Қалбан алдаш мумкин эмас!

Қалбан алдаш мумкин эмас!

Италия «А» серияси 9-туридан ўрин олган «Торино» - «Интер» ўйини бошланишидан олдин ўта таъсирли воқелик кузатилди.

Меҳмон жамоа футболкасида майдонга тушган ёш йигитча мутлақо кутилмаган ҳаракати билан эътиборни ўз томонига қаратди. «Одам ўзини алдашга қодир эмас» тушунчасига исбот воқеа...

Замонавий футболда ибратли анъаналар етарли. Жумладан, ҳар бир ўйин бошланишидан аввал икки жамоа футболчилари ёш ўғил-қизларни қўлларидан тутган ҳолда майдонга тушишади. Одатда бу ролга мезбон жамоа тарбияланувчилари ёки маҳаллий болалар жалб қилинадилар. Болаларни танлаш усуллари ҳам кўп. Қайсидир клуб 22 нафар омадли болакайни алоҳида танлов воситасида саралаб олса, бошқаси оддий йўлдан бориб, ўз академиясида таҳсил олаётганларга профессионал футболчиларга ҳамроҳ бўлиш имкониятини тақдим этади. Баъзида эса клублар Меҳрибонлик уйларидан кўнгли ярим болаларни таклиф этади. Охирги вақтларда эса жисмоний имконияти чекланган болаларни чақириш ҳам одатга айланмоқда.

«Торино» ва «Интер» ўртасидаги ўйин олдидан эса ташкилотчилар оддий усулни маъқул кўриб, клуб тарбияланувчиларига имкон беришди. Фақат шуниси борки, айрим болалардан рақиб жамоа либосини кийиш ва «нерадзурралар» билан майдонга тушиш талаб этилди. Албатта, Лаутаро Мартинес ёки Ҳоқон Чалханоглу каби юлдузлар олдида туриш аксарият болалар учун фахр, шунингдек, бир умр эсда қоладиган воқеа. Лекин ҳамма учун шундай эмас экан...

Таъсирли воқеликка келсак, «Интер» ярим ҳимоячиси Рауль Белланова қўлини тутган ҳолда майдонга тушган ва унинг ёнида турган болакай тўсатдан камераларга қарата «нерадзурралар» футболкасини кўтариб, унинг остида «Торино» формаси борлигини кўрсатди. У шунингдек, жонажон жамоаси рамзини ўпиш асносида аслида қайси томондан эканлигини билдириб қўйди. Ҳа, ёш йигитча бу ҳаракати билан оммага қандай форма кийиш муҳим эмаслиги, инсон ўз қалбига буйруқ беролмаслигини намойиш этди чиройли тарзда. Ўйинга тўхталсак, «Торино» ўз майдонида 0:3 ҳисобида енгилди, аммо болакай бу кунни узоқ вақт эслаб қолади. Ахир у қалби «Торино»га тегишлилигини баралла кўрсата олди.