Биз ана шу узоқ давом этган суҳбатнинг энг қизиқарли жойларини эътиборингизга ҳавола этмоқликни ният қилдик.
— Жаҳон чемпионати ноябрь-декабрь ойларида 30 даража иссиқда ўтказилади. Мен барибир салқинроқ бўлади, деб ўйлагандим ёки хато фикрлаганманми?
— Бу биз учун ҳам сюрприз. Аммо, 8та стадионнинг 7тасида майдонда ҳам, трибуналарда ҳам кондиционерлаш тизими мавжуд. Фақатгина «974» стадионида йўқ. Шу сабаб у ўйинларни 21:00 (Тошкент вақти)дан эрта қабул қилмайди. Бундан ташқари, у денгизга ҳам яқин — ундан атиги 50 метр узоқликда. Биз июнда «Аҳмад бин Али» стадионида кетма-кет икки кун ўйинлар ўтказдик. Аниқроғи қитъалараро плей-офф ўйинлари — Перу — Австралия ва Коста-Рика — Янги Зеландия баҳсларини. У ердаги одамлар шунчаки музлаб қолишди! Қатарда июнь ойида! Бунга сабаб кондиционерлар тўлиқ куч билан ишлади.
— «974» стадиони кондиционерлаш тизими билан жиҳозланмаганига қарамай, сизга ёқаркан. Нима учун?
— Дунёдаги барча замонавий стадионлар — деярли бир хил. Фасад ва ўриндиқлар ранги турли хил бўлиши мумкин. «974» худди шунча миқдордаги юк контейнерларидан қурилгани билан оригиналдир. Гарчи ҳозирча расмий маълумот бўлмасада, уни турнирдан сўнг бўлакларга бўлишади. У техник жиҳатдан қолиши мумкин эмас, сабаби аренани узоқ вақт сақлаб тура оладиган фундамент йўқ. 2024 йилнинг январида ўтказиладиган Осиё Кубогигача қолиш ёки қолмаслиги маълум эмас. Яна қаеридадир ва қачондир шундай стадион қурилади, деб ўйламайман. Ташқаридан барчаси одатдагидек, аммо ичида ва трибуна ости жойларида... ҳар бир контейнернинг ўз ранги ва вазифаси бор. Кабинетлар бир хил рангда, ҳожатхоналар яна бошқача ва ҳоказо.
— Нега «974» деб номланган?
— Бу Қатарнинг телефон коди. Стадион қурилган контейнерлар сони мамлакат коди билан мос келади. Бундай лойиҳа ақлга сиғмайди.
— Оригиналлик бўйича яна қайси ареналарни ажратиб кўрсата оласиз?
— Кўпида ўзига хос хусусиятлари бор. Масалан, «Ал-Тумама» стадиони араб қалпоқчаси шаклида қурилган, арена ичида эса миллий бош кийимлари тўпланган кичик музей бор. «Ал-Байт» стадиони эса — бу арабча чодир. Сўзнинг ўзи «уй» деган маънони билдиради ва ҳатто ичида ҳам гиламларга тақлид қилинган. «Лусайл» — бу қайиқ. Оригиналлик бўйича учликка «974», «Ал-Байт» ва «Ал-Тумама»ни қўйган бўлардим.
— Мухлисларнинг Hayya карталари Россиядаги Fan ID билан таққосланади. Тўғрими?
— Ғоя Россиядан келган, бу ерда яширадиган нарса йўқ. ЖЧ-2022 ташкилий қўмитаси раҳбарияти у ерда қандай ишлашини кўришган ва ғоя ёққан. У ўтган йили Конфедерациялар кубогининг яхшиланган аналоги бўлган Араб кубоги билан амалга ошира бошланди. Ўшанда мукаммал эмасди, аммо жаҳон чемпионатигача қайта ишланди. Россияга Fan ID-сиз бориш мумкин эди. Бу ерда эса 1 ноябрдан бошлаб мамлакатга Hayya картасисиз кириш деярли имконсиз. Масалан, Россия фуқаролари одатий вақтларда Қатарга визасиз кириш ҳуқуқига эгалар. Аммо, ҳозир эмас. 20 октябрь куни «Hayya»сиз келганлар 1 ноябрь куни Ички ишлар вазирлигининг энг яқин бўлимида қайтадан рўйхатдан ўтиши ёки Қатарни тарк этиши керак. Бундай қаттиқ функционаллик мамлакат ҳажми билан боғлиқ. Россияда буни қўллаш мумкин эмасди. Шундай қилиб, кичик давлат одамлар оқимини назорат қилишга ҳаракат қилмоқда. Агар аниқ кириш билан боғлиқ назорат бўлмаса, чемпионатдаги барча меҳмонларни меҳмонхоналарга жойлаш қийин бўларди. Яъни, ЖЧ-2022даги Hayya вазифалари 2018 йилдаги Fan ID-дан кенгроқ.
