РЕЙТИНГ: Энг сермаҳсул «футболчилар фабрикаси»

РЕЙТИНГ: Энг сермаҳсул «футболчилар фабрикаси»

CIES спорт тадқиқотлар халқаро маркази яқинда қизиқарли тадқиқотни амалга оширди - Европа мамлакатларининг 31та олий лига жамоаларини таҳлил этди ва уларнинг қайсиси кўпроқ тарбияланувчиларга эга эканлигини аниқлади.

 Соддароқ айтганда «футболчилар тайёрлаш бобида энг яхши клублар» рейтингини шакллантирди.

Ҳисоб-китоблар қуйидаги шартлар бўйича олиб борилди:

• Футболчи 15 ёшдан 21 ёшгача бўлган даврда қайси жамоада камида 3 йил тўп сурган бўлса, ўша жамоанинг тарбияланувчиси ҳисобланади (айрим футболчиларда 2та «қадр­дон» клуб бўлиши мумкин);

• Чемпионатда фақат 1 октябрга қадар асосий таркибда майдонга тушган ўйинчилар инобатга олинадилар. Мабодо улар бир марта ҳам майдонга тушмаган бўлсалар, аввалги икки мавсумдаги ўйинлари ҳисобга олинади. Шунингдек, 2- ва 3-дарвозабонлар ҳам ҳисобга олинадилар;

• Тадқиқот Европанинг 31та чемпионатида олиб борилди: Англия ва Испаниядан Финляндия, Беларусь ва Кипргача. Бироқ топ-чемпионатлар бешлиги - Англия, Испания, Италия, Германия ва Франция алоҳида таҳлил этилди.

Қизиқарли ва ажабтовур натижалар

• Шак-шубҳасиз етакчи - Амстердамнинг «Аякс»и. Бу жамоа тарбиялаган футболчиларнинг 80дан ортиғи ҳозирда Европанинг олий дивизионларида тўп сурмоқдалар. Уларнинг 8 нафари «Аякс» таркибида. Улар энг яхши мактаб номини оқладилар;

• Етакчи бешликдан Украинанинг 2 клуби жой олишди. Қизиғи шундаки, «Динамо» ва «Шахтёр» тарбияланувчилар сони бўйича етакчилар сафидалар;

• Бир ўйлаб кўринг: «Партизан», «Црвена Звезда» ва «Войводина» биргаликда 173 нафар тарбияланувчини тайёрлаб беришган. Загребнинг «Динамо»си умуман, топ-бешликда, «Хайдук» рўйхатнинг юқори қисмидан жой олишига тарбияланувчиларнинг сал озроқ эканлиги (48) халал берди;

• Гранд клублар ҳам етарли: «Реал», «Барселона», «ПСЖ» - тўғри, қадрдон жамоалар таркибида тарбияланувчилар сони кўп эмас;


Tоп-чемпионатлар бешлиги

• Маълум бўлишича, Англия, Испания, Италия, Германия ва Франция чемпионатларига тарбияланувчилар тайёрлаб беришда «Реал»­га тенглаша оладиган клуб йўқ экан. Бирон бир жамоа топ чемпионатларга 40дан ортиқ ўйинчи етказиб бера олмаган. Мадридликлар эса Хуан Мата, Ашраф Ҳакими, Пабло Сарабия, Альваро Мората ва бошқа кўплаб иқтидорларни тарбиялаб беришган;

• Клублар ўртасида дастлабки 10та ўринни Испаниянинг 3та, Франциянинг 2та жамоалари эгаллашди. Англиядан «МЮ», Италиядан «Аталанта», Германиядан «Бавария» кейинги ўринларни банд этишди;

• Лиссабоннинг «Спортинг» клуби етакчи ўнликдан жой олганлиги ажабланарли ҳол. Ахир Португалия топ-чемпионатлар вакили эмас. Демак, 24 нафар лиссабонлик тарбияланувчиларнинг бирортаси «Спортинг»да ёки Португалиянинг бошқа жамоаларида ўйнамайди;

