Аморим - 6-қимматбаҳо мураббий!

Аморим - 6-қимматбаҳо мураббий!

Португалиялик Рубен Аморим 11 ноябрь куни «МЮ»ни илк марта бош мураббий сифатида майдонга бошлаб тушди

 Айтиш керак, «қизил иблислар» хўжайини Жим Рэтклифф ёш мутахассисни «Олд Траффорд»да кўриш учун унинг собиқ клуби - «Спортинг»га катта товон пули тўлади - нақ 11 миллион евро. Шу тариқа Аморим мураббийлар трансфер рейтингида бирдан топ-7га кўтарилди.

7-ўрин - Брендан РОЖЕРС. Шотландиялик мутахассис 2019 йилнинг февралида «Селтик»дан «Лестер»га йўл олди. «Тулкилар» бунинг учун 10,4 млн. евро тўлашди. 

6-ўрин - Рубен АМОРИМ. Эрик тен Хагдан қутулган «МЮ» раҳбарияти португалиялик истиқболли мураббийни олиш учун «Спортинг»га 11 млн. евро тўлашдан қочгани йўқ.

5-ўрин - Венсан КОМПАНИ. Бельгиялик мураббий жорий йил ёзда «Бавария» бошқарувини қўлга олди. Мюнхен клуби бунда - «Бернли»га 12 млн. евро тўлашга рози бўлди. 

4-ўрин - Андре ВИЛЛАШ-БОАШ. Португалиялик мутахассис 2011 йилнинг июнь ойида «Челси» бош мураббийи лавозимига тайинланди. «Порту» эса бу операция ортидан 15 млн. еврони қуртдек санаб олди.

3-ўрин - Жозе МОУРИНЬО. «Реал» 2010 йилнинг май ойида «Беназир» трансфери учун «Интер»га 16 млн. евро тўлади. Ҳа, футболда мураббийлар ортидан ҳам бинойидек пул ишлаш мумкин.

1-2-ўринлар - Грэм ПОТТЕР. 25 млн. евро. «Челси» раҳбарияти 2023 йилнинг сентябрида «Брайтон»да кўзга ташланган мураббий учун шунча компенсация тўлашдан тийилмади. Унинг «Стэмфорд Бриж»да натижа келтиролмагани эса бошқа масала. 

1-2-ўринлар - Юлиан НАГЕЛЬСМАНН. Яна «Бавария». Мюнхен гранди «РБ Лейпциг»даги иши билан ҳаммани ўзига қаратган ёш мутахассисни ўз томонига оғдиришни шу қадар хоҳладики, 2021 йили унинг учун товон пули сифатида 25 млн. евро санашдан асло тийилмади.