Рақибларимиз: Финал йўлидаги тўсиқ

Рақибларимиз: Финал йўлидаги тўсиқ

«КУАЛА-ЛУМПУР» ҚАНДАЙ ЖАМОА?

«Сўғдиёна» эртага (5 октябрь) Жиззахда ОФК кубоги-2022 ҳал қилувчи ўйини чиптаси учун майдонга тушади. Ҳудудлараро финалдаги рақиб - «Куа­ла-Лумпур» (Малайзия). Хўш, Улуғбек Бақоев жамоасининг ноябрь ойига белгиланган финални ҳам Жиззахга кўчиришига халақит беришга уринадиган бўлажак рақиб қай даражада кучли? Малайзия клубида халқаро ютуқлари ҳам борми?

«Куала-Лумпур» - Малайзиянинг энг тарихий клубларидан бири. Пойтахт жамоасига 1974 йили асос солинган. Айни вақт мамлакат Суперлигасида иштирок этмоқда. Молиявий жиҳатдан ҳам Малайзиянинг энг бақувват клубларидан саналади. Ҳар ҳолда, «Куала-Лумпур»га мамлакат футбол ассоциациясининг ўзи ҳомийлик қилади. Тўғри, жамоа тарихида мақташга арзийдиган совринлар кўп эмас. «Шаҳар йигитлари» (жамоа лақаби) 1986 ва 1988 йилларда Малайзия биринчи лигасида ғалаба қозонишганини айтиш мумкин. 2017 йили эса Премьер-лига чемпиони сифатида Суперлигага йўл олди. «Куала-Лумпур» шунинг­дек, Малайзия кубогида 4 марта, Ассоциация кубогида эса 3 марта зафар қучган. Жамоа ҳисобида яна 3та мамлакат суперкубоги ҳам бор. Куалаликлар жумладан, 2021 йили Малайзия кубогини ютиш асносида ОФК кубоги гуруҳ босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритишди. 

«Куала-Лумпур» рақибларини 18 минг мухлисга мўлжалланган шу номдаги стадионда қабул қилади. Жиззах жамоасининг бўлажак рақиби халқаро дебютини 1987 йили нишонлаган. Малайзияликлар ўшанда Осиё чемпионлар кубогида қатнашишган. Мавсум-1994|1995-да эса ўз омадларини Осиё кубок эгалари кубоги турнирида синаб кўришган. «Куала-Лумпур» бунда чорак финалга чиқиб, бу раундда Таиланд клубига ютқазган. Мана, жамоа учинчи уринишини ОФК кубоги-2022 «H» гуруҳида бошлади. «Макассар» (Индонезия) ва «Тампинес Роверс» (Сингапур) билан бир гуруҳга тушган жамоа 1тадан ғалаба ҳамда дуранг қайд этиш асносида кейинги раунд­га чиқди. Дастлабки «плей-офф» ўйинида «Виеттел»дан устун келган «Лумпур» ҳудудий финалда яна «Макассар»га қарши ўйнади ва бу рақибга умуман имконият қолдирмади - 5:2. Ҳудудлараро ярим финал баҳсида эса Ҳиндистон вакили «Мохун Баган» 3:1 ҳисобида доғда қолдирилди.

«Куала-Лумпур» жорий мавсум Малайзия Суперлигасида нотекис қатнашмоқда - 19та турдан кейин 26 очко билан 12та иштирокчи орасида 6-ўринда бормоқда. Кубок турниридан эса чиқиб кетишга улгурди. Демак, «Куала-Лумпур» айни пайт бор эътиборини ОФК кубогига қаратмоқда. Жамоада хорижликлар етарли. Хусусан, ҳозирда бош мураббий лавозимида хорватиялик мутахассис Божан Ходак ишламоқда. У клуб бошқарувини 2021 йили қўлга олганди. Ходак ҳозирга қадар пойтахтликлар билан Малайзия кубоги соҳибига айланди. Таркибда 5 нафар легионер бор. Улар Филиппин, Колумбия, Бразилия, Австралия ва Конгодан. Бразилиялик ярим ҳимоячи Пауло Жозе жамоа сардори ва асосий «фигура» ҳисобланади. Ҳужумчилар - Ромель Моралес ва Кевин Коубемба ҳам чакки эмаслар. Дарвозани эса Филиппин термасига номзод кипер Кевин Рай Мендоса қўриқламоқда.

ОФК КУБОГИ-2022. ҲУДУДЛАРАРО ФИНАЛ

4 октябрь (сешанба) 

20:00 «АЛ-СИБ» (Уммон) - «АЛ-РИФФА (Баҳрайн)

5 октябрь (чоршанба)

18:00 «СЎҒДИЁНА» (Ўзбекистон) - «КУАЛА-ЛУМПУР» (Малайзия) 

Жиззах. «Сўғдиёна» стадиони. 

Ҳакамлар: Али Сабоҳ ал Қайси (Ироқ), Ҳайдар Али Убайди (Ироқ), Амир Довуд Ҳусайн (Ироқ), Моҳаннад Қосим Саррай (Ироқ).

Назоратчи: Али Ҳамад Мадҳад (БАА).

Комиссар: Аҳмад Шаҳир (Мальдив ороллари).

ОФК делегати: Такаки Инокучи (Япония).