Рейтинг: Жеррард энди тўртинчи!

Рейтинг:  Жеррард энди тўртинчи!

«Ливерпуль» афсонаси Стивен Жеррард Саудия Арабистонига йўл олишда анча иккиланди, лекин охир-оқибат, «Ал-Иттифоқ» бошқарувини қўлга олди.

 Бунда ажабланадиган томони ҳам йўқ. Биринчидан, «Астон Вилла»нинг собиқ бош мураббийи бўш эди. Иккинчидан, араблар Стив Жига мислсиз катта маош таклиф этишди. Англия медиаси маълумотларига қараганда, Англия миллий жамоаси собиқ ярим ҳимоячиси Яқин Шарқда йилига 15,2 млн. фунт (чамаси 17,6 млн. евро) олади. Шу тариқа Жеррард бир айланиб, жаҳон футболида энг кўп маошга эга мураббийлар рўйхатида бирданига 4-қаторга сакради. Қойилмақом юксалиш!* Энг катта маошга эга мураббийлар рейтингининг кучли 10талиги ўзгаради агар фақат L~Equipe нашри маълумотлари эътиборга олинмаса. Дейлик, Daily Mail наш­рида ёзилишича, Эрик тен Хаг («МЮ») ва Микель Артета («Арсенал»)да йиллик иш ҳақи 9 млн. фунт (10,4 млн. евро)га етган. Агар шундай бўлса, Симоне Инзаги («Интер») ҳамда Жозе Моуриньо топ-10дан пастга тушишади.

* АПЛда ишлаётган икки нафар мураббий топ-3да, лекин Англия футболи бу борадаги рейтингда тўлиқ ҳукмрон эмас ва бу ҳаттоки, бироз ғалати. «А» сериядан 3 нафар мураббий энг катта маошга эга 10 нафар мутахассис қаторида эканлиги ҳам эътиборга молик. 

* Қизиғи, Грэм Поттер «Челси»да амалдаги бош мураббий Маурисио Почеттинодан кўпроқ оларди (йилига - 13,5 млн. евро).

* Эҳтимолки, жорий ёз якунига қадар рейтингнинг юқори қисми яна ўзгарар. Ҳар ҳолда, саудияликлар Европада танилган кўплаб мураббийларга ўта дабдабали таклиф юборишдан чарчаётганлари йўқ. Мисол учун, Жозе Моуриньо 60 млн. еврога тенг йиллик маошдан юз ўгирди. Аммо ҳали кимдир араблар чорловини қабул қилиб, худди Жеррард каби бирдан энг катта маошга эга мураббийлар орасига суқулиб кириши ҳам мумкин.