Поттернинг «таёқча»си Лондонда ҳам иш берадими?...

Поттернинг «таёқча»си Лондонда ҳам иш берадими?...

Лондоннинг «Челси» клуби тўсатдан Томас Тухелни ўз лавозимидан озод этиб, унинг ўрнига Грэм Поттерни бош мураббий этиб тайинлади.

Лондоннинг «Челси» клуби тўсатдан Томас Тухелни ўз лавозимидан озод этиб, унинг ўрнига Грэм Поттерни бош мураббий этиб тайинлади. Ўтган пайшанба куни эрталаб янги бош мураббий «Брайтон» футболчилари билан хайрлашиб, клуб базасини тарк этган бўлса, оқшомда унинг «Челси»ни қабул қилганлиги расман эълон қилинганди.

Грэм Поттер ким ўзи?

Нисбатан анча ёш (47) бўлган англиялик мутахассис АПЛдаги ўртамиёна натижалари билан танилган. У «Брайтон» билан 16, 15 ва 9-ўринларни банд этган, Англия ва Лига Кубоги мусобақаларида нимчорак финалдан юқорига кўтарила олмаган. Лекин «Брайтон»даги ҳужумкор ўйин услуби билан кўпчиликнинг эътиборини тортганди. Унинг услуби очколар келтирмаган бўлсада, «Брайтон»нинг ўйинлари томошабоп ва ёқимли бўларди. Шунингдек, Поттер ўз шогирдлари маҳоратини ҳужумкор услуб эвазига оширишга муваффақ бўлганди.

Грэм Поттер давригача «Брайтон» трансфер мавсумларида қаторасига 4 йил кўпроқ пул сарфлаб, оз даромад олганди. Унинг раҳбарлигидаги сўнгги 2 йилни эса мусбат кўрсаткич билан якунлади. Шу йилнинг ёзида жамоа харидлар учун 48 млн. евро сарфлаган ҳолда, 114 млн. даромад олди. Яъни, 66 млн.га кўпроқ. Қизиғи шундаки, «Челси» айнан шунча маблағ эвазига Кукурельяни «Брайтон»дан сотиб олди. Энди чап қанот ҳимоячиси ўз устози билан топ-клубда ҳамкорлик қиладиган бўлди.

Айтганча, Поттернинг «Челси»га тайинланиши ЖЧ-2022 арафасида Англия терма жамоасига таъсир этиши мумкин. Ҳозирга қадар жамоа 2 нафар юксак савияли чап қанот ҳимоячи - Люк Шоу ҳамда Бен Чилуэллга эга эди. Энди шу футболчилар мундиал эшик қоқиб турган паллада ўйин амалиётисиз қолишлари мумкин. Люк «МЮ»га янги мураббий келганидан кейин захирадан жой олди. Поттер эса чап қанотни Кукурельяга топширишга улгурди. Лекин АПЛнинг 6-туридан жой олган «Вест Хэм»га қарши беллашувнинг 71-дақиқасида айнан Кукурелья ўрнига майдонга тушган Чилуэлл аввал гол уриб, кейин самарали узатмани амалга ошириш орқали «кўклар»нинг иродали ғалабасини (2:1) таъминлади. Қизиқ, бу ёғига янги бош мураббий қайси шогирдига кўпроқ ишонч билдираркин?

 

Грэм Поттер қайси жиҳати билан танилган?

Ностандарт шахс. Мураббийлик фаолиятининг катта қисмини Швецияда ўтказган. У ерда Грэм кўпчиликка таниш бўлмаган «Эстерсунд» клубини (Швеция 4-дивизони) қабул қилиб, босқичма-босқич 1-дивизионгача олиб чиқди. Қўшимчасига, Швеция Кубогини қўлга киритди.

Мураббийнинг хорижга йўл олиши аввалига ажабланарли туюлганди. Бунга қадар Грэм университет жамоаларини бошқарган, Гана аёллар терма жамоасида ЖЧ-2007 турнирида техник директор лавозимида иштирок этганди. Айни ўша паллада Поттерлар оиласида тўнғич фарзанд дунёга келган бўлсада, у Швецияда омадини синаб кўришга қарор қилди ва дадиллик ўзини оқлади.

Боз устига, унинг раҳбарлигида элитага чиққан «Эстерсунд» ЕЛ йўлланмасини қўлга киритиб, саралаш босқичида «Галатасарой» ва «ПАОК» тўсиқларидан ўтди ва 2-ўрин билан «плей-офф» босқичига тушди. Кейин эса Жасур Яхшибоевнинг «Шериф»и каби мўъжиза намойиш этди. Яъни, Арсен Венгернинг «Арсенал»ини «Эмирейтс»да маҳв этди!

