Родриго: «Зич тақвим – жону дилим»

Родриго: «Зич тақвим – жону дилим»

Тиғиз вақт, кетма-кет ўйинларни ўз ичига олган зич тақвим - «Реал»нинг бразилиялик ҳужумчиси Родриго Гоэс учун чўт эмас.

Аксинча, у айнан шундай ҳолатда ўзгача яйрайди. Халқаро ўйинлар олдидан Sportsman’s Club нашрига интервью берган Родриго зич тақвим хусусида алоҳида тўхталди, бундан ташқари, «Мад­рид»да олаётган ўйин амалиёти ва бошқа масалалар ҳақида ошкора гапирди.

- Родриго, майдонга тушсангиз, асосан фойдали ҳаракатларингиз билан назарга тушасиз. Лекин шунга қарамай, ҳамон бошланғич таркибдан четда қоляпсиз. Нима учун шундай, бу ҳақда ҳеч ўйлаб кўрганмисиз?

- Табиийки, ҳар доим таркибдан жой олиш ва ўйнашни хоҳлайман. Мураббийга ҳам тез-тез имкон қадар кўпроқ майдонга тушишим зарурлиги юзасидан мурожаат қиламан. Дон Карло Анчелотти эса хотиржамлик билан мени ҳам хотиржам бўлишга чақиради. Мураббийимизга ҳурматим жуда баланд, албатта. Унинг ихтиёрида юқори савияли ва ҳамиша ўйин талабига жавоб берадиган яхши футболчилар тўпланишгани - айни ҳақиқат. Шу маънода мураббийни тушунишга ҳаракат қиламан. Шунинг баробарида майдон тушсам, жамоага етарлича ёрдам бера олишимни яхши биламан ва баъзида шу ишонч тинчимни бузади. Яъни нега майдонда эмаслигим ҳақидаги савол миямда чарх уради, барибир. Нима бўлишидан қатъий назар, тезроқ асосий таркибнинг муқим ўйинчига айланишни истайман. Қайтараман, Анчелотти билан ўзаро муносабатларимиз жуда зўр. Унинг мукаммал мураббий эканлиги ва ҳамиша менга катта ёрдам беришга тайёрлигини ҳам биламан.

- Майдонда имкониятга эга бўлганингизда, сизни асосан «10-рақам» позиция­сида кўряпмиз. Аслида қаерда эркинроқ тўп сурасиз, яъни ўзингиз учун энг мақбул нуқтани айта оласизми?

- Ҳа, бошқа позицияларда ўйнашда ҳам муаммо сезмайман, аксинча, хилма-хиллик табиатимга мос. Агар саволга торроқ жавоб берсам, ҳужумнинг ҳар бир нуқтасида бемалол ҳаракатланишим мумкин. Ҳақиқат шуки, табиатан ҳужумга мойилман. Тўғри, агарда танлаш имкони берилса, салоҳиятимни ярим ҳимоя позицияларида ҳам синаб кўрган бўлардим. Лекин шароит ҳимояда туришимни тақозо этса, анча қийналаман, шубҳасиз.

- Катта футболда мавжуд бугунги зич тақвимга муносабатингиз қандай?

- Бир томондан қийин, албатта, ахир ўйинлар кетма-кет келганида, тикланишга вақт қолмайди деярли. Лекин шахсан мен айнан шундай зич тақвимни қадрлайман. Шундай пайтлар бўладики, жамоанинг ишлари орқага кетади, муҳими, кейинги ўйиннинг яқин орага қўйилгани ишончингизни мустаҳкамлайди. Яъни навбатдаги баҳс билан ўша муаммони ёпиш имкониятига эга бўласиз. Ҳаммаси яхши кетаётганида-чи? Унда юқори суръат ва ритмни сақлаб қолиш учун яна ва яна майдонга тушишни хоҳлайсиз. Демакки, тиғиз тақвим - ажо­йиб мотивация! Буни қадрлаш керак. Ўйлайманки, «Реал» футболчилари тақвимдаги тиғизликни одатий ҳолдек қабул қилишади. Ахир ҳаммамиз шу ўйинлар ичида яшаймиз ва ҳар доим ғалаба йўлида боримизни берамиз.

БЛИЦ

САВОЛ-ЖАВОБЛАР

- Қайси футболчини «Реал» либосида кўришни хоҳлардингиз?

- Неймарни, албатта.

- Келажакда қайси футболчи бош юлдузга айланади?

- Родриго.

- Уйғонишингиз билан қўл урадиган биринчи ишингиз нима?

- Қўл телефонимни текшираман.

- Қандай иримларга амал қиласиз?

- Ирим эмас, лекин майдонга ҳар доим ўнг оёғим билан кираман.

- Қайси видеоиловани кўпроқ ўйнайсиз?

- Энг яхшиси - FIFA.

- Энг унутилмас голингиз...

- «Манчестер Сити» дарвозасига урилгани, тўғрироғи, иккинчиси.

- Кимга қойил қоласиз?

- Биринчи навбатда, отамга.

- Орзунгиз нима?

- ЧЛда яна ғалаба қозониш!

Манба: fondoruso.ru, 

МУҲАММАДХОН тайёрлади