардан ошиб ўтдик. Мақсадга эришиш йўлида жуда кўп тер тўкканимиз ҳам айни ҳақиқат». «Қизил фурия» дарвозасига урилган дастлабки гол муаллифи Ао Танака эса жамоадоши фикрини тўлиқ маъқуллади: «Ҳамманинг тилида икки ибора - «сюрприз» ва «мўъжиза». Бироқ ўзимиз бошқача фикрдамиз. Бинобарин, ғалабаларга тайёр эдик. Шахсан мен асло ҳайрон қолганим йўқ». Лекин «самурайлар» икки жаҳон чемпионини ўз ичига олган гуруҳдан пешқадам мақомида «плей-офф»га йўл олишдики, бу бутун дунёда «япон мўъжизаси» сифатида қабул қилинди. Доан ва Танаканинг нуқтаи-назарлари тушунарли - ЖЧ-2022 натижаси шунчаки, тасодиф ёки омад маҳсули эмас, зеро, япон футболи муваффақият сари узоқ, машаққатли йўлни босиб ўтди сабр-матонат билан.
yapon-30a.jpg

ДОХАНИ АСЛО УНУТМАНГ!

Ҳозирги Япония термаси дадиллигида 54 ёшли бош мураббий Хашимэ Мориясунинг улуши катта. У Қатар мундиали старти арафасида жамоа япон футболи натижасини яхшилаш учун камида чорак финалга чиқиши шартлиги хусусида баралла гапирганди. Мураббийни гуруҳда испанлар ва немислар билан куч синашиш ҳам, «самурайлар» «плей-офф»га чиқишда барқарор эмасликлари ҳам чўчитгани йўқ. Мана, японлар Қатар мундиалида барқарорлик йўлида дастлабки қадамни ташлади - илк марта қаторасига 2 марта «плей-офф» раундига ўтишди. Мориясу ҳар икки турнирдаги ижобий силжишга бевосита алоқадор. Олимпия термасининг собиқ бош мураббийи мамлакат бош жамоаси штабига 2018 йили Акира Нисино ассистенти сифатида қўшилганди. Эсласангиз, Россия мундиалида Осиёдан фақат Япония термаси «плей-офф»­га сакради. Турнирдан ке­йин Нисино истеъфога чиқди ва унинг ўрнини айнан Мория­су эгаллади. «Кўк самурайлар» янги бош мураббий қўл остида Осиё кубоги-2019 финалигача кўтарилдилар ва ҳал қилувчи баҳсда мезбон - Қатар термасига 1:3 ҳисобида имкониятни бой беришди. Умуман, Доха Мориясуга жуда яхши таниш. Японлар ЖЧ-94нинг деярли нақд қилинган йўлланмасини айни шу мўъжаз шаҳарда қўлдан чиқаришганди. Ўшанда саралаш босқичи сўнгги турига гуруҳ пешқадами мақомида етиб келган японлар Ироқ термасига ўта аламли тарзда ютқазиб қўйишган. Ваҳоланки, «самурайлар» ўйиннинг 80-дақиқасида ҳам 2:1 ҳисобида олдинда боришган ва тарихда илк марта мундиалга қадам ташлаш арафасида туришганди. Бироқ ироқликлар сўнгги сонияларда оддий узатмадан кейин мувозанатни тиклашади. Параллель баҳсларда эса Жанубий Корея ва Саудия Арабистони жамоалари ўз рақибларини тор-мор этиб, йўлланмаларни илиб кетишади. Корейслар ўша ўйинни «Доха мўъжизаси» (голлар нисбати яхшилиги эвазигагина гуруҳда 2-ўринни эгаллашган) сифатида таърифлаган бўлсалар, японлар «Доха фожиаси» қабилида қабул қилишган. «Дохани ҳеч қачон унутманг» қабилидаги огоҳлантирувчи жумла эса Япония спорт маданияти луғатидан ҳам жой олган. 