Тўғри, ўз майдонидаги жавоб учрашувида қайд этилган йирик мағлубият орқали «Эстерсунд» «Эмирейтс»даги мўъжизани йўққа чиқариб, нуфузли турнирдаги иштирокини ниҳоясига етказди. Дарвоқе, ўша учрашув Арсен Венгернинг АПЛдаги сўнгги ўйини эди.

Яна бир қизиқарли факт: Швецияда Грэм Поттер ўз шогирдларини 1600 нафар томошабин шоҳидлигида театр саҳнасида «Оққуш кўли» балети ва регион мадҳиясини ижро этишга мажбур этганди. Guardian нашрининг таъбирига кўра, мураббий шу йўл билан ўйинчиларга мухлислар қаршисида ўзини йўқотиб қўймаслик, хотиржам тўп суриш хислатларини сингдиришга уринган.


Айнан «Челси»  Поттерга қай даражада мос тушади?

Ўтган йил январида «Манчестер Сити» бош мураббийи Хосеп Гвардиола шундай деганди:

«Мен Грэм Поттернинг чин мухлисиман. Унинг «Брайтон»и ўйинларини томоша қилиш ҳам, таҳлил этиш ҳам ўта мароқли. Жамоада ҳар бир ўйинчи ўз вазифаси, позициясини яхши билади, майдонда эркин ҳаракатланади. Ва албатта, зарур бўлса, исталган позицияда ўйнай олади».

Мураббийнинг Лондондаги фаолияти қандай кечиши ҳақида ҳозирча фикр билдириш анча мушкул. Лекин айнан Грэм Поттерга ишонч билдирилгани мантиқан тўғри ечимдек туюлмоқда. Унинг «Брайтон»и грандларга хос тўп суради - тиғиз прессинг ва тўп назоратини ўз томонига оғдирган ҳолда ўйнайди. Шу билан биргаликда, Поттер 5 нафар ҳимоячини майдонга туширишига қарамай, жамоанинг ҳужумкор ўйин кўрсатиши - ажабланарли ҳол.

Ҳамма гап шундаки, «Брайтон»нинг қанот ҳимоячилари ўз вазифаларидан ташқари, ҳужумларда ҳам фаол иштирок этадилар. Ҳатто номдор жамоаларга қарши ўйинларда ҳам олдинга интилишдан тап тортмайдилар.

Танловнинг Поттерда тўхтаганлигида яна бир ижобий жиҳат мавжуд: 5 нафар ҳимоячили услуб «Челси»га яхши таниш. Уни Тухель ўтган мавсумда қўллаган, бу мавсумда ҳам қўллаётганди. Демак, янги бош мураббийнинг жамоа билан тил топиши анча осон кечишига шубҳа йўқ.

Айтганча, Грэм Поттер Лидс университетида етакчилик ва эмоционал интеллект бўйича магистр унвонига сазовор бўлганлиги ҳам кўпчилик учун янгилик бўлса керак. «Брайтон» мисолида у ўзининг билим-савияси таъсирида ўйинчилардаги юксалиш орқали исботлади. Айнан шу жиҳат Тухелга етишмаганди. Германиялик мураббийда совринлар йўқ эмасди, лекин қайси футболчида сезиларли ўзгариш кузатилмади.

Поттер Лондонга ўзининг «Брайтон»даги ассистенти Билли Ридни ҳам олиб келади. Билли - мураббийлар штабидаги иккинчи шахс. Шу йилнинг январида Грэм «Лестер»­га қарши сафар учрашувига коронавирусга чалингани боис бора олмаган, бу юмушри Ридга топширганди. Бироқ у ҳам беморлиги сабабли Лестерга бора олмади.

«Брайтон»дан олинган хабарга кўра, Грэм Поттер штабининг 4 нафар аъзолари клубни тарк этишган. Улар ҳам «Челси» штабидан жой оладилар.


Гарри Потер ҳақида  ҳазиллашиш мумкинми?

Ҳа. Бу мавзу эскирган бўлсада, кўпчиликни тўхтатишнинг иложи йўқ. Грэмнинг «кўклар» билан шартномаси 5 йилга мўлжалланган. Бу ўз-ўзидан тушунарли: мураббий ўзи истаган ўйинни қисқа вақт ичида йўлга қўя олмайди.

МУҲАММАДСОДИҚ тайёрлади