Родриго Де Пауль – айбсиз айбдор...

Родриго Де Пауль – айбсиз айбдор...

Винисиус Жуниорнинг «Олтин тўп»дан қуруқ қолгани туфайли Аргентина миллий жамоаси ҳамда «Атлетико» клуби ярим ҳимоячиси Родриго де Пауль ҳам маълум даражада захмат чекди

Гап шундаки, бразилиялик вингернинг мухлислари аргентиналик футболчини «ОТ»­нинг янги эгаси Родри билан адаштириб, унинг «Инстаграм»даги шахсий саҳифасига «ҳужум» уюштиришди: «Ўғрилик», «Олтин тўп»ни ўз эгасига қайтар».

Маълум бўлишича, «Олтин тўп» маросимида «Манчестер Сити» ярим ҳимоячиси Родри асосий индивидуал совринга муносиб кўрилгач, Винисиус Жуниорнинг баъзи персонал мухлислари алам ўтида «ёниб», ижтимоий тармоқлар аро испаниялик лауреатни излашга тушишган. Улар шу тариқа «Атлетико» ярим ҳимоячиси Родриго де Пауль юритадиган саҳифага киришган ва ғазабнок ҳолатда турли изоҳлар қолдиришган. Мана, айрим аччиқ муносабатларга эътибор қаратинг: 

- Ўғрилик.

- Бу Винига тегишли.

- Винини нега тунаб кетдинг?

- «Олтин тўп»ни ўз эгасига қайтар.

Энг қизиғи, «Олтин тўп» маросимидан кейин аргентиналик футболчи томонидан қў­йилган илк пост остида қисқа вақтда нақ 6764 изоҳ ёзилган. Уларнинг аксариятида Родри қаттиқ қораланган, совринга аслида Винисиус ҳақли бўлгани баён этилган. Ўз ўрнида айтиш керак, Родри ижтимоий тармоқларда шахсий саҳифа очмаган кам сонли футболчилардан бири ҳисобланади. Акс ҳолда, нима бўларди-я...