45 йилда илк марта бирор Мальдинисиз...

45 йилда илк марта бирор Мальдинисиз...

Янги мавсумда «Милан» тизимида афсонавий Мальдинилар сулоласининг бирор вакилини кўрмасак керак

Шу билан клуб ҳаётида нақ 45 йил давом этган анъана хотима топди. Қай­ғули. Айниқса, Мальдинилар сулоласи вакилларининг ўйинларидан сеҳрланган «Милан» мухлислари учун жуда қайғули.

Шу ёз бошида Паоло Мальдини «Милан» техник директори лавозимидан истеъфога чиқарилди, 10 июль куни эса унинг ўғли Даниэль «Эмполи»га юборилди - ижара сафари. Хуллас, жамоада 1978 йили бошланган Мальдинилар сулоласи юриши узилди. Оддий айтганда, «Милан» охирги 45 йил бадалига мавсумни илк марта Мальдинилар оиласининг бирор вакилисиз бошлайди.

Алоҳида факт: «Милан»нинг 123 йиллик тарихининг деярли ярмида Мальдинилар сулоласи имзоси бор. Аниқроқ айтганда, бу оила вакилларининг клубдаги фаолияти давомийлиги жами 60 йилни ташкил этади. 2021 йилнинг январида Мальдинилар оиласининг «Милан» либосидаги ўйинлари сони 1000тага етганди. Сулола юриши афсонавий Чезаре Мальдини билан бошланган. 1954 йили футболчи сифатида «Милан» либосини кийган катта Мальдини кейинчалик клуб мураббийи ва техник директори ролида ишлади. Мальдинилар сулоласи натижасида энг катта улаш афсонавий сардор Паоло ҳисобига тўғри келади, албатта. 10 ёшида клуб тизимига кирган ўртанча Мальдини «Сан Сиро»да ёрқин из қолдирди. Дейлик, Паоло футболчилик фаолияти давомида Европа Чемпионлар кубоги турнирининг ўзида 5 марта ғолиб чиқди. У кейинчалик жамоа раҳбарияти вакили сифатида ҳам скудетто соҳибига айланди. 

Паолонинг футболчилик фао­лияти якунлаганидан сўнг сулоланинг «Милан»даги юриши давомийлигини унинг ўғиллари узайтиришди. Аввалига отаси ва бобосидан ўрнак олган Кристиан марказий ҳимоя­чи ролини танлади, бироқ унга асосий жамоа сафида майдонга тушиш насиб этгани йўқ. Ваҳоланки, Кристиан Примавера жамоасида сардор мақомига кўтарилганди. 27 ёшли футболчи аввалги мавсумни «C» серияда, «Лекко» сафида ўтказди, тўғри, атиги 3та ўйин­да қатнашди. Жамоа мавсум якунида юқори дивизионга кўтарилди, аммо 1 июль куни Кристианга жавоб берилди. Паолонинг кенжа ўғли Даниэлнинг фаолияти нисбатан қизиқроқ тус олмоқда ҳозирча. У ярим ҳимоячи сифатида ўйнашни хоҳлади ва ҳаттоки, скудетто соҳибига ҳам айланди. Даниэль аввалги мавсум «Специя»да ижара муддатини ўтади - 20та ўйинда 3та гол. Мана, «Милан» раҳбарияти 21 ёшли ярим ҳимоячига яна эҳтиёж сезмади ва уни иқтидорларни янги савияга олиб чиқишни яхши биладиган «Эмполи»га берди - яна ижара сафари. Демак, Даниэлда ҳали жонажон клубига қайтиш имконияти бор. Чунончи, унинг шартномаси 1 йилга мўлжалланган. Тўғри, «Эмполи» мавсум якунига қадар кичик Мальдини трансферини тўлиқ сотиб олиши мумкин, «Милан»да эса уни қайта олиш ҳуқуқи бор.

МАЛЬДИНИЛАР СУЛОЛАСИ «МИЛАН»ДА

Чезаре Мальдини

Футболчи - 1954-1966 йиллар

Мураббий - 1971-1974 йиллар

Техник директор/мураббий - 1998-2003 йиллар

Паоло Мальдини

Футболчи - 1978-2009 йиллар

Техник директор - 2018-2023 йиллар

Кристиан Мальдини

Футболчи - 2004-2013, 2014-2016 йиллар

Даниэль Мальдини

Футболчи - 2010-2022 йиллар