Англия

** Асосий факт шуки, кадрлар тайёрлаш бобида АПЛнинг етакчи олтилиги вакиллари олдиндалар. Улардан кейинги ўрин «Саутгемп­тон»га тегишли;

** Картинкадан фақат топ-лигалар учун 10 ва ундан ортиқ ўйинчи тайёрлаб берганлар жой олишди. Лекин рўйхатда «Фулхэм» ва «Ноттингем Форест» (9 нафардан), «Эвертон», «Чарльтон» ва «Лидс» (7 нафардан) ҳам жой олишган.

** Етакчи чемпионатлар бешлигида айнан Англия таъминотчилик бобида охирги ўринда бормоқда.

Испания

** «Реал» ва «Барселона» хусусида фикр билдириб ўтдик. Улардан кейинги ўринда «Валенсия» бормоқда - «кўршапалаклар» инқироз даврида ҳам етакчи ўринни сақлаб қолдилар;

** Басклар жамоалари - «Реал Сосьедад» ва «Атлетик» асосан ўз тарбияланувчиларига таянадилар, шу боис, топ-лигалар ичида етакчилар.

Италия

** «Аталанта»нинг парвози тасодифий эмас: жамоа ёш иқтидорларни савдо учун тайёрлайди, ҳар трансфер дарчасида 25 нафар футболчини ижарага беради. Уларнинг айримлари ҳатто бергамоликлар сафида майдонга тушишга улгурмасдан, бошқа жамоага сотиб юборилади - масалан, Деян Кулушевски;

** «Рома», «Милан» ва «Интер»даги тарбиячилик тизими ҳам рисоладагидек. «Ювентус» эса бу борада мақтана олмайди. Ваҳоланки, 2018 йилдан бери клуб Juventus Next Gen дастури устида ишламоқда. Балки бу тез орада ўз самарасини намойиш этар;

** «Женоа» «В» сериясига тушиб кетди, бироқ унинг 10 нафар тарбияланувчиси топ-чемпионатларда тўп сурмоқда. Масалан, Стефан Эл-Шаарави ва Маттиа Перин.

Германия

** «Бавария» нафақат чемпионлик, балки тарбияланувчилар сони бўйича ҳам яққол пешқадам. «Хоффенхайм» ва «Штутгарт» унинг яқин таъқибчилари. Дарвоқе, Киммих, Гнабри, Вернер ва Рюдигерлар «Штутгарт» «фабрикаси маҳсулотлари»;

** Таажжубки, 3-Бундеслига вакили бўлмиш «Мюнхен-1860» клуби ҳам етакчилар қаторида. Боз устига, унинг вакиллари таниқли ўйинчилар: Фолланд, Нойхаус, Вайгль, Мариус Вольф ва бошқалар;

** «Фрайбург» ва «Майнц» ўз тарбияланувчиларига ишонч билдирадилар, натижа эса куттириб қўймаяпти.

Франция

** Француз клублари топ-лигалар учун ўйинчи тайёрлашда бошқалардан фаолроқлар. Бирйўла 16 клуб 10 нафардан кўпроқ футболчиларни топ-чемпионатларга жўнатишди;

** «Лион» - ажойиб жамоа. Ёш иқтидорларни қунт билан тарбиялайди, кейин улар билан муваффақиятга эришади ва манфаатли тарзда сотиб юборади. «Олтин Тўп»нинг амалдаги соҳиби қайси клуб тарбияланувчиси эканлигини эслатиш шарт бўлмаса керак;

** Таъминотчилик бобида фақат Лига1 вакиллари эмас, қуйи дивизион клублари ҳам фаоллар. 2010 йилдан бери элитага чиқа олмаётган «Гавр» футбол оламига Маҳрез, Канте, Погба, Димитри Пайе ва бошқа кўплаб юлдузларни ҳадя этган.

Манба: sports.ru, МУҲАММАДСОДИҚ тайёрлади