Бундеслига финишига атиги 5-ўринда етиб келган жамоа 1 июнь куни ЧЛ-2023/2024 финалида майдонга тушади. Рақиб - даҳшатли «Реал». Дортмунд жамоаси 2013 йилдан буён асосий еврокубок финалини кўрмаганди. «Боруссия» раҳбарияти шунга яраша «Уэмбли» финалига бошқача тадорик кўрмоқда.
Маълумотларга қараганда, «Боруссия» Д. раҳбарияти 1 июнь куни Англия пойтахтида бўладиган ЧЛ финалига катта делегация билан йўл олади. Диққат қилинг, клуб Лондон сафарига чиқадиганлар рўйхатини аллақачон шакллантириб бўлган. Унга жамоанинг нақ 519 нафар ходими киритилган. Йўқ, хато ёзмадик, 51 ёки 59 эмас, 519 нафар! Дортмунд жамоаси раҳбарларига тасанно, улар жамоа стадиони қоровуллари ёки фаррошларини ҳам четда қолдиришмаган.
Оддий айтганда, «Боруссия» «Уэмбли» финалига тўлиқ коллектив билан йўл олади - мураббийлар, футболчилар, менежерлар, турли масалалар бўйича маслаҳатчилар, «Сигнал Идуна Парк» ходимлари... Шунингдек, жамоа академияси тарбияланувчилари ҳам финални бевосита томоша қилиш имкониятига эгалар. Яъни U-12 ва U-19 оралиғидаги барча жамоалар мураббий-футболчиларига катта делегацияда жой ажратилган. Табиийки, сафар харажати 100 фоиз клуб зиммасида. Маълумот учун айтиш керак, ЧЛ финалчиларига чамаси 20 минг донадан чипта ажратилади. «Боруссия» эса ўз мухлисларидан чипта учун 400 мингдан кўп ариза олишга улгурган.
ЧЛ-2023/2024. ФИНАЛ
1 июнь (шанба)
Лондон (Англия). «Уэмбли» стадиони.
23:55 «БОРУССИЯ» Д. (Германия) - «РЕАЛ» (Испания)
Бош ҳакам: Славко Винчич (Словения)