ҚУТЛОВ: Бош Рок-н-ролл 55 ёшда!

ҚУТЛОВ: Бош Рок-н-ролл 55 ёшда!

АПЛдаги бош рок-н-ролл - Юрген Клопп 16 июнь куни 55 ёшга тўлди.

1967 йили Штутгартда туғилган германиялик мутахассис ҳозирда кўпчилик томонидан жаҳоннинг энг яхши мураббийи сифатида эътироф этилади. Бу бежиз эмас, албатта. Зеро, у «Ливерпуль» тарихида клубни 4та асосий турнир (Англия чемпионати, ЕЧЛ, Англия Лига кубоги ва Англия кубоги)да ғалаба сари етаклаган ягона йўлбошчидир. 

*** Мураббийлик фаолиятида шу кунга қадар атиги 3та профессионал клубга устозлик қилган Юрген Клопп нақ  11та элит соврин ютишга улгурди. Улар орасида Англия ва Германия чемпионатлари ҳамда ЧЛдаги ғалабалар алоҳида ўрин тутади. Дейлик, Клопп бошқарган «Боруссия» Д. дастидан қудратли «Бавария» қаторасига икки мавсум Бундеслига тахтига кўтарилолмаганди. АПЛ ва ЧЛдаги рақобат тафтини эса таърифлашга ҳожат йўқ. Умуман, Клоппнинг мураббий ролидаги статис­тикаси ҳар кимда ҳавас уйғотиши турган гап: 966та ўйиндан 529тасида ғалаба ва 215тасида дуранг. Бунинг самараси - 11та соврин!

*** Юрген Клопп икки марта оила қурган. Биринчи турмуш ўртоғи Сабинадан 1988 йили туғилган Марк исмли ўғли бор. Мураббий 2005 йилнинг 5 декабрь куни ижтимоий ҳаракат ишчиси ва болалар ёзувчиси Улле Сандрок билан никоҳдан ўтди. 

Клопп 2021 йили онаси Элизабет оламдан ўтгани ва COVID-19 туфайли Германияга кириш тақиқлангани ортидан дафн маросимида қатнашолмаганини афсус билан тилга олганди. Отаси эса 1998 йили жигар ўсимтасидан вафот этган. 

Факт. Юрген Клопп АПЛда нақ 9 марта ой лауреати бўлди: 2016 йили 1 марта (сентябрь), 2018 йили 1 марта (декабрь), 2019 йили 5 марта (март, август, сентябрь, ноябрь, декабрь) 2020 йили 1 марта (январь), 2021 йили 1 марта (май).