Ҳакамликда қатъият – тараққиёт гарови

Ҳакамликда қатъият – тараққиёт гарови

Муҳтарам мухлис! Футбол қоидаларига қатъий амал қилиш ҳар қандай учрашувда адолатни таъминлаши билан боғлиқ хулосаларни кўп эшитгансиз.

 Ҳақиқатан ҳам, ўйин қоидалари ҳар жиҳатдан мукаммал ишлаб чиқилган. Ҳамма шу қоидалар асосида ўйнайди. Номутаносибликни қарангки, мукаммал қоидалар бўла туриб, футболдаги адолатсизликлар ҳақида кўп ёзилади. Aгар адолатсизлик бўлмаса, икки жамоа вакиллари ўзаро ёқалашиб ўтирмайдилар. Кўриб-билиб турибмизки, футболчилар қоидаларни яхши тушунишгани ҳолда қизил карточка олиб майдондан четлатилишади, жаримага тортилишади, жазоланишади. Хуллас, ёзилган қоидалар ўз-ўзидан адолатни таъминлай олмайди. Шунинг учун ҳам ҳакамликдаги қатъият ҳақида мулоҳаза юритмоқдамиз, буни тараққиёт омили сифатида баҳоламоқдамиз.

Футбол қоидалари мукаммал бўлса ҳам, унинг ижросини таъминлаш - ҳакам зиммасида. Ўйин қоидаларига қатъий амал қиладиган ва зарур паллада муҳим қарорлар чиқаришда иккиланмайдиган ҳакамларгина адолатни таъминлашга қодирлар. Сир эмас, Суперлиганинг ортда қолган 7та турида қизил карточка кўрсатиш ва пенальти белгилаш ҳолатлари аввалги мавсумларга нисбатан кўпроқ кузатилди. Aлбатта, бу ҳар бир ўйинда VAR тизими ишлатилаётганига боғлиқ. Ҳар бир хатти-ҳаракат диққат билан кузатилаётганини ҳис қилаётган ҳакамлар эндиликда майдондаги мавжуд воқеликни адолатли бошқаришга интилишмоқда. Бошқача айтганда, VAR ҳар бир ҳакамни виждонан ишлашга ўргатмоқда, керак бўлса, мажбурламоқда. VAR тизимидан ҳам устун бўлишни кўзлаган ҳакамлар эса жиддий жазога тортилмоқдалар. Бу каби салбий ҳолатлар маълум бир ҳакам фаолиятида кетма-кет кузатилса, табиийки, у футбол жамоатчилиги олдида ўзини ноқулай сезади, қўлига қайта ҳуштак олишга уялади. Қисқаси, ПФЛ томонидан Суперлиганинг барча учрашувларида VAR тизимининг қўлланишига эришилгани футболимизда чинакам инқилобий ҳодиса бўлди. Ҳатто, VARни тан олмаган, тизимни менсимаганларнинг ўзлари аста-секин футболдан узоқлашиб, четга чиқиб қолишмоқда. Техника инсонни ўз измига бўйсундиргани - шу.

Турли келишувлар туфайли мўмай даромад орттирадиган ёки кимларнингдир буйруқларини ижро этиш учун адолатсиз қарорлар чиқаришдан қўрқмайдиган ҳакамлар VAR тизими қаршисида ўзларини роса ҳар томонга уришди, лекин охир-оқибат, у билан муроса йўлига ўтишди. Тўғри, рефериларнинг VAR аралашуви билан тез-тез қизил карточка кўрсатишаётгани, пенальти белгилашаётгани жамоатчиликда ғалати таассурот уй­ғотмоқда. Кўникилмаган ҳолатлар мухлислар ўртасида ўзаро тортишувларни келтириб чиқариши табиий. Бироқ қизил карточкалар ва пенальтиларнинг кўпайиб кетаётганидан асло хавотирланмаслик лозим. VAR тизимига қарамай, айрим ҳакамлар ҳозиргача адолатсиз қарорлар чиқаришдан ва бир қатор ўйинлар натижасига таъсир кўрсатишдан ўзларини тийиб туришолмади. Лекин тизимни менсимаслик уларга қимматга тушди. Жазо чораларининг қатъият билан белгиланиши ва футбол жамоатчилигининг норози муносабати ахийри уларга таъсир ўтказди, барибир. Шу тариқа ҳакамликда шаффофлик даври бошланди. VAR тизими омон бўлса, унга қарши турадиганлар омонсиз жазоланаверишса, ҳакамларда адолат йўлини тутишдан ўзга чора қолмайди. Кўриниб турибдики, VAR тизими қатъият билан курашлардан сўнг ҳакамлар ишини бир қадар йўлга солди. Бироқ футболчилар муносабати ҳақида ҳозирча бундай хулоса чиқаришга эрта. Улар VAR тизимига ҳалигача том маънода кўникишолмаяпти. Қизил карточкалар ва пенальтиларни кўпайиб кетиши сабаби ҳам шу. Майли, кўпая­версин. Кетма-кет четлаштирилса, қўпол ўйнашга одатланган ҳар қандай футболчи ҳам охир-оқибат, ўзини ўнглайди, ҳушёр тортади, рақибига ноўрин ташланмайди. Бундан футбол ютади, мухлислар яйрайди, албатта. 

Мисол учун, Суперлига 7-туридан ўрин олган «Турон» - «Навбаҳор» ўйинида Жамшид Болтабоевнинг қизил карточка билан жазолангани ҳеч бир мантиққа сиғмайди. Жамоаси ишончли тарзда ғалаба қозонаётган бир паллада футболчининг эҳтиётсизликка йўл қўйиши ўзини оқламайди. Кимдир бу ҳолни мардоналик, ўйин жараёнидаги қизғинлик натижаси сифатида баҳолаши мумкин. Рақиб босими кучайган чоғда футболчида шу каби руҳий жараён юз бериши табиий. Ҳамма гап шу босимни оқилона енгишда, қизил карточкага тортадиган ҳаракатлардан тийилишда. Бу ўринда гап фақат Жамшид Болтабоевда ҳам эмас, юқорида таъкидланганидек, футболчилар VAR тизими қаршисида тўп суришга ҳали кўникишолмаяпти ва оддий ҳолатларда қўполликка йўл қўйиб, «қизил»га лойиқ кўрилишяпти. Aсосий таркиб футболчисининг қизил карточкага лойиқ ҳаракат содир этиши бош мураббий қарашларини ўзгартириб юборади. Зеро, ҳар қайси жамоа ва бош мураббий қизил карточка ортидан оғир аҳволга тушиб қолишни истамайди. Жумладан, Рўзиқул Бердиевсиз «Насаф», Даврон Эргашевсиз «Бунёдкор», Жамшид Болтабоевсиз «Навбаҳор» ҳам. Самвел Бабаян асосий таркиб футболчиси сифатида Болтабоевга суяниб қолганини назарда тутсак, қизил карточка - «Навбаҳор» учун жиддий синов. Боз устига, бош мураббий майдондаги футболчилар ўрнига ишонч билан захирадагиларни туширолмаяпти. У алмаштиришлар вақти иккилан­япти. Балки Бабаяндаги шундай иккиланишлар боис, «Нав­баҳор» фақат турнир жадвалининг қуйи олтилигидаги жамоалар устидангина ғалаба қозонаётгандир. «Лочинлар» ҳозиргача «Металлург», «Aндижон», «Сўғдиёна», «Қизилқум» ва «Турон»ни енгишди. Навбат қуйи олтиликнинг яна бир вакили - «Бухоро»га. Aгар бу рақиб ҳам мағлубиятга учратилса, шу билан «Навбаҳор» учун қулай рақиблар сафи охирлайди ва жамоа жиддий синовлар даврига қадам босади. Жамоа жиддий рақиб ҳисобланмиш «Пахтакор» ва ОКМК синовидан ўтолмади. Олдинда «лочин-лар»ни «Насаф», «Сурхон» ва «Бунёдкор»га қарши муросасиз кечадиган учрашувлар кутиб турибди. Самвел Бабаян бу баҳсларда захира кучидан унумли фойдаланмаса, қийин аҳволга тушиб қолиши ҳеч гап эмас.

Ҳар қандай футбол муҳитида тозалаш ва улғайиш жараёни осон кечмайди. Мураккабликлар аро нималардир бой берилиши футбол ҳаётининг бир қисми ҳисобланади. Равшан Ҳайдаров шогирдларининг ўртоқлик учрашувида бразилиялик тенгдошларидан йирик ҳисобда мағлубиятга учрашганига ҳам тараққиёт йўлида бирдан тўхташ ва нафас ростлаш сифатида қаралмоғи даркор. Ниҳоят, вакилларимиз майдонда Бразилия футболи билан юзма-юз бўлишди ва ҳатто бир бўлим мобайнида устун чиқишди. Демак, биринчи бўлим биз учун ишонч, иккинчиси эса сабоқ рамзидир. Ишонч билан айтиш мумкинки, ёшлар эмас, балки ўзбек футболи бир бўлим давомида бразилиялик афсунгарларга муносиб қаршилик кўрсатди. «Барселона» - «Aтлетико» учрашувини шарҳлар экан, Даврон Файзиев 19 ёшни қаршилаётган Гавини катта йигит бўлиб қолганига алоҳида эътибор қаратди. Испанияда машғулот ўтказаётган ёшларимиз ҳам Гавининг тенгдошларидир. Ўйлаймизки, йирик ҳисобли мағлубият Aббос Файзуллаев ва унинг шерикларини эсанкиратиб қўймайди! Aхир Гави ҳам гоҳ-гоҳ шундай ҳисобда ютқазади ва яна зафар йўлида курашаверади. Равшан Ҳайдаров шогирдларига ҳам шундай сабот ва зафар тилаймиз!

Муҳаммад ВАЛИ