«Ребрендинг талвасаси» нимадан?

«Ребрендинг талвасаси» нимадан?

Ўзбекистон клубларини тўсатдан қамраб олган «ребрендинг талвасаси» ҳақида фикр билдиришимни сўрашяпти.

Бу ҳақда ОФК Клублар лицензиялаш Низомининг 12-моддасида кўрсатиб қўйилган бўлса, қандай изоҳ бериш мумкин? Унда ёзилишича, лицензия олишдан олдинги 2 йил давомида клубнинг ҳуқуқий тузилиши ёки идентификацияси (жумладан, расмий рангини алмашиши)даги ҳар қандай ўзгариш ҳужжат олиш жараёнини осонлаштириш билан боғлиқ бўлмаслиги керак. Яъни жамоа логотипнинг ўзгариши дейлик, ходимлар олдидаги қарздорликни ёпиш учун клубни қайта рўйхатдан ўтказиш билан боғлиқ эмаслигини исботлаши керак. Бошқа томондан, бу қачон ва кимни тўхтатган? «Андижон» мавсум давомида юридик мақомини ўзгартириб, чемпионатда ҳеч нарса бўлмагандек ўйнашда давом этгани ёдга тушади. шу билан янги хўжайинлар олдинги клуб ходимлари иш ҳақини беришдан қутулишди. Ўша янги хўжайинларнинг чиройли ваъдаларни унутиб, футболдан эсон-омон кетишганига ҳали 2 йил ҳам бўлмади. «Сурхон»нинг қайта рўйхатдан ўтгани ҳам саволлар туғдирмоқда. Фақат бу саволларни йўналтириш учун ҳеч ким йўқ. Классик ёзганидек, халқ сукут сақламоқда.

«Насаф» логотипидаги ўзгаришларга алоҳида тўхталсак, эслатиш жоиз, бу клуб ОЧЛда иштирок этади («Машъал» масаласи соф маҳаллий юрисдикция) ва янги мавсум арафасида ребрендинг қилиш - бу оддий расмиятчилик эмас. Энди логотипни ўзгартириш учун АФКдан рухсат сўраш керак. Яна савол туғилади, барибир. Масалани аввалдан ўрганиб, кейин қарор қабул қилишнинг иложи йўқмиди? Клубларда ишлаётган мутахассислар савияси масаласи ҳозирча асосийси эмас, шекилли. Оддий айтганда, «Герб туширилган қоғоз йўқлиги учун оддийсига ҳам ёзиш мумкин»...

Алишер НИКИМБАЕВ, «Футболиум»