«Биласизми, Лео Мессини нега ўзим кўрган энг яхши футболчи сифатида мақтайман?» - бу испаниялик мутахассиснинг нутқидан олинган жумла. Тўғри, Пепнинг жон куйдириб айтганлари ЧЛ ярим финалида «Реал»га қарши кечган ўйинларда иш бергани йўқ...
Ҳаммаси «Биргаликда: яна чемпионлар!» номли ҳужжатли фильмида янграган гаплар. Яқинда ЧЛдан ўрин олган ўйинлардан бири арафасида «Манчестер Сити» кийиниш хонасидан олинган кадрлар ижтимоий тармоқларда тарқалди. Унда бош мураббий Хосеп Гвардиоланинг анча эҳтиросли нутқи акс этган. «Барселона»нинг собиқ устози Лионель Месси тўп билан қандай ҳужумга ўтишини кўрсатиб, ўз шогирдларидан ҳам худди шундай ҳаракатланишни сўраган. «Биласизми, Мессини нега ҳаётим давомида мен кўрган энг яхши футболчи сифатида тилга оламан? Чунки у йиртқич! Ҳайвон! Энди қаранг (доскага эътибор қаратиб), биз тўп узатамиз ва ҳамиша шерикларимизга қараймиз. Сиз узатма вақти ҳам ҳужумга ўтинг. Мана, кўринг! Йигитлар, тинмай гол уришинглар керак! Месси тўпни узатади ва олға интилаверади худди машина каби. У гол ҳидини билади. Сизлар ҳам худди шундай қилишингиз ва бунда тўғри позиция танлашингиз шарт!»
Фақат бир нарса аниқ: «Манчестер Сити» футболчилари «Реал»га қарши кечган ЧЛ ярим финал ўйинларида Месси бўлолмадилар, унинг йиртқич қиёфасига киролмадилар. Лекин нима бўлганда ҳам, бу ажойиб нутқ учун Пепга қойил қолиш керак.