— Қатарда пул билан муаммо йўқ. Маошингиз — олдингидагидан кўра осмон билан ерча фарқ қилса керак?
— Йўқ. Минтақа учун одатий, ақлбоварқилмас ҳеч нарса йўқ. Амирликларда тўрт йил ишладим, бундан олдин Малайзияда бўлганман, бу ерда эса беш йил — маошлар ақлни оздирадиган даражада юқори эмас. Ҳа, яхши, нолисам гуноҳ бўлади. Аммо, бизни пулга кўмиб ташлашмаган. Камбағал чет эллик ишчиларга тўхталсак... Агар бизнинг нуқтаи назаримиз билан қарасак — ҳа, улар кам олади. Одамлар ўзлари тайёр бўлган жойларида ишлайдилар. Ҳеч ким уларни мажбурламайди. Агар менга шу пул эвазига ўша ишни таклиф қилишса, рад қилардим. Улар эса рози бўлишмоқда. Бу савол Ҳиндистон, Бангладеш ҳукуматларига — нега уларнинг фуқаролари бундай шартларга тайёрлар. Нега бу ҳукуматларга бундай саволлар берилмайди? The Guardian нашрининг эндигина тўғри талқин қилина бошлаган мақоласи бор. Ҳақиқий мақолада стадионлардаги қурилишларда олти ярим минг киши ўлгани айтилмаган. Гап сўнгги ўн йил ичида бешта мамлакатдан келган инсонларнинг ўлими ҳақида бўлган. Демографияга қайтамиз — Қатарда 2 миллион 700 минг аҳоли яшайди ва уларнинг 90 фоизи — мигрантлар! Шу билан бирга, нашрда тилга олинган беш мамлакатдан Қатарга келган инсонларнинг умумий сони 1 миллион 800 минг. Бу мамлакат аҳолисининг ярмидан ҳам кўп! Агар йилларга бўлсак — ҳар йили 650 нафар инсон ўлган бўлади. Яъни, ушбу мамлакатлардан келган мигрантларнинг 0,03 фоизи. Ҳа, бу ўша оилалар учун оғир ва биз фақатгина уларга ҳамдардлик билдирамиз. Аммо, инсонлар ўлади. Рақамлар эса муаммо кўламини бўрттириб кўрсатади. Инсонлар кўплаб нарсаларни тўлиқ ўрганишни хоҳлашмайди. Бу ерга беш йил олдин келганимда, барча чет элликларга таалуқли битта қонун бор эди. Агар иш берувчи рухсат бермаса, у Қатардан чиқиб кета олмайди. Таътил учун аризада ёзишим керак эди — мамлакатдан чиқиш билан ёки мамлакатдан чиқмасдан. Агар биринчиси бўлса рухсат беришни сўраш, учиб кетиш ва учиб келишни кўрсатиш керак. Европаликларнинг нуқтаи назари бўйича, бу инсон ҳукуқлари бузилиши. Бугунги кунда ушбу қонун бекор қилинган. Аммо, бу қаердан келиб чиққанини тушуниш керак. 2008 йилда бу ерда жиддий молиявий инқироз бўлган. Барчаси ишдан чиққан — Амирликларда ҳам, бу ерда ҳам. Бошқа давлатдан келган инсонлар ишсиз қолишди, шунчаки барчасини, жумладан қарзлар, банклардаги кредитларни ташлаб кетишди. Бу ҳам инқирозни кучайтирди. Қатар ҳукумати бундай қонунни жорий этган ҳолда, ўз компаниялари ва банкларини ҳимоя қилишга уринди. Чет эллик ишсизларнинг ҳуқуқларини поймол қилиш ҳақида сўз ҳам бормаганди. Такрорлайман, бу қонунни ҳам бир неча йиллар олдин бекор қилишди.
— Қатарда хавфсизлик масаласи бўйича қизиқарли нима бор?