Ўша аламли ўйинда ярим ҳимоячи ролини бажарган Мориясу 2018 йилнинг декабрида энди терма жамоа бош мураббийи ролида «Доха фожиаси»ни эслади: «1993 йил октябрь, Доха, Қатар. 90-дақиқада тўп айнан менинг бошим ёнидан ўтиб кетди, рақиб зарба берди ва гол... Тўп дарвоза тўрига қандай тушганини нигоҳларим билан кузатиб туришга ярадим, холос. Ке­йин нималар бўлганини эслолмайман. Рақиблар билан тўғри хайрлашдикми? Кимлар билан гаплашдик? Тасаллиларга қандай жавоб бердик? Меҳмонхонага қандай қайтдик? Ўзимга келган пайт меҳмонхона айвонида ҳўнграб йиғлаётганимни билдим. Фақат ўзимни айблардим, кўнглимга ҳеч нима сиғмасди. Ке­йинроқ ҳаётимдаги энг катта омадсизлик таъсирида бир ҳақиқатни англадим - агар ғалаба қозонмас экансан, ҳеч кимсан, ҳеч нарса олмайсан. Мана, орадан 25 йил ўтгач, тақдир менга терма жамоа бош мураббийи лавозимини раво кўрди. Мақсадим ўзгаргани йўқ - ярим йўлда тўсатдан ғойиб бўлган орзуни рўёбга чиқариш. Таажжубки, яна Қатарга йўл олишимиз мумкин. Ўша куни мен каби орзуга эришолмаганларга мурожаат оддий: Япония­ни янада қудратлироқ қилинг ва дунёни забт этинг. Ахир оз мунча кўз ёш тўкмадик...». Амалда «Доха фожиаси» Япония термаси тарихини икки қисм­га ажратди. Муваффақиятсизликдан кейин нидерландиялик мураббий Ханс Офт истеъфога чиқарилди, кўплаб футболчилар терма жамоа билан хайрлашишди. Дейлик, ЖЧ-98 вақти «самурайлар» таркибида Дохада Ироқ термасига қарши кечган ўйинда майдонга тушган футболчилардан атиги 2 нафари қолганди. Шундан буён «кунчиқар юрт» вакиллари барча мундиалларда мунтазам иштирок этмоқдалар. Оддий айтганда, 1993 йили Япония профессионал футболида янги давр бошланди.

ОСИЁДА АПЛ ДАРАЖАСИ - «J»-ЛИГА

Японлар 30 йил давомида 60та профессинал клубни ўз ичига олган катта пирамида шакллантиришди. Мақсад - клублар сонини 100тага етказиш. Айтиш жоиз, футбол Японияга ХIХ аср охирида кириб борган. Дастлабки чемпионатдан 100 йил ортиқ вақт ўтганидан кейингина мамлакатнинг барча ҳудудларини бирлаштирган ростмана лига ташкил этилган. Аниқроғи, 1965 йили JSL (Япония Соккер лигаси)га асос солинган. Лига турли компанияларга тегишли бўлиб, унда асосий юмушларидан бўш пайт футбол билан шуғулланадиган ҳаваскорлар тўп суришган. Кўпчиликка яхши таниш «Мицубиси», «Хитачи», «Ниссан» ва «Ямаха» каби компаниялар жамоалари кўпроқ чемпион бўлган. 1993 йилда эса дастлабки профессионал чемпионат («J»-лига)нинг дунё юзини кўриши инқилобга олиб келди. Иқтисодий жиҳатдан дунёнинг 3-рақамли мамлакати саналган ва 125 миллион аҳолиси бор Япония учун бундай лига ташкил этиш қи­йинчилик туғдирмади. Барчаси шов-шувли тарзда бошланди: Зико ва Гари Линекер каби афсоналар «кунчиқар юрт»да фаолият юритдилар. Мухлисларнинг стадионга ўртача ташрифи эса 20 минг даражасидан ошди. Бироқ футболга қизиқиш кучайиб кетиши инқирозга уланди, боз устига, Япония иқтисодиётида пасайиш кузатила бошланди. Шунга ўхшаш жараён яқинда ҳам такрорланди - «J»-лига узоқ танаффусдан ке­йин Андрес Иньеста, Давид Вилья, Фернандо Торрес ва Лукаш Подольскидек юлдузларни жалб этиш асносида мухлислар ташрифини яна 20 мингдан оширди. Бироқ бу сафар пандемия тараққиёт йўлини тўсди.

1993 йили «J»-лига атиги 10та профессио­нал клубни ўз ичига олганди. Ҳозир эса мамлакатнинг 47та префектурасидан 41тасида 60та профессионал клуб бор. Бу японларга нафақат клуб футболи (Клублар ўртасидаги ЖЧда 1 марта финал ва 3 марта 3-ўрин), балки терма жамоа миқёсида ҳам муваффақият қозониш имкониятини бермоқда. «J»-лига ҳозир Осиёда АПЛ даражасида. Дейлик, биргина DAZN халқаро стриминг-сервис гуруҳи билан қиймати 2,1 млрд. долларга тенг шарт­нома тузилган. Чемпионат инфратузилмаси ҳам жойида, трансляция сифати эса зўр кучли техник имкониятлар эвазига. 

ЯФАнинг 100 йилга мўлжалланган стратегик режасига кўра, «кўк самурайлар» ЖЧ-2050га қадар жаҳон кубогини ютишлари керак. 2092 йилгача эса мамлакатдаги профессионал клублар сонини 100тага ошириш кўзда тутилган. Мория­су бу борада дангал гапиради: «Испания ва Германия термалари чемпионликка эришиб бўлган, биз эса 2050 йилга қадар кубок соҳибига айланиш мақсадида ҳаракатдамиз». Бу мақсад ҳавойидек туюлар балки. Лекин японлар ўта меҳнатсевар ва интизомли халқ. Аёллар термасининг қисқа вақтдаги шиддатли парвози бунга мисол: японияликлар 1991 йили дастлабки ЖЧда гуруҳ доирасидаги барча ўйинларда мағлубиятга учрашганди умумий 0:12 ҳисобида. 2011 йили эса улар финалга чиқиб, қудратли АҚШ термасини маҳв этишди. 2015 йили япониялик аёллар яна финалда ўйнашди, фақат бу сафар америкаликларга ютқазишди.

АСОСИЙ МАЙДОН - 

БУНДЕСЛИГА

Япония миллий жамоасининг кўплаб аъзолари Бундеслигада тўп суришади. Чунончи, японлар интизом ва тиришқоқликлари билан немисларга маъқуллар. ЖЧ-2022га борган 26 нафар футболчининг 19 нафари Европа клубларида тўп сурарди. Қатар мундиалидан кейин эса «J»-лиганинг 7 нафар вакилидан 3 нафари «кўҳна қитъа»га юзланди. Терма жамоа сафида Бундеслига вакиллари кўп (мундиалда 8 нафар эди) ва улар Мануэль Нойер, Томас Мюллер каби афсоналарга қарши курашда жуда дадил кўринишди. Мориясу бундестим мағлубиятга учратилганидан кейин бежиз рақиб жамоа мутасаддиларига миннатдорчилик изҳор этмади: «Германиялик мутахассислар ва футболчиларнинг йигитларимиз тараққиётига катта ҳисса қўшишганини тан олиш керак. Бугун Япония термаси ғалаба қозонган бўлсада, Германия ва бошқа илғор футбол мактабларидан сабоқ олишда давом этамиз. Футболчиларимиз хорижий лигаларда ўйнаш асносида савияни анча оширишди, бунинг учун айниқса, немислардан миннатдормиз». Япония термасининг Қатар мундиалидаги иштироки топ-лигалар вакилларида «кўк самурайлар»­га қизиқишни янада оширгани тайин. Ватару Эндонинг «Ливерпуль» сафига қўшилгани бунга яққол далил. Аслида «Доха фожиаси»дан ке­йин бундай муваффақиятни тасаввур қилиш ҳам қийин эди. Японлар эса ўз қатъиятлари ва аниқ танланган стратегия ҳисобига буни уддашди. Қойил!

Япония термаси ЖЧда

1-уриниш. ЖЧ-98: гуруҳдан чиқолмади

2-уриниш. ЖЧ-2002: 1/8 финал

3-уриниш. ЖЧ-2006: гуруҳдан чиқолмади 

4-уриниш. ЖЧ-2010: 1/8 финал

5-уриниш. ЖЧ-2014: гуруҳдан чиқолмади

6-уриниш. ЖЧ-2018: 1/8 финал

7-уриниш. ЖЧ-2022: 1/8 финал

С.РАҲМОНОВ тайёрлади