16 дақиқалик фаоллик етарли эмас...

16 дақиқалик фаоллик етарли эмас...

Футзал бўйича давом этаётган 2024 йилги жаҳон чемпионатининг 2-турида Ўзбекистон миллий жамоаси Парагвайга ютқазди.

Жанубий америкаликлар биринчи бўлимда дарвозамизга иккита гол урган бўлишса, иккинчи бўлимда ҳисобни 4:0га етказишди. Шундан сўнг, вакилларимиз ўйинига анча қўшди, лекин кеч бўлганди. Фақатгина 36-дақиқага келиб, Ҳусниддин Нишонов ҳисобни бироз қисқартира олди - 1:4. Шу тариқа, Парагвай 6 очко билан гуруҳдан пешқадам сифатида кейинги босқичга йўлланма олишни нақд қилди. Нидерландия ҳисобида 2 очко бўлса, Ўзбекистон ва Коста-Рикада бир очкодан мавжуд. Хосе Венансио Лопес шогирдлари 3-турда 20 сентябрь куни Коста-Рикага қарши паркетга тушади. Вакилларимизда кейинги босқичга чиқиш учун имконият сақланиб турибди.

ЖЧ-2024 (ФУТЗАЛ). «А» ГУРУҲИ. 2-ТУР

17 сентябрь

ЎЗБЕКИСТОН - ПАРАГВАЙ - 1:4 (0:2)

Тошкент. «Ҳумо Арена». 9081 томошабин.

Бош ҳакам: Рейнир Фисс (Куба).

Голлар: Ҳусниддин Нишонов (36) - Эспиноса (15), Баэс (16), Ф.Мартинес (23), Салас (25).

Ўзбекистон (бошланғич бешлик): Аббос Элмуродов, Илҳом Ҳамроев, Ихтиёр Ропиев, Ҳусниддин Нишонов, Элбек Тўлқинов.

Захира: Суннат Анваров, Фазлиддин Ботиров, Машраб Одилов, Меҳрож Худойбердиев, Музаффар Аҳаджонов, Анасхон Раҳматов, Акбар Усмонов, Аброр Ахметзянов, 

Самариддин Беркинов. 

Парагвай (бошланғич бешлик): Гонсалес, Салас, Ф.Мартинес, Мендес, Баэс.

Захира: Инсфран, Рамирес, Рохас, Мареко, Суарес, Паскоттини, У.Мартинес, Амарилла, Эспиноса.

----------------------------------------------------------

КОСТА-РИКА - НИДЕРЛАНДИЯ - 2:2 (1:2)

Тошкент. «Ҳумо Арена». 1481 томошабин.

Бош ҳакам: Лаутаро Ромеро (Аргентина).

Голлар: Ceйaр (6-авт.), Леон (31) - 

Бузамбу (18), Уаддух (20).

1 ПАРАГВАЙ   2     2      0        0       9-3     6

2 НИДЕРЛАНДИЯ 2      0        2       0        5-5     2

3 ЎЗБЕКИСТОН    2      0        1       1        4-7     1

4 КОСТА-РИКА       2      0        1       1        4-7     1

3-ТУР. 20 сентябрь (жума)

20:00 КОСТА-РИКА - ЎЗБЕКИСТОН

20:00 НИДЕРЛАНДИЯ - ПАРАГВАЙ

Ўйиндан кейинги фикрлар:

Хосе Венансио Лопес (Ўзбекитон терма жамоаси бош мураббийи): - Фақат 15 дақиқа яхши ўйнадик, аммо рақибнинг биринчи голидан кейин ўйин назоратини қўлдан чиқардик. Бундай баҳсларда ўйин назорати қўлдан чиқарилса, баҳсга қайтиш жуда қийин бўлади. Айнан шу сабабли бугунги баҳсда мағлубиятга учрадик. Энди Коста-Рика билан баҳсда бизни фақат ғалаба қониқтиради. Гарчи дуранг натижа ҳам назарий жиҳатдан бизни кейинги босқичга олиб чиқиши мумкин бўлса-да, фақат ғалаба ҳақида ўйлашимиз лозим.

Илҳом Ҳамроев (Ўзбекитон терма жамоаси аъзоси): - Ҳимояда кўп хатоларга йўл қўйдик. Ўйин давомида концентрацияни йўқотиб қўйдик. «Ҳумо Арена»га келган мухлислардан узр сўраймиз. Ҳозирдан Коста-Рикага қарши учрашувга тайёргарлик кўришни бошлаймиз. Бу ўйинда 200 фоиз кучимизни ишлатишга ҳаракат қиламиз. Гуруҳдан чиқиш учун учинчи ўйинда уч очко олишга бор кучимиз билан интиламиз.