Ҳаммаси ўхшаса, шундай бўлади...

Ҳаммаси ўхшаса, шундай бўлади...

КОНКАКАФ «Олтин кубоги»-2023 «В» гуруҳи 3-туридан олдин меҳмон жамоа - Қатар термасида «плей-офф»га чиқиш имконияти жуда паст эди.

Бинобарин, Осиё вакилидан турнир фаворити Мексика термасини енгиш талаб этиларди. Шунда ҳам Гондурас - Гаити баҳсида «мақбул» натижа (дуранг ёки гондурасликларнинг минимал ҳисобдаги ғалабалари) қайд этилсагина қатарликлар курашни давом эттириш ҳуқуқига эга бўлишарди. Қарангки, ҳаммаси ўхшади ва Қатар термаси квартетда 2-ўринни эгаллади.

Мексика - Қатар - 0:1. Ҳисобга қарасак, муддатидан олдин «плей-офф» масаласини ҳал қилган Мексика термаси атайин ён берганини тахмин қилиш мумкин. Лекин бундай эмас. «Ацтеклар» бутун ўйин давомида майдонда тўлиқ ҳукмронлик қилишди. Зарбалар бўйича 25:1, аниқ зарбалар бўйича 6:1 - ушбу статистика ҳам майдондаги ҳолатни тўлиқ тавсифлолмайди. Дейлик, Сантьяго Хименеснинг бир ўзи камида 4 марта зарба йўлига чиқди, аммо тўпга етолмади. Қатарликлар эса мутлақо йўқ жойдан гол уришди. Бу вақтда параллель ўйинда Гаити термаси 1:0 ҳисобида олдинда бораётган ва қатарликларнинг кейинги раундга ўтишлари ҳақида ўйлаш ҳам қийин эди.

Факт шуки, Қатар термаси якунда ижобий натижани сақлаб қолди, нариги ўйинда эса гондурасликлар иродали ғалабани тантана қилишди. Шу тариқа турнир меҳмони сеҳрли тарзда гуруҳдан чиқишди. Ўзи футболда бир ўхшаса, шундай бўлади...