ОСИЁ ФУТБОЛИ: 64 йиллик бесамар уриниш

ОСИЁ ФУТБОЛИ: 64 йиллик бесамар уриниш

Сир эмас, ҳамма билади, Жанубий Корея миллий жамоаси Осиё футболида энг барқарор етакчилардан бири саналади.

Аммо корейсларда қитъанинг асосий турнирида нимадир нотўғри кетмоқда. Ҳар ҳолда, улар 64 йилдан буён Осиё кубоги сари интилишяпти, аммо бесамар. Алоҳида айтиш керак, Осиёнинг терма жамоалар миқёсидаги дастлабки 2та бош турнирида айнан Ж.Корея термаси зафар қучган (ҳар икки ҳолатда чемпионат атиги 4та иштирокчи билан ўтказилганди). Шу-шу иродали корейслар қитъа кубогига етолмай, армондалар...

Жанубий Корея термасининг Осиё кубогидаги охирги ғалабаси 1960 йили кузатилганди. Корейслар ўшанда атиги 4та жамоани ўз ичига олган ва гуруҳ тизимида ўтказилган чемпионатда 100 фоизли кўрсаткич қайд этишган: Жанубий Вьетнам - 5:1, Исроил - 3:0 ва Хитой Тайпейи - 1:0. 1956 йилги биринчи турнир ҳам Ж.Корея термаси ғалабаси билан якунланган эди. Корейслар шундан буён 4 марта кумуш (1972, 1980, 1988 ва 2015 йиллар) ва 4 марта бронза (1964, 2000, 2007 ва 2011 йиллар) медалига эга чиқишди. Қолаверса, яна 4 марта чорак финал (1996, 2004, 2019 ва 2023 йиллар) юзини кўришди. Бироқ «олтин марра» улар учун ҳамон армон бўлиб қолмоқда. Диққат қилинг, Ж.Корея миллий жамоаси ўз тарихида қитъа чемпионатида жами 15 марта иштирок этган, яъни атиги 3та турнир финал раундини ўтказиб юборган. Энди 15та уриниш самарасига эътибор қаратинг: 

1-ўрин - 2 марта

2-ўрин - 4 марта

3-ўрин - 4 марта

Чорак финал - 4 марта

Гуруҳ босқичи - 1 марта

Кўряпсизми, корейслар 15та чемпионатнинг атиги 1тасида курашни гуруҳ босқичида якунлашган. Бошқа томондан, Ж.Корея термаси фақат эски форматда, яъни гуруҳ тизими остида 4та иштирок билан ўтказилган чемпионатда ғолиб чиққан, холос. Яна бир маълумот: Осиё кубоги тарихидаги энг яхши тўпурарлардан бири ҳам Ж.Кореядан - Ли Донг Гук. Вақтида «Мидлсбро» ва «Вердер» клубларида ҳам тўп сурган футболчи 1998-2017 йиллар оралиғида 4 марта қитъа биринчилигида қатнашган ва 10та гол урган. Қатар-2023гача Ли Донг Гук тўпурарлар рўйхатида биргина эронлик Али Даи (14та гол)дан орқада эди. Охирги чемпионатда эса қатарлик Али ал Моаз (12та гол) ҳам ундан ўзиб кетди.

Ж.Корея термаси охирги марта 2015 йили Осиё кубогини ютишга жуда яқин келди. Бироқ австралияликларга қарши кечган финалнинг қўшимча бўлимлари «ғурурни тиклаш» ҳаракатига тўс­қинлик қилди. Бундан олдин корейслар 1988 йили финалга чиқишган, аммо пенальтилар серияси бўйича Саудия Арабистони термасига ютқазишган эди. Жамоанинг охирги кумуш медалига тўхталсак, 2015 йили мезбонлар билан бўлган ҳал қилувчи баҳс қўшимча бўлимларга қадар чўзилди ва якунда «соккеруз» ғалабани илиб кетди - 2:1. Ваҳоланки, Ж.Корея термаси гуруҳ раундида бу рақибдан устун келганди. Айтганча, финалда Сон Хюн Мин 90+1-дақиқада ҳисобни тенглаштирганди. Аммо бу ҳам етарли бўлмади. Қолаверса, Ж.Корея миллий жамоаси ўша вақт ФИФА рейтингида сезиларли даражада пастга шўнғиган эди. Дейлик, 2014 йилнинг ёзида 69-ўринда қайд этилган (Ж.Корея термаси учун энг паст кўрсаткич). Охирги қитъа биринчилигидан олдин эса корейслар жаҳон бўйича 23-ўринда бўлиб, бу Осиё миқёсида 2-юқори натижа эди.

2015 йилги Осиё кубоги ярим финалида Ироқ термаси мағлуб этилгач, Ж.Корея миллий жамоаси сардори Ки Сун Юн анча кучли баёнот берганди: «Бу сафар турнирда ғалаба қозонишимиз шарт. Асосий сабаб - ғуруримизни тиклаш. Агар ортга яна кубоксиз қайт­сак, ўзимизни ҳалокатга учрагандек ҳис қиламиз». Амалда шундай ёндашув ҳам иш бермади. Бу сафар эса чемпионат старти арафасида Ж.Корея термаси бош мураббийи Юрген Клинсманн ОК-2023да ғалабадан бошқа ҳар қандай натижа муваффақиятсизлик саналишини баралла таъкидлади: «64 йил кубоксиз - бу Ж.Корея футболи учун жуда узоқ муддат. Барчасини тўғрилаш вақти келди».  Германиялик мутахассис жамоасини қанчалик жиддий шайлантирмасин, у ҳам кубоксиз серияга барҳам беролмади, барибир...

Ж.Корея миллий жамоаси ЖЧ-2014да муваффақиятсизликка учрагач (корейслар Бразилия мундиалида 1998 йилдан буён биринчи марта бирорта ғалаба қайд этишмаган, фақат Россия термасига қарши баҳсда 1:1 ҳисобидаги дуранг билан кифояланишганди), Сеул аэропортида мухлислар кучли эътироз билдиришганди. Яъни улар жамоани «Корея футболи ўлди» ёзувли баннер билан қарши олишган ва футболчиларга ҳар томондан конфет улоқтиришган.

Д.АЛИМОВ тайёрлади