РАКУРС : Лондонча флешбэклар ортидан...

РАКУРС : Лондонча флешбэклар ортидан...

Маркос Алонсо «Барселона» - «Тоттенхэм» ўйинидан сўнг ижтимоий тармоқда қўполроқ пост қолдирди.

Каталонияликлар аввалги ҳафта «Гампер кубоги» доирасида «шпорлар»ни 4:2 ҳисобида енгишди. Ваҳоланки, Хави жамоаси 80-дақиқада ҳам орқада қолаётганди - 1:2. Майдон эгалари охирги 10-15 дақиқа ичида вазиятни мутлақ ўзгартириб юборишди. Аввалига Ферран Торрес мувозанатни тиклади, 90-дақиқада эса Ансу Фати жамоасини ҳисобда олдинга олиб чиқди ва Абде Эззалзули қўшиб берилган вақтда якуний нуқтани қўйди.

Маркос Алонсо ушбу учрашувнинг 61-дақиқасида захирадан майдонга тушди, лекин бирор голда иштирок этгани йўқ. Шунга қарамай, «Тоттенхэм» устидан қозонилган ғалаба унга алоҳида завқ улашган кўринади. Ҳар ҳолда, фахрий ҳимоячи ўйиндан сўнг ижтимоий тармоқда қўпол пост қолдирди: «Баъзи нарсалар ҳеч қачон ўзгармайди. «Барса» - «Тоттенхэм» - 4:2». Боз устига, Маркос имзо ёнига эснаш маъгосидаги эмози қўйди. Бир қарашда, Алонсо шу билан лондонча флешбэкларни ортда қолдирди.

Айтиш жоиз, Маркос «Челси» сафида ўйнаган даврда «Тоттенхэм» унинг учун энг ёқимли рақиблардан бири бўлганди. Рақамларда айтсак, испаниялик футболчи турли мусобақалар доирасида «шпорлар»га қарши кечган 21та ўйинда қатнашиб, 12 марта ғалаба қозонган, 2та баҳсда дуранг натижа қайд этилган бўлса, 7таси «Челси» мағлубияти билан хотима топган. Маркоснинг «шпорлар» билан баҳсларга боғлиқ шахсий статистикаси ҳам ёмон эмас - 3тадан гол ва самарали узатма. Ҳар ҳолда, у бошқа бирор клубга қарши ўйинларда бундай ма?сулдорлик қайд этган эмас. Алонсо ҳозир «Челси»да эмас, лекин унинг учун эски принципиал рақибга қарши ўйин ўз аҳамиятини заррача йўқотмаган ҳали...