— Қатар дунёдаги энг хавфсиз мамлакатлардан бири. Оддийгина мисол келтираман. Кеча машинамнинг ойнасини кўтаришни унутибман. Ҳамёним бир неча соат барчанинг кўз ўнгида қолиб кетган. Аммо, табиийки, ҳеч нарса бўлмади. Мен ватаним Ўзбекистон, Малайзия ва бошқа давлатларда яшаганман ва кўпида бундай нарса имконсиз. Аммо, бу ерда кимнингдир ёвузлиги билан ҳеч нарса йўқолмайди. Деярли ҳатто кичик ўғриликлар ҳам йўқ, жиддий жиноятлар ҳақида гапирмаса ҳам бўлади.
— Қонун бўйича ўғрилик учун қўлларни кесишмайдими?
— Тўғрисини айтсам, билмайман. Ҳар ҳолда, анчадан бери бундай нарса рўй бермаган. Саудия Арабистонида жазолар бўлганини эшитдим, одамлар тошлар отишган, бу яқинда бўлди. Аммо, Қатарда эмас. Кийимлар бўйича ҳам қатъий қонунлар йўқ.
— Ламнинг интервьюсида сизни нимадир ўзига жалб қилдими?
— Бу мисоллардан бири. Қатар ҳақида ёмон гапираётганларнинг барчаси ёлғон гапиряпти дея олмайман. Аммо, одамлар жуда ҳам кўп билмаганларини гапиришади. Масалан, менга кийинган «мухлислар»га суткасига 10 доллар берган ҳолда текин чипталар берилаётганини, турар жой ва овқати бепуллигини айтишса... Бу сафсата. Мен ташкилий қўмитада ишлайман — ва шунга қарамай, сотиб олган чипталаримга бир тийин ҳам чегирма олмаганман! Бизда текин билетлар йўқ — ходимлар учун! Ўзиникига бериши мумкин бўлса, нега покистонлик ишчига беришади, аммо қилишмайди?! Ҳамма айтади — масалан, бу бразилиялик мухлислар эмас. Демак, Қатар ва кўплаб мамлакатлардаги фарқ шу. Яна айтаман: маҳаллий аҳоли — 10-11 фоиз, қолгани — чет элликлар. Агар ташкилий қўмитада ишламаганимда, ҳозир Англия терма жамоаси либосини кийиб, ўйинга борган бўлардим. Шу билан бирга, албатта инглиз жентлменига ўхшамайман. Аммо, бу «уч шерлар» либосини кийишимга тўсқинлик қилмайди. Баъзида шундай нарсаларни ўқиганингизда ва эшитганингизда, шунчаки ҳайратда қоласиз.
— Саудия Арабистонидан ташқари қаердан энг кўп чет эллик мухлислар келди?
— Ҳозирча бундай статистика йўқ, аммо 19 ноябрда Қатарга 70 мингдан ортиқ чет эллик келганини биламан. Табиийки, бу давом этмоқда.
— Хави Қатардаги футбол ривожига катта ҳисса қўшдими?
— Оммалаштириш учун — шубҳасиз. Аввалига ўйинчи сифатида, кейин эса мураббий сифатида. Терма жамоага ҳам маслаҳатлари билан ёрдам берди. Хави — умумий тизимнинг қисми. Терма жамоа бош мураббийи бўлмиш испан Феликс Санчес ва у умуман олганда битта жамоа, ҳамфикрлар. Испанча йўл бекорга танланмаган — бу Қатарни кўплаб Осиё мамлакатларидан ажратиб туради. Бу ерда кетаётган йўналишларини билишади ва шунчаки тайинлаш учун мураббийни тайинлашмайди. Худди Ўзбекистонда ўзлариники билан ўхшамагандан кейин «Келинг, чет элликка» дейишади. — «Кимга?» — «Эктор Купер бўш!» Куперни олишади ва унинг ҳимоявий футболини жамоа умуман қабул қилмайди, ўзбеклар бундай ўйнашга кўникишмаган ва хоҳлашмайди. У ҳам улардан тўғри талаб қила олмайди. У ерда эса бошқача қилиш мумкин эмас. Купер ҳам ишдан бўшатилади. Сабаби ҳеч қандай тизим йўқ. Федерациянинг техник директори эса испан Иван Браво. Агар Феликс четлатилса, ҳудди шунақа мураббий тайинланади. Йўналиш танланган. Умуман, Қатарнинг устунликларидан бири — йўналтирилган танлов. Натижа билан муваффақиятли бўладими ёки йўқ.
— Зепп Блаттернинг Қатар 2022 йилги ЖЧга қандай эришгани ҳақидаги очиқ интервьюлари ҳақида нима дея оласиз?
— Гапим битта: бу ҳақда ким гапирса гапирсин, фақат Блаттер эмас!..
Манба: sport-express.ru