Ислом Исмоилов шогирдлари Хитой Тайпейида ташкиллаштирилган «Е» гуруҳи доирасидаги 3та ўйинда жами 5та гол уриб, ўз дарвозалари дахлсизлигини сақлаб қолишди - 100 фоизлик натижа! Хусусан, 3-турда асосий рақиб - Ироқ термаси ягона гол эвазига доғда қолдирилди. Эслатма, бунга қадар Ўзбекистон ёшлар термаси ҳам U-20 белгиси остидаги Осиё чемпионати саралаши 100 фоизлик натижа қайд этиб, Хитойда бўладиган турнирда ўйнаш ҳуқуқини олганди.
1-тур. 23 октябрь
ЎЗБЕКИСТОН (U-17) - ФАЛАСТИН (U-17) - 3:0 (1:0)
Тайбей (Хитой Тайпейи). «Фу Жен» стадиони.
Бош ҳакам: Муҳаммад Аҳмад ал Мазед (Қатар).
Голлар: Мўмин Баҳодирхонов (11), Нурбек Сарсенбаев (47), Садриддин Ҳасанов (77).
ИРОҚ (U-17) - ХИТОЙ ТАЙПЕЙИ (U-17) - 5:0
2-тур. 25 октябрь
ФАЛАСТИН (U-17) - ИРОҚ (U-17) - 0:4
ХИТОЙ ТАЙПЕЙИ (U-17) - ЎЗБЕКИСТОН (U-17) - 0:1 (0:0)
Тайбей (Хитой Тайпейи). «Фу Жен» стадиони.
Бош ҳакам: Ғуломризо Адиби (Эрон).
Гол: Абубакр Шукруллаев (61).
3-тур. 27 октябрь
ЎЗБЕКИСТОН — ИРОҚ - 1:0 (0:0)
Тайбей (Хитой Тайпейи). «Фу Жен» стадиони.
Бош ҳакам: Нур Ихсануддин (Малайзия).
Гол: Нурбек Сарсенбаев (60).
Ўзбекистон: 12. Неъматуллоҳ Рустамжонов, 4. Мўмин Баҳодирхонов, 5. Амирхон Муродов, 7. Садриддин Ҳасанов, 9. Нурбек Сарсенбаев, 10. Муҳаммад Ҳабибуллаев, 11. Сайфиддин Содиқов, 14. Беҳруз Саидмуродов, 15. Муҳаммадали Мусахонов, 18. Абубакр Шукуруллаев, 19. Азиз Эримбетов.
Захира: 1. Иброҳим Шокиров, 2. Ҳожиакбар Юсуфбоев, 3. Сардор Тўлаганмирзаев,
6. Миразиз Абдукаримов, 8. Оятилло Қайтмасов, 13. Муҳаммадризо Парпиев, 16. Элдор Наимов, 17. Жамшид Рустамов, 20. Сардор Файзуллаев, 21. Баҳодир Избосканов, 22. Абдусамад
Саидов, 23. Амирсаид Камолхонов.
ХИТОЙ ТАЙПЕЙИ (U-17) -
ФАЛАСТИН (U-17) - 0:2
1 ЎЗБЕКИСТОН 3 3 0 0 5-0 9
2 ИРОҚ 3 2 0 1 9-1 6
3 ФАЛАСТИН 3 1 0 2 2-7 3
4 ХИТОЙ ТАЙПЕЙИ 3 0 0 3 0-8 0
Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси бош мураббийи Ислом Исмоилов охирги ўйиндан сўнг ўз таассуротлари билан ўртоқлашди. «Жамоа бош мураббийи сифатида айтишим мумкин, 2,5 йил давомида айнан ушбу босқич учун жиддий тайёргарлик кўрдик. Жумладан, Франция, Венгрия, Беларусь, Хитой каби мамлакатларда йиғинлар ташкил этдик, мезбон жамоаларга қарши ўртоқлик учрашувлари ўтказдик. Шунингдек, ўзимизда, ТЖМ марказида Осиё ва жаҳоннинг бир қатор етакчи жамоалари билан ўйнадик. Мираброр Усмонов хотира кубоги ва CAFA турнирларида иштирок этиб, ғолиб ёки совриндор бўлдик. Энг асосийси, муҳим босқичга муносиб тайёргарлик кўриш учун барча имкониятларга эга бўлдик. Бунинг учун ЎФА раҳбариятига ташаккур билдирмоқчиман. Жамоамиз штаби, шифокорлар, ҳар бир футболчи ва уларни тарбиялаган ота-оналар, мураббийларга ҳам раҳмат. Мана, Осиёда энг кучли жамоалардан бири эканлигимизни яна бир марта исботладик. Насиб этса, кейинги йил Саудия Арабистони мезбонлик қиладиган Осиё кубогида чемпионлик учун курашиб, ЖЧ йўлланмасини олишга ваъда берамиз, - деди Ислом Исмоилов.
Маълумот учун, U-17 тоифасидаги ОК-2025 финал раундида 16та жамоа қатнашади. Якунда кучли 8та жамоа 2025 йили Қатарда бўладиган кичик мундиалга йўл олади.
P. S.: Осиё кубоги саралаши 10та гуруҳда олиб борилди. Қайси жамоалар финал раундига йўл олгани ҳақида газетамизнинг кейинги сонида батафсил маълумот берилади.
«J» гуруҳидан ўрин олган Тожикистон ўсмирлар термаси 1-тур ўйинида Гуам жамоасини 33та жавобсиз гол билан «сийлади». Хусусан, Муҳаммад Назриев 14та гол урган бўлса, Назрулло Ашурализода рақиб дарвозасини 6 марта нишонга олди.