Алехандро Гарначо: «Битта кубок билан тўхтаб қолмоқчи эмасман»

Алехандро Гарначо: «Битта кубок билан тўхтаб қолмоқчи эмасман»

Аргентиналик ёш ҳужумчи Алехандро Гарначо яқинда «МЮ» билан янги шартнома тузди.

Манчестер клуби академиясининг 18 ёшли тарбияланувчиси жорий мавсум Эрик тен Хаг бошқарувида жиддий ўсишга эришди. Бунинг мукофоти - 2028 йилгача «қизил иблислар» сафида қолиш ҳуқуқини берувчи янги битим. Эътиборлиси, Аргентина футболи умидларидан бири клуб таклиф қилган келишув остига имзо чеккач, илк марта инглиз тилида интервью берди.

- Табриклаймиз, мана, шонли келажак учун катта қадам ташладингиз. Ҳиссиётлар қандай?

- Раҳмат, ҳозир фахр ва ғурур туйғусидан сармастман. Чиндан ҳам, нафақат ўзим, балки оилам учун ажо­йиб кун. Айни шу лаҳзалар учун қаттиқ ишлаганимни айтишим жоиз. Аввало, ўзимни кўрсатишга имконият берган бош мураббийга миннатдорчилик билдиришим керак. Албатта, яқинларим ва академияда таҳсил берган барча мураббийлар, қисқаси, шу кунга қадар менга ёрдам қўлини чўзган барча инсонларга таъзим қиламан. Табиийки, уларнинг кўмаклари ва қўллаб-қувватлашларисиз ушбу шартномага эришолмасдим.

- Мавсум сиз учун кутилганидан ҳам яхши ўтмоқда, шундайми?

- Ҳа, ҳаммаси зўр: биринчи голни урдим, жамоа билан илк кубокни ютдим. Дарҳақиқат, ўзгача мавсум, лекин бу бошланиши, холос. Шундай ишлашда давом этишим керак, зеро, олдинда марралар жуда кўп.

- 18 ёшда Англия Лига кубогидек нуфузли турнирда ғалаба нашидасини сурдингиз...

- Очиғи, бу ёшда «МЮ» билан соврин ютиш, ютуққа жамоанинг бир қисми сифатида ҳисса қўшишни тасаввур ҳам қилмагандим. Албатта, Лига кубогидаги муваффақият мени маррани янада баландроқ олишга ундайди. Ҳозир амбицияларга тўламан ва биргина шу кубок билан тўхтаб қолиш ниятим йўқ. Олдинда бизни яна бир финал кутмоқда, табиийки, мамлакат кубоги учун ҳам бор кучимиз билан курашамиз. Тушунарлики, бош мақсад - ЧЛ йўлланмасини қўлга киритиш. Кучли иштиёқ ва ғалабаларга чанқоқлик таъсирида айни пайт ўзимда қўшимча куч-ғайратни ҳис қиляпман.

- Майдонда ўта фаолсиз, тиним билмайсиз. Мухлислар тиришқоқлигингизни муносиб қадрлаб, ҳаттоки, исмингизни куйлай бошлашди. Уларга айтар сўзларингиз...

- Аввало, «МЮ»нинг барча мухлисларига бундай ажойиб қўллаб-қувватлов учун раҳмат. Уларнинг исмимни қўшиққа солишгани мен учун кўп нарсани англатади. Бунга жавобан ҳар куни жамоа учун боримни бериш асносида мухлисларга қувонч улашишни хоҳлайман.

- Курашга чанқоқ Гарначо қачон майдонга қайтади?

- Сафга имкони борича тезроқ қўшилишни истайман. «Олд Траффорд»да ўйнаш, мухлисларнинг қўшиқларида ўз исмингизни эшитиш нақадар ёқимли, бундан ғурур туяман. Айни пайт алоҳида шуғулланяпман, қачон жамоага ёрдам берадиган ҳолатга келишимни эса вақт кўрсатади. 

МУҲАММАДХОН тайёрлади

Пўлатов Мухаммадхон

Involved in this affair, He trusts to you how the Dodo solemnly, rising to its feet, 'I